Президент йиғилишда Халқ қабулхоналари янги очилганида мурожаатларнинг 90-95 фоизи шикоят шаклида бўлгани, ҳозирга келиб, 60-65 фоизга тушганига эътибор қаратди.
«Бугун одамларнинг дунёқараши ўзгариб, шахсий масалада эмас, маҳалласидаги шароитни яхшилаш юзасидан таклиф беришни афзал кўряпти. Лекин муаммоси ҳал бўлмаган одамлар раҳбарлар қабулини ташкил қилиб беришни Президентдан сўраяпти.
Энди бу тизим ўзгаради. Ҳокимлар аризада кўтарилган масалани ҳал қилишнинг ўзи билан чекланмайди. Аксинча, муаммонинг келиб чиқиш сабаби билан ишлаши керак», – деди давлатимиз раҳбари.
Шу боис, соҳада янги тизим жорий қилиниб, Халқ қабулхоналари фақатгина ариза қабул қилувчи орган эмас, балки ҳудуддаги муаммоларни диагностика қиладиган марказ бўлиши белгиланди.
Президент янги тизим қандай ишлашини Қарши шаҳри мисолида тушунтириб берди.
Ўтган йили Халқ қабулхонасига Қарши шаҳри аҳолисидан келиб тушган 11 мингта мурожаат таҳлил қилинди.
Мисол учун, Қарши шаҳридаги 255 нафар одам алимент тўлашдан бўйин товлаб юрганининг сабаблари ўрганилганда уларнинг 193 нафари касб-ҳунари бор бўлгани билан ишсиз экани, яна 62 нафари даромадини камайтириб кўрсатаётгани аниқ бўлди.
Бу жараёнда ҳокимлик, банклар ва ҳоким ёрдамчилари, шаҳар бандлик ва МИБ бўлимлари биргаликда ишлаб, фуқароларни тадбиркорликка жалб қилади, ишсизларни ҳудуддаги саноат ва сервис корхоналаридаги вакант ўринларга жойлаштиради. Хорижда ишлаш истагида бўлган алимент тўловчилар билан уч томонлама шартнома тузиб, тил ва касбга ўргатиб, хорижга юқори даромадли ишларга юборади.
Шаҳар солиқ инспекцияси эса Бош прокуратура департаменти билан биргаликда даромадини яшириб келаётганларнинг фаолиятини «соядан» чиқаради.
Шунда алимент тўловчилар қарамоғида бўлган 700 га яқин боланинг моддий таъминоти ўзгариши таъкидланди.