Гап шундаки, vesti.uz ижтимоий тармоғида “Русском классу в Ташкенте требует переводчик” сарлавҳаси остида Мирзо Улуғбек туманидаги 142-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида рус тилида дарслар ўтиладиган синфларда ўзбек тилида сабоқ берилаётгани хабар қилинган. Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бунга расмий муносабат билдирди.
Айтилишича, ҳолат юзасидан бошқарма ишчи гуруҳи ўрганиш олиб борди. Унга кўра, мазкур таълим муассасасида тасвирий санъат фанидан 4 соат, информатика фанидан 21 соат рус тилида дарс ўтиладиган синфларда вакант соатлари мавжудлиги аниқланди. Натижада мактаб маъмурияти ўқувчиларнинг дарс соатларини қолдирмаслик учун вакант соатларга тўлиқ рус тилида сўзлаша олмайдиган ўқитувчиларни жалб этишга мажбур бўлган.
Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида мактаб маъмурияти томонидан Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетига хат билан мурожаат қилинган. Тез орада мазкур муаммони ижобий ҳал қилиш учун зарур чоралар кўрилмоқда.
Қўшимча қилинишича, айни пайтда 142-мактабда жами 53 та синф мавжуд бўлиб, шулардан 37 тасида рус, 16 тасида ўзбек тилида таълим йўлга қўйилган. Янги ўқув йили олдидан 17 нафар ёш ўқитувчи ишга қабул қилинган. Жами ўқитувчилар сони 75 нафарни ташкил этади.