Мамлакатимиз тараққиётнинг янги даврига қадам қўйган айни пайтда инсон капиталига сармоя киритиш, таълимни ислоҳ қилиш устувор вазифалардан бирига айланди. “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” ғояси асосида умуммиллий таълим-тарбия тизимини тубдан янгилашга катта эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг куни кеча эълон қилинган “2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори узоқ йиллар давомида умумтаълим муассасаларида юзага келган муаммоларнинг тизимли ечимига янгича ёндашувни қўллашга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга.

Шу пайтгача мактаб таълимини қамраб олувчи ва ўқитиш мазмунини яққол ифодалайдиган яхлит дастур ишлаб чиқилмаганди.

Мазкур фармонга биноан, мактаб таълимига илғор халқаро тажрибалар асосида ишлаб чиқилган миллий ўқув дастурини жорий этиш, замонавий дарсликларни амалиётга киритиш, жамиятда ўқитувчининг нуфузини ошириш, уларга қулай ижтимоий шароит яратиш ва меҳнатини муносиб рағбатлантириш, касбий ривожланишга талабчанликни ошириш, алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар учун инклюзив таълим жараёнини жадаллаштириш, замонавий моделлар бўйича мактаблар қуриш ва реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш каби қатор йўналишларни ўз ичига олувчи миллий дастур тасдиқланди. Таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида кўрилаётган бу каби чора-тадбирлардан ягона мақсад фарзандларимизни ҳар жиҳатдан етук, интеллектуал салоҳиятли, эртанги кунимиз суянчи

ва таянчи бўла оладиган инсонлар сифатида камол топтиришдир.

Халқ таълими вазирлиги Президентимиз имзолаган фармон ва қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун келгусида амалга ошириладиган қатор ишларни режага киритди. Жумладан, беш йил ичида мактаб таълимига янги ва замонавий дарсликлар киритилади. Ўқув жараёнига илғор халқаро тажрибалар асосида ишлаб чиқилган миллий ўқув дастури тўлақонли жорий этилиб, маҳаллий ва хорижлик муаллифлар яратган замонавий дарсликлардан фойдаланилади.

Мамлакатимизда ўқитувчилар нуфузини ошириш, улар учун қулай ижтимоий шароит яратиш ва меҳнатини муносиб рағбатлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бунга жавобан ўқитувчилар ҳам таълим ва тарбия беришдаги масъулиятини ошириб, касбий ривожланиш бўйича ўз устида доимий ишлашига имконият яратилади. Шу билан бирга, умумий ўрта таълим муассасалари учун кадрлар миллий захираси шакллантирилиб, илғор мактаб директори ва намунали ўқитувчи мезонлари ишлаб чиқилади. Улар асосида раҳбар ва педагог кадрлар фаолиятини баҳолаб бориш тизими йўлга қўйилади.

Шунингдек, мактаб директорлиги учун номзодларни сертификациядан ўтказиш тартиби жорий қилинади. Мактаб директори лавозимига номзодлар фақат менежерлик сертификатига эга шахслар орасидан танлаб олинади.

Президентимизнинг мазкур қарорига кўра, ҳар ўқув йили якунида рейтинг доирасида умумий ўрта таълим муассасаларида олиб борилаётган тарбиявий ва маънавий-маърифий ишларни яхшилаш мезонлари белгилаб берилди. Бунда мактаб билан бирга ота-оналарнинг ҳам ролини ошириш, бола тарбиясига барча бирдек масъул экани алоҳида кўрсатиб ўтилди. Шундай экан, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни қизиқиши асосида замонавий касбларга йўналтириш тизимини йўлга қўйишда ота-она ва мактаб ҳамкорлиги янада мустаҳкамланади.

Энди мактаблардаги маънавий-маърифий ишлар ҳолатини баҳолаш ва рейтингни юритиш учун махсус комиссиялар тузилади ҳамда уларнинг хулосасига кўра, умумий ўрта таълим муассасалари рейтинг кўрсаткичлари асосида “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади.

Жорий йил 1 сентябрдан юртимизнинг барча туман (шаҳар)лари кесимида “Намунали мактаб” рейтинги шакллантирилади ва эълон қилиб борилади.

Рейтинг кўрсаткичлари асосида “қизил” тоифага киритилган умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича зарур чоралар кўрилади. “Қизил” тоифага кирган мактабларни аста-секинлик билан “сариқ” ва “яшил” тоифага ўтказиш учун таниқли санъаткорлар, тадбиркорлар ёки касб-ҳунари билан жамиятда обрў қозонган инсонлар таълим масканларига янада кўпроқ жалб этилади. Бундай машҳур инсонлар ўқувчилар билан суҳбатлашиб, ҳаётий тажрибалари билан болаларнинг маънавий дунёқарашини юксалтиришни кўзлаганмиз.

