Биринчидан, амалдаги Конституциянинг 128 моддаси 155 тага кўпайиб, унинг нормалари 275 тадан 434 тага оширилди.

Иккинчидан, Конституция янги таҳрирининг 65 фоиз матни халқимиз таклифлари асосида қўшилган ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид нормалар 3,5 баравар кўпайган.

Келиб тушган таклифларнинг ҳар тўрттадан биттаси Асосий қонунимиз янги таҳриридан жой олгани ҳам у халқимиз хоҳиш-иродасини ўзида мужассамлаштирганидан далолатдир.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари кафолатлари мустаҳкамланаётгани алоҳида эътиборлидир.

Жумладан, 50-модда “таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланади”, деган норма билан тўлдирилди. Бу алоҳида таълим олишга муҳтож шахсларнинг инклюзив таълим олишини давлат доимий кафолатлаш мажбуриятини ўз зиммасига олишини англатади.

Мақсад аниқ – аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ҳимоя қилиш, таълим муассасалари шароитларини имконияти чекланган болалар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда яхшилаш орқали ногиронлиги бўлганлар учун таълим ва касбий-техник тайёргарликдан тенг фойдаланиш имконияти ҳамда барча учун хавфсиз, самарали ўқитиш муҳитини яратиш.

Қонун ҳужжатларида жамиятимизнинг бир бўлаги бўлган, алоҳида ёрдамга муҳтож болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга таълим-тарбия бериш, соғлом болалар қаторидан ўрин олиб, ўз қобилияти ва имкониятларини кўрсата олишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилган. Хусусан, 2020 йил 23 сентябрь куни янги таҳрирда қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги қонунга илк бора “инклюзив таълим” тушунчаси киритилди. Ногиронлик эндиликда тиббий масала эмас, балки инсон ҳуқуқлари масаласи, дея қонуний эътироф этилди. Таъкидлаш жоизки, ногиронлиги бўлган болалар учун тўсиқлардан холи ва инклюзив муҳитни яратиш орқали уларнинг тўлиқ ва сифатли таълим олишини таъминлаш бола ҳуқуқларини амалга оширишнинг самарали йўлларидан бири сифатида белгиланди.

Бугунги кунда мамлакатимизда жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган 21 минг 231 бола учун ихтисослаштирилган 90 та мактаб фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, енгил даражадаги ногиронлиги бўлган 18 мингга яқин ўқувчи мактабларда соғлом болалар билан биргаликда таълим олмоқда.

Чин инсонийлик нуқтаи назаридан қараганда, ногиронлиги бўлган болалар ҳам соғлом тенгдошлари каби умумий ўрта таълим олиш ҳуқуқига эга. Уларга зарур шароитлар яратилиши, жумладан, брайль ёзувидаги дарсликлар, сурдотаржимон ўқитувчилар бўлиши шарт. Агар бундай шароитлар яратилмаса, улар ҳуқуқи камситилишига олиб келади.

Давлатлар конституциявий ривожланишини ўрганишга асосланган таҳлилларга таяниб айтиш мумкинки, ўз Конституциясига ногиронлиги бўлганлар тенглиги тўғрисидаги қоидани киритган биринчи мамлакат Канада бўлиб, унда: “Ҳар бир шахс ҳеч қандай камситишсиз, шу жумладан, ирқи, миллати, дини, жинси, ёши, ақлий ёки жисмоний нуқсонларидан қатъи назар, қонун олдида тенгдир”, дейилган.

Германиянинг Асосий қонунида ҳам худди шу мазмундаги норма мустаҳкамлаб қўйилган: “Ҳеч бир инсон ногиронлиги сабабли камситилиши мумкин эмас”. Қонунга кўра, ҳар бир фуқаро “реабилитация қилиниш ва одатий ҳаёт тарзига интеграциялашиш ҳуқуқига эга”, мамлакатнинг Конституцияси қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятининг нафақат федерал даражадаги, балки барча маҳаллий федерал ерлар ҳамда жамоалар доирасидаги қуйи даражалари, шунингдек, турли жамоат идоралари ва муассасалари зиммасига барча тоифадаги ногиронлиги бўлганларни “имкон қадар одатий ҳаёт тарзига киритиш, интеграциялаш” бўйича барча чораларни кўриш масъулиятини юклайди.

Ногиронлиги бўлганларнинг ҳуқуқлари Венгрия Конституциясида ҳам ўз аксини топган. “Венгрия ҳар кимга камситишларсиз, хусусан, ирқи, танасининг ранги, жинси, ногиронлиги, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодлари, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати, туғилиши ёки бошқа бирор мақомидан қатъи назар, асосий ҳуқуқларни кафолатлайди. Давлатнинг “алоҳида чора-тадбирлар орқали оилалар, болалар, аёллар, қариялар ва ногиронлар ҳимоясини таъминлаши” кўрсатилган.

Дунё мамлакатлари конституцияларини ўрганиш кўрсатдики, уларда ҳам ногиронлиги бўлган ҳар қандай шахснинг барча жойга кириши, жамоат транспортидан ва маълумотлардан, имо-ишоралар тили, брайль алифбоси ёки бошқа тегишли алоқа воситаларидан фойдаланиши, ногиронлиги билан боғлиқ зарур материаллар, моддалар ва қурилмаларга эга бўлиши, оқилона меҳнат шароити, меҳнат қоидалари, амалиёти ёки муолажалардан фойдаланиш ҳуқуқи мустаҳкамланган.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам ҳар ким уй-жойли бўлиш, соғлиқни сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, таълим олиш, давлат хизматларидан фойдаланиш, ўз сиёсий иродасини эркин билдириш ҳуқуқига эгалиги кафолатланаётгани мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили амалда ўз ифодасини топаётгани, қолаверса, Асосий қонунимиз ҳақиқий маънода халқ Конституцияси бўлаётганидан далолат беради.

Илҳом СУВОНОВ,

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти

илмий котиби, фалсафа доктори (PhD)