— Юрт иқтисодиётининг барқарорлиги, барча соҳаларда ривожланган давлатлар билан рақобатлаша олиши ҳам меҳнат бозоридаги кадрларнинг салоҳиятига боғлиқ. Бундай кадрлар эса, энг аввало, мактабда шаклланади. Яхши йўлга қўйилган таълим тизими сифатли кадрларни, сифатли кадрлар эса ривожланган жамиятни барпо этади. Суҳбатимизни бугунги кунда таълим тизимида юз бераётган ўзгаришлар, жамиятда ўқитувчининг мавқеи ва обрўсини оширишга қаратилаётган эътибор хусусидаги мулоҳазалар билан бошласак.

— Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўйган айни пайтда инсон капиталига сармоя киритиш, таълимни ислоҳ қилиш устувор вазифалардан бирига айланди. “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган ғоя асосида умуммиллий таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор қарор ва фармонлари эълон қилинди.

Республикамизнинг барча ҳудудида Президент мактаблари, ижод ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари ташкил этилиб, уларга энг малакали мутахассислар жалб этилди. Шунингдек, мавжуд мактабларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда, барча ҳудудда замонавий ўқув масканлари барпо этилмоқда.

Янги мактаблар қурилиши учун тарихда кузатилмаган миқдорда маблағ ажратилмоқда. Биргина 2021 йилнинг ўзида қарийб 876 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Жумладан, 520 та мактабда Инвестиция дастури, 340 та мактабда “Обод қишлоқ” дастури асосида, 9 та мактаб ҳомийлар, 17 таси маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан таъмирланди.

Бундан ташқари, жорий йилда 6177 та мактабда таъмирлаш ишлари бажарилди. Энг қувонарлиси, 42 та мактаб мутлақо янгидан қурилиб, замонавий қиёфага келтирилди. Ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун барча шароит яратилди.

Жамиятда муаллимнинг мавқеини, ўқитувчилик касбининг нуфузини оширишга катта эътибор қаратилаётир. Жумладан, сўнгги йилларда педагоглар ойлик маошининг 1,5 баробар оширилгани бунинг далилидир.

Таъкидлаш жоизки, ўқитувчига ҳурмат-эҳтиром жамиятни ўзгартиришдан бошланади. Шу боис, айнан халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларни бошлашда қўйилган энг катта вазифа ҳам жамиятда устознинг нуфузини ошириш бўлди. Авваллари ўқитувчи деганда кўз олдимизга далада пахта тераётган ёки ободонлаштириш билан шуғулланаётган инсонлар келарди. Ҳатто шунақа ҳолатлар бўлдики, мактаб ўқитувчиси маҳаллий ўғит ташиш ёки битмай қолган намунавий уйлар атрофини тозалашгача жалб қилинди.

Хизмат сафари билан қайсидир вилоятга борганимда қизиқ бир воқеани айтиб беришганди. Катта бир раҳбар келиши олдидан бинолар, кўчалар озодалигига мактаб ўқитувчилари масъул қилиб тайинланган. Бир ўқитувчи йўл четидаги дўкон ойнасини артаркан, ўша дўкон эгасининг ўғли — шу ўқитувчининг қўлида ўқийдиган бола “Мана бу ерни тозалаб артинг, яхши артмабсиз”, дея калака қилган. Устознинг қадри шу даражада ерга урилган.

Ўқитувчи фақат маош олиш учунгина бу касбни танламайди. Болаларга меҳр қўйган, соҳага фидойи, ўзининг ишини яхши кўрган инсонгина ўқитувчи бўла олади.

Кўпгина фидойи ўқитувчилар энг қийин пайтларда мактабни тарк этмаганининг боиси ҳам шунда. Майли, пахта терсин, кўча супурсин, аммо ўқитувчиликни шараф деб билган, касбининг машаққати ортидан роҳатланган устозларни ҳар биримиз ҳаётда учратганмиз.

— Таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг самараси бугун нималарда кўриняпти? Хусусан, педагог ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишларни санаб ўтиш баробарида уларнинг қанчалик самара бераётгани ҳақидаги мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашсангиз.

