Учрашувда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг иссиқлик таъминоти ва энергетика соҳасидаги мутасадди вакиллари иштирок этди.

Туркиянинг Истанбул шаҳридан ташриф буюрган меҳмонлар Ўзбекистонда иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш, транспортировка қилиш, истеъмолчиларга етказишгача бўлган тўлиқ жараён билан қизиқдилар. Шунингдек, соҳадаги муаммолар, истиқболли режалар, муаммоларнинг ечимлари, иссиқлик ва газ таъминоти учун тўлов тарифлари, уларнинг шаклланиш механизми, электрон ҳисоблагичларининг ишлаш тамойили юзасидан ҳам ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

«Халқаро Энергетика хартияси» экспертлари юртимизга Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг таклифига асосан ташриф буюрган бўлиб, вазирлик буюртмасига кўра, Ўзбекистон энергетик соҳасининг фаолияти, унинг ҳолати ва ривожланиш истиқболларини ўрганишга доир ҳисоботни тайёрлаш доирасида қатор вазирлик ва идоралар вакиллари билан учрашиб, зарур маълумотларни тўплаяпти.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси мутахассислари ҳамда тадбирда иштирок этган «Тошиссиққуввати» ва «Сувсоз» ДУК мутасаддилари хорижий экспертларнинг барча саволларига атрофлича жавоб берди. Хусусан, улар марказлашган ва индивидуал иссиқлик таъминоти, улгуржи ва чакана истеъмолчиларга газ таъминоти, сарф қилинган иссиқлик энергиясининг ҳисобини олиб боришдаги мавжуд механизмлар, муаммолар ва ечимлар ҳамда режадаги ислоҳотлар юзасидан ахборот бердилар, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.