Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро молия корпорацияси миссияси Фарғона вилоятидаги “Global Textile Solutions” пахта-тўқимачилик кластери корхоналарига ташриф буюрди.
Меҳмонлар Ўзбекистон пахта-тўқимачилик соҳасида меҳнат шароитларини яхшилашга қаратилган «Better Work» дастури доирасидаги ушбу учрашув давомида пахта етиштириш ва уни чуқур қайта ишлаш жараёнлари, ишчи-ходимларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Яъни дастлаб пахта далаларида бўлиб, ғўза парвариши, томчилатиб суғориш