11 февраль –Халқаро илм-фанда аёллар ва қизлар куни муносабати билан ташкил этилган мазкур тадбирда Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Кадирханова, университет раҳбарияти ҳамда видеоконференсалоқа тарзида Россия, Қозоғистон, Латвия, Миср, Индонезия, Малайзия, Эрон, Туркия, Жанубий Корея ва мамлакатимиздан олималар ўз маърузалари билан иштирок этди.
Анжуман олима аёлларнинг илмий соҳадаги илғор тажрибаси ва ютуқлари билан яқиндан танишиш, ёш хотин-қизларни илмий-тадқиқот жараёнларига жалб этишни янада кенгайтиришга қаратилган амалий масалалар юзасидан фикр алмашиш, шунингдек, ёш олималарнинг илмий изланишлари натижаларини тақдим этишлари учун имконият яратиш мақсадида ташкил этилди.
Сенатор М. Кадирханова ўз сўзида юртимизда хотин-қизларга ва гендер тенгликни таъминлашга қаратилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароитлар, хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлаш учун қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тўхталиб ўтди.
Сенатор қайд этганидек, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий пойдевори яратилиб, 30 та меъёрий ҳужжат қабул қилинган. Ҳозирда республика олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хотин-қизларнинг сони қарийб 365 минг нафарга етиб, жами талабалар сонининг 47 фоизини ташкил этмоқда. Олий таълимдан кейинги таълимни мувофиқлаштирувчи ягона электрон тизимда (phd.mininnovation.uz) мавжуд 2 483 нафар хотин-қиз олий таълимдан кейинги таълим тизимида илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланяпти. 2021 йилда фан доктори (DSc) илмий даражасига эга аёллар сони 707 нафарга, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга хотин- қизлар сони 2861 нафарга етган.
Маълумот ўрнида: 11 февраль – Халқаро илм-фанда аёллар ва қизлар куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан аёллар ва қизларнинг илм-фандан тўлиқ ва тенг фойдаланиши ҳамда иштирок этишини рағбатлантириш мақсадида қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.