— Ислоҳотлар ўқитувчиларни мактабга қайтариш, уларни таълимдан бошқа, хизмат вазифасига кирмайдиган барча ишлардан, ортиқча қоғозбозликдан озод қилишдан бошланди. Бунинг натижасида ўқитувчининг ўз устида ишлаши ва болаларга қўшимча дарс беришига имконият яратилди. Мактабнинг самараси битирувчиларнинг ҳаётда муваффақиятга эришиши билан ўлчанади. Бунинг биринчи катта мезони ўқувчиларнинг олий ўқув юртига ўқишга кириш кўрсаткичи бўлса, кейингиси муайян соҳада фаолият юритаётгани ёки бизнес билан машғуллигидир.

Солиштирадиган бўлсак, жорий йилда олий таълим муассасаларига ўтган йилга нисбатан 14 минг нафар кам ўқувчи ҳужжат топширган. Лекин грантга кирганлар сони икки баравар ошган. Яъни институтга ҳужжат топширган битирувчиларимиз сони камайган бўлса-да, улар орасидан грант асосида ўқишга қабул қилинганлар сони икки бараварни ташкил этмоқда. Умумий грант квотасининг 75 фоизини мактаб битирувчилари эгаллаб турибди. Бу албатта, ўқувчиларнинг аввалги йилларга нисбатан яхшироқ тайёрлангани натижасидир.

Бундай натижага ўз-ўзидан эришиб бўлмайди, албатта. Бунда мактаб таълими сифатини ошириш нечоғли аҳамиятга эга эканини изоҳлаш шарт эмас. Аммо таълим сифати паст бўлган энг ёмон мактабларни яхшилаш оғриқли нуқталаримиздан бири.

2019 йилда 2126 та ана шундай мактабнинг бирорта ўқувчиси олий таълим муассасаларига ўқишга кирмаган. Ана шу мактаблар манзилма-манзил ўрганилди. 10 мингта мактабни ўрганишга имкониятимиз йўқ, албатта. Лекин 2126 та мактабни ўрганиш асносида мактаб раҳбариятининг лавозимга қай даражада лойиқлиги, салоҳияти ўрганиб чиқилди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2020 йилда шундай мактаблар уч баравар камайди. Жорий йилга келиб эса бу кўрсаткич яна тўрт баравар камайди. 2019 йил билан солиштириб кўрилганда, энг ёмон кўрсаткичли мактаб 12 бараварга камайганининг гувоҳи бўлиш мумкин.

Йиллар давомида бирорта олий маълумотли мутахассис чиқмаган 2000 дан ортиқ мактаб ва маҳалладан бугунги кунда бўлғуси шифокор, журналист, муҳандис, ўқитувчилар чиқишни бошлагани қувонарли. Бу билан нафақат мактаб болаларининг келажакдаги ҳаёти сифати ошмоқда, балки ўша ҳудуд, маҳаллаларда камбағалликнинг олдини олишга замин яратилаётир.

Мамнуният билан айтишим мумкин, биз ҳамма мактабларда қайсидир даражада таълим сифатини кўтаришга эриша бошладик. Икки йилда энг ёмон мактабларнинг 12 баравар камайгани фикримизга далил бўла олади. Бунга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Ҳар бир мактабга манзилли ёндашиш ўз натижасини берди. 98 та олий таълим муассасаси 634 та мактабни оталиққа олиб, унга ёрдам берди. Бунинг натижасида деярли 90 фоиз оталиққа олинган мактабларда ижобий томонга ўзгариш кузатилди.

Бундан ташқари, ўқитувчиларнинг ўз устида ишлашига имконият яратилди. Йиллар давомида олий тоифали ўқитувчилар 4 фоизни ташкил этиб келган бўлса, бир йилнинг ўзида 6 фоизга чиқди. Яъни 10 мингга яқин ўқитувчиларга қўшимча олий тоифа берилди. Биринчи тоифали ўқитувчилар сони ҳам 13 фоиздан 17 фоизгача, яъни 4 фоиз ошди. Бу дегани бир йилда 30 мингдан ортиқ ўқитувчининг тоифаси кўтарилмоқда. Ана шу 30 минг нафардан ортиқ ўқитувчининг ҳар бири ўртача 30 нафаргача болага сифатли дарс бера бошлаганининг ўзи самара кўрсаткичларидан биридир.

Бундай ўзгаришларни мамлакатимизнинг ҳамма вилоятида кўриш мумкин. Таълим сифати паст, аттестациядан ўтолмаган, олис ҳудуддаги 1409 та таълим сифати энг оғир мактабларга салоҳиятли мутахассисларни жалб қилдик.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, бошқа вилоятдан бориб шундай мактабларда ишлаганларга 100 фоиз, бошқа тумандан бориб фаолият юритганга 50 фоиз устама тўланадиган бўлди.

Таълим сифати энг паст мактабга манзилли эътибор қаратилиши ўз натижасини берди.

— Дарсликлар ўқитувчилар учун маълум бир мавзуни ўқитиш, ўқувчилар учун билим олиш манбаи ҳисобланади. Шу маънода, фанлар дарсликлари мазмун-моҳиятида, шунингдек, уларнинг тайёрланишида матбаачилик нуқтаи назаридан қандай ўзгаришлар бўлди?

— Ўтган йиллар мобайнида халқ таълими тизимида йўл қўйилган камчиликлардан бири — мактаб таълимини қамраб олувчи ва мазмунини яққол ифодалайдиган яхлит дастур ишлаб чиқилмаган. Ваҳоланки, ўқувчи мактабни битиргунига қадар эгаллайдиган кўникмаси, билими билан бирга, ўқитувчиларга ўқувчиларнинг ўзлаштиришини кузатиши ва ёрдамлашиши учун меъёрлар жамланган ягона таълим дастурининг самарадорлиги қатор мамлакатлар тажрибасида ўзини оқлаган.

Шуни ҳисобга олиб, дарсликлардан олдин миллий ўқув дастури яратилди. Нимани ўқитамиз, деган масала қайта кўриб чиқилди. Мазкур ҳужжат замонавий ўқувчи эгаллаши керак бўлган тўрт муҳим жиҳатнинг ривожланишини таъминлайди. Булар — танқидий фикрлаш, ижодий ёндашиш, ҳамкорлик ўрнатиш ва мулоқот қилиш кўникмалари. Миллий ўқув дастурида мактаб битирувчисига талаблар, ўқув юкламалари, ўқитиш методикаси ва баҳолаш тизими белгилаб берилади.

Оддий бир мисол: япониялик мутахассислар билан математика фанини таҳлил қилганимизда мавзулар жуда оғир, ўрганиш қийин қилиб тайёрланганини кўрдик. 10-11-синфга бориб 5 фоиз бола математикани яхши билиши, қолган 95 фоиз ўқувчи эса бу фандан безиши мумкин эди. Шу боис, осон тушуниладиган, қизиқарлироқ, эртага ўқувчи қайси соҳада фаолият олиб бормасин, математикани яхши билишига замин яратадиган янги дастур ишлаб чиқилди. Албатта, математикани кучли ўқийдиган 5 фоиз ўқувчи учун ихтисослаштирилган, қўшимча ўқитиладиган мактабларда таҳсил олиш имконияти яратилди. Шу тариқа умумий мактаб битирувчилари ҳам математикани қизиқиб ўқий бошлашига эришдик.

Бу йил 1-2-синфнинг китоблари янги дастур асосида чиқяпти. Аввалги дарсликдан нимаси билан фарқ қилади, деган савол туғилиши табиий. Масалан, 1-синф математика дарслиги болани таҳлилий-танқидий фикрлашга ўргатишга қаратилган. Математика фақат рақамлар, ҳисоб-китоб, формуладан иборат эмас, болани мантиқий фикрлаш, умумлаштириш, ажратиш, ўхшашларини белгилаб олиш, дунёқарашини ўстиришга мўлжалланган дарслик бўлишига эътибор берилди.

Кейинги фарқи — олдин ўқитувчининг китоби бўлмаган. Фақат битта дарслик бўлган. Ҳозир дарсликдан ташқари ўқитувчининг китоби ва машқ дафтари, мультимедиа иловаси, умуман, ҳар бир фан бўйича тўртта материал ишлаб чиқилди. Бу мажмуа Кембриж системаси бўйича яратилди. Ўқитувчига тайёр ўқув қўлланма берилаётир. Авваллари ўқитувчига конспект ёзасан, дейилган. У конспект ёзиши учун қўлида на бир қўшимча адабиёт, на интернет бўлган.

Ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай ўқитувчи дарсга киришдан олдин тайёргарлик кўради. Бугун унинг қўлига тайёр ўқитувчи китоби, интернет, методик қўлланма беряпмиз. Сифатли, ёрқин ранглардаги дарсликлар ўқувчилар учун ҳам худди шу тартибда тайёрланяпти. Бу катта аҳамиятга эга. 2026 йилгача миллий ўқув дастури жорий қилиниши кўзда тутилган. Бундай дарсликлар яна юқори синфлар учун ҳам яратилади.

 10 миллион АҚШ долларидан иборат хорижий грант ҳисобига Кембриж университети нашриётида ҳамма синфларга мўлжалланган иккита фан бўйича алоҳида дарслик тайёрладик. Инглиз тили ва ахборот технологиялари келгуси йилдан бошлаб тўлиқ халқаро даражадаги китоблар асосида ўтилади.

Юртимизда математика, кимё, физика ва биология дарсларининг 10 фоизигина амалий машғулотларга ажратилган. Ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 30–50 фоизни ташкил этади. Шу боис, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда ўқув дастурларида рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш, аниқ фанларда амалий машғулотлар кўламини ошириш юзасидан иш олиб борилмоқда.

Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт —  ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир”, деган чуқур маъноли фикри барча ишларимизда дастуруламалдир. Энг олий мақсадимиз ҳам фарзандларимиз тарбиясида комиликка эришиш. Шу мақсадда ҳамма синфлар учун мўлжалланган “Тарбия” китобларини чиқардик. Бу китобларда нафақат яхши тарбия ҳақида сўз боради, балки бахт ва муваффақият сирлари ҳам ўргатилади. Бахт ва муваффақиятга эришган инсонлар тажрибаси орқали ўқувчи руҳлантирилади. Тарбия фанидан дарс бераётган ўқитувчи ўзи ҳам шу нарсани тушуниши керак.

— Чет тилларни ўрганиш ҳар қандай мутахассисни тайёрлашда, унинг кейинги фаолиятида катта аҳамият касб этади. Умумтаълим мактабларида бу борада қандай ўзгаришлар, ютуқлар кўзга ташланмоқда? Амалиётга йўналтирилаётган янги таълим стандартлари ва ўқув дастурлари нималардан иборат?

— Чет тилларнинг ҳар бирини тўлиқ қайта кўриб чиқяпмиз. Халқаро даражада инглиз тилини ўргатадиган тўлақонли китоблар келтириляпти. Инглиз тилида халқаро сертификатга эга ўқитувчиларни кўпайтиряпмиз. IELTS ва TOEFL — бу инглиз тилини билиш даражасини кўрсатадиган сертификат бўлса, TESOL инглиз тилида дарс бериш имкониятини билдиради. Яъни ўқитувчи инглиз тилини билиши, аммо яхши дарс беролмаслиги мумкин. Шу кунга қадар ўқитувчиларимизнинг 400 нафари TESOL сертификатини олишга муваффақ бўлди. Келгуси 3 йил давомида яна 15 минг ўқитувчини қайта тайёрлаш кўзда тутилган. Бу АҚШ билан қилинган English Speaking Nation лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда. Ушбу сертификатни олган ўқитувчиларнинг маоши оширилди. Масалан, CEFR бўйича 15–30 фоизлик устама олса, TESOL ёки С1 даража сертификатига эга бўлганидан сўнг унинг устига яна 50 фоиз устама қўшилади. Оддий ўқитувчи 30 фоиз устама олса, яна 50 фоиз устама олишини тасаввур қилинг. Энди шу ўқитувчи агар таълим сифати паст бўлган бошқа ҳудудга борса, яна қўшимча 100 фоиз устама олади. Нуробод туманининг Арғон қишлоғидаги 54-мактабда дарс беришга қарор қилган ўқитувчилар оиласи — Фаррух Муродов ҳамда турмуш ўртоғи Наргиза Қувонова ойига 20 миллиондан ортиқ даромад топяпти. Бу давлат томонидан берилаётган пул. Бундан ташқари, репетитор сифатида дарс бериш орқали қўшимча даромад топиш мумкин.

