Пресс-тур Uzbekistan Airways Sales филиалида бошланди ва унда иштирокчилар авиачипталар сотуви қандай амалга оширилиши ва бу жараён билан боғлиқ қонун бузилиши ҳолатларига қарши амалга оширилаётган қатор чора-тадбирлар ҳақида керакли маълумотлар билан танишдилар. Ташкил этилган тадбирда авиакомпания ходимлари, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Учрашувнинг кейинги манзили Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида фаолият юритувчи авиакомпания ваколатхонаси бўлди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида жойлашган Uzbekistan Airways ваколатхонаси бошлиғи Ашраф Бахриев иштирокчиларни йўловчилар учун янги зал ва рўйхатга олиш жойлари билан таништирди. Шунингдек, ваколатхона вакиллари авиарейсларда коррупция ёмон иллат эканлиги, айниқса ўсиб келаётган ёш-авлодни “осон пул топиш йўли”га кириб қолишини олдини олишга қаратилган тадбирлар доимий тарзда ўтказилиб турилишини айтиб ўтди.

Куннинг иккинчи ярмида эса Uzbekistan Airways бош офисида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда авиакомпания ходимлари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъуллари қатнашди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Обиджон Латипов “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳақида тўхталди. Ушбу қонунни устуворлиги ва қонун бузган шахс жамиятга фақат зарар етказиши ҳақида айтиб ўтди.

Йиғилишда йўловчилар ёки авиакомпания ходимлари коррупция ҳолатларига дуч келишганида:

–          Авиакомпания корпоратив сайти www.uzairways.com “Коррупцияга қарши курашиш” бўлимида мурожаатларни қолдириш учун ташкил этилган махсус секция орқали;

–          anticorruption@uzairways.com электрон почта орқали;

–          Тошкент шаҳар, А. Темур шоҳ кўчаси, 41-уй, “Uzbekistan Airways” АЖ, Хавфсизлик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси орқали хабар беришлари мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.