Эътиборли жиҳати шундаки, авваллари компьютер синфларини бюджет маблағларидан харид қилиш имконияти йўқ эди. Энди шундай имконият мавжуд. Мактабларимиздаги беш ярим мингга яқин компьютер синфини янгилаш орқали ўқувчиларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган IT соҳа бўйича мутахассислар этиб тайёрлашда муайян натижага эришамиз. 2023-2024 йилларда мактаблардаги маънан эскирган компьютер синфларини янгилаш учун 400 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб 400 нафаргача ўқувчиси бўлган умумий ўрта таълим муассасаларида интернет тезлиги камида 40 Мбит/с, ўқувчилар сони 400 нафардан юқори бўлганларда камида 100 Мбит/с бўлиши таъминланади.

Шу пайтга қадар аксарият ўқувчилар меҳнат бозоридаги имкониятлар ҳақида мактабни тамомлагандан сўнг маълумотга эга бўлар эди. Энди ўғил-қизлар касб танлашда янада онгли ёндашади. Қарорда ўқувчилар мактабда таълим олиш жараёнидаёқ меҳнат бозоридаги касблар ҳақида барча маълумотларни олиши зарурлиги асосий вазифалардан бири деб кўрсатилган. Биз бу вазифани масъулият билан бажарамиз. Керак бўлса, мактаб ўқувчиларининг мана шу касб эгалари билан мулоқотга киришишини тўлиқ таъминлаймиз.

Ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган асосий масалалардан яна бири — бошланғич синф дарсликларида ҳам болаларга касблар ҳақида маълумот бериб бориш. 6, 7, 8-синф ўқувчилари учун касб эгалари билан учрашувлар, зарур ҳолларда ишлаб чиқариш корхоналарига саёҳат ташкил этилади. Юқори синфларда эса ўғил-қизларнинг психологик имконияти ва қизиқишидан келиб чиқиб, уларни касбга йўналтиришга эътибор қаратилади.

Мамлакатимиз таълим тизимида илк бор ўқувчиларнинг фанларни танлашига рухсат берилмоқда. Миллий ўқув дастури асосида мактабларда дарсликлар, машқ дафтарлари ҳамда педагоглар учун ўқув қўлланмалари яратилади. Муаллимнинг қўлида тайёр ўқитувчи китоби, интернет, методик қўлланма бўлади. Сифатли, ёрқин ранглардаги дарсликлар ўқувчилар учун ҳам худди шу тартибда тайёрланяпти. Бу дарсликларда таълим билан бирга бахт ва муваффақиятга эришиш сирлари ҳам ўргатилади.

Миллий дастур ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини шакллантириш, уларни миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, ўқитувчи касби нуфузини ва сифат таркибини ошириш, дарслик лар ва ўқув-методик мажмуаларни замон талаблари асосида такомиллаштириш, халқ таълими муассасаларининг халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий моделларини жорий этиш мактабларнинг моддий-техник базасини яхшилаш ҳамда янги ўқувчи ўринларини яратишда катта аҳамият касб этади.

Президентимиз қарорига кўра, мактабларда халқаро тан олинган сертификатга эга педагогларга 50 фоиз, миллий тест тизимида олинган сертификатга эга ўқитувчиларга 20 фоиз устама тўланади. Бу ҳам ўқитувчиларнинг ўз устида ишлаши, малакасини мунтазам ошириб боришига рағбат беради.

Узоқ йиллар меҳнати муносиб рағбатлантирилмаган кутубхоначиларга ҳам давлатимиз раҳбари фармонида алоҳида эътибор қаратилди. Умумий ўрта таълим муассасалари кутубхоналари ва “Болалар кутубхоналари” ходимларининг лавозим маоши миқдори

 20 фоиз, яъни 1,2 баробар оширилиши ҳам фарзандларимизнинг маънавий камолотига хизмат қилади.

Соҳада жорий қилинаётган янгиликлардан ўқитувчи-педагогларни бевосита хабардор қилиб бориш, шунингдек, ўқувчиларнинг билими ва тафаккурини ошириш, маънавий-интеллектуал салоҳияти, дунёқарашини юксалтириш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар мактабларни фақат халқ таълими йўналишидаги босма нашрлар билан таъминлайди.

Яна бир эътиборли жиҳати, илк бор мактабларда Халқ таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда ўқув жараёнига халқаро тан олинган таълим дастурларини жорий қилиш, шу дарсликларни танлашга (она тили, адабиёт, тарих, тарбия ва ҳуқуқ фанларидан ташқари) рухсат берилмоқда. Бу, албатта, таълим сифатини оширишга жуда катта имконият беради, десак муболаға бўлмайди.

Бахтиёр САИДОВ,

Ўзбекистон республикаси халқ таълими вазири