 Бу ислоҳотлар ўз самарасини беряпти. Охирги уч йилда мактаб битирувчилари ичида халқаро сертификатга эга бўлганлар 10 баравар ошди. “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали бу йилдан бошлаб 100 нафар битирувчилар чет элнинг нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олиш имкониятини қўлга киритди. Бу кўрсаткич йил сайин ошиб боради.

Худди шунингдек, рус тилини ҳам хорижий тил сифатида ўқитиш учун алоҳида лойиҳа ишлаб чиқилган. “Класс!”, яъни “Зўр!” деган лойиҳа доирасида янгича методика асосида китоб чиқариляпти. Ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва сертификат бериш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Махсус тест бўйича имтиҳон топшириш ўқитувчиларимизнинг рус тилини билиш даражаси ошишига кўмак беряпти.

Айни пайтда малака ошириш марказларида АҚШ ва Россиядан жалб қилинган ўқитувчилар фаолият олиб боряпти. Мақсад — чекка ҳудуддаги ўқитувчиларнинг касбий малакасини ошириш.

Бошқа чет тилларни ҳам чуқур ўргатишга эътибор қаратяпмиз. Ўтган ҳафтада турли хорижий давлатларнинг юртимиздаги элчилари билан қатор учрашувлар ташкил этилди. Улар билан бошқа чет тилларини худди инглиз ва рус тилини ўргатишда амалга оширилаётгандек комплекс дастурлар тайёрлаяпмиз.

Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар олдига таълимни ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар қўйилган. Бу жараёнда кўп омиллар ҳудуд раҳбарлари, яъни ҳокимларга боғлиқ. Ҳар бир шаҳар, туман ҳокимлари чет тили ўқитувчиларига эътибор қаратиш, чет тилини ўрганиш муҳитини яратиш бўйича иш олиб бормоқда. Қайси вилоят ёки туман ҳокими халқ таълими мутасаддиларини тушуниб, уларга кўмак бераётган бўлса, ўша туманда ижобий ўзгаришлар бўлаётганини кўриб, кузатиб турибмиз. Энг зўр туман, шаҳардаги иккитадан инглиз тили ва б ошқа чет тили ўқитувчиларини маҳаллий бюджет ҳисобидан хорижга стажировкага жўнатиш мумкин. Бу ишлар нима учун амалга ошириляпти? Таҳлил қиладиган бўлсак, дунёда аҳолиси чет тилини яхши биладиган давлатлар иқтисодиёт, инвестиция масалаларида етакчи эканини кўриш мумкин.

— Шу ўринда PISA (The Programme for International Student Assessment) ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз. Ушбу дастурлар асосида педагоглар учун қандай янги лойиҳалар кўзда тутилган?

 — 2022 йилда PISA имтиҳонлари бўлиб ўтади. Биз унда илк бор иштирок этамиз. PISA — бу халқаро таълим сифатини ўлчайдиган тест. Албатта, юқори натижага эришиш осон эмас. Агар натижа кўнгилдагидек бўлмаса ҳам хафа бўлиш керак эмас. Яхшилаб тайёрланиш зарур. Илк бор бундай синовда қатнашиш учун сиёсий ирода ифода этилди. Шунинг учун STesting деган ло йиҳа ташкил этиб, ўқувчи ва ўқитувчиларни онлайн дастур орқали PISA синовларига тайёрлаб боряпмиз. PISA болани эгаллаган билимидан келиб чиқиб, ҳаётий муаммони ечишга ўргатади. Яъни қайси ёзувчи қайси йил туғилган деган нарсани эслаб қоладиган тест эмас, ҳақиқатда ҳаётий, амалий муаммоларни ечадиган тестларни тузиш пайти келди. Бу борада ҳам маълум бир ишлар қилинмоқда.

Ўқитувчиларнинг малакасини ошириш мақсадида Кембриж, ЮНЕСКО билан ҳамкорликда лойиҳалар ишлаб чиқилган. Мақсад — бутун умр давомида узлуксиз касбий таълимни йўлга қўйиш. Авваллари педагог ўзи фаолият олиб бораётган мактабдан узилиб, вилоят марказида малака оширган. Бу ортиқча оворагарчиликка сабаб бўлган. Айни пайтда www. onlinedu.uz узлуксиз касбий таълим платформаси орқали муаллим ўзининг вақти ва имкониятига қараб малака ошириши мумкин. Ана шу мақсадда мактабларда оптик толали интернет ўрнатилмоқда. Педагог онлайн тарзда малакасини ошириши, янгиликлардан хабардор бўлишига шароит яратилмоқда. Мактабл арни ахборот технологиялари билан жиҳозлаш давом этяпти.

— Соҳада амалга оширилиши кўзда тутилаётган ишлар, режалар ҳақида билишни истардик.

— Болалар яхши ўқиши учун шароитларни янада яхшилаш — энг устувор вазифамиз. Бунинг учун иложи борича кўпроқ янги мактаб, янги ўқувчи ўринларини кўпайтиришимиз керак. Бу борада жуда катта режалар қилиняпти. Айни пайтда молиявий манбаларни аниқлаш, моддий техник базани мустаҳкамлаш юзасидан иш олиб боряпмиз. Сарой қуриб қўйсангиз ҳам ўқитувчининг савияси, билими етарли бўлмаса, фойдаси йўқ. Шунинг учун ўқитувчининг касбий малакасини ошириш, ишлаши учун шароит яратиш борасидаги ишлар давом эттирилади. Олий, биринчи тоифали, халқаро сертификатга эга ўқитувчиларнинг маоши ва даражаси ошиб боради.

Фақат дарслик билан чегараланиб қолмай қўшимча китоблар олиб келишимиз керак. Зеро, мактабга энг кераклиси — бу адабиёт. Дарсдан ташқари маданият, санъат, китобхонлик, спорт, ахборот технологияларига қизиқтириш устувор вазифаларимиздан. Умуман олганда, қиладиган ишларимиз кўп. Жуда катта йўналиш бор. Республика бўйича таълим сифатини бир хил даражада кўтариш, иқтидорли болалар билан ишлаш, уларни саралаб, ихтисослашган, Президент мактабларига ўтказиш, халқаро олимпиадаларга қатнашишларини таъминлаш. Авваллари олимпиадада ғолиб бўлган бола фақатгина мақтов ёрлиғи билан тақдирланган бўлса, айни пайтда халқаро олимпиада ғолиби 122 миллион сўм билан тақдирланяпти. Уни олимпиадага тайёрлаган устозига ҳам деярли шунча пул берилади. Бу тарихда бўлмаган.

Маҳаллий ҳокимиятлар билан бирга ўқувчиларни қайсидир касб ёки бизнесга йўналтириш борасида зиммамизда катта вазифалар турибди. Уларга ахборот технологиялари соҳасида етарли билим бериш ва шу орқали даромад топишга ўргатишимиз зарур. Айни пайтда “Бир миллион дас турчи” лойиҳаси доирасида кўп ўқувчилар IT йўналишидаги билимларни эгаллади. Энди улар аста-секин даромад топишга ҳаракат қилади. Мақсадимиз ҳам болаларимиз келгусида оиласининг бағрида, интернет орқали яхши даромад топиб яшасин. Мактаблардаги интернет, компьютер, замонавий дарсликлар бунда муҳим омил бўлади.

Фурсатдан фойдаланиб, юртимиздаги барча устоз-мураббийларни 1 октябрь — Ўқитувчи ва  мураббийлар куни умумхалқ байрами билан чин дилдан табрик лаймиз. Уларнинг ишларига  муваффақият тилаймиз.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

 Рисолат МАДИЕВА суҳбатлашди.