Шу муносабат билан 21 июнда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов ҳамда АҚШ Давлат департаментининг Европа, Евросиё ва Марказий Осиёга ёрдам координатори ўринбосари Грег Наарден ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикасининг Америка Қўшма Штатларидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ж. Ваҳобов ҳам иштирок этди.
Учрашув ва музокаралар чоғида турли соҳаларда, жумладан, АКТ соҳасидаги Ўзбекистон-АҚШ муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама этилди. Минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги лойиҳаларни амалга оширишда Американинг бизнес вакилларини жалб этиш ҳамда қўшма дастур ва ташаббусларни амалга оширишда ўзаро ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама этилди.
Шунингдек, АКТ вазири АҚШ билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида шерикликни юқори босқичга олиб чиқиш бўйича таклифларини ҳамда халқаро даражадаги дастурларни АҚШ билан биргаликда амалга ошириш масаласига эътибор қаратди.
Шу билан биргаликда, халқаро компаниялар хизматларини Ўзбекистонга аутсорсинг қилиш ва ёшларни BPO ва KPO хизматлар иши билан таъминлашга катта эътибор қаратилаётгани, мамлакат ёшларига IT соҳасини ўргатиш ва ўқитиш мақсадида BPO марказлар ва мактаблар ташкил этилаётгани айтиб ўтилди. Ўз навбатида, ёшлар масофавий хизмат кўрсатишга жалб этилса, мамлакат учун катта ютуқ бўлиши таъкидланди, деб хабар беради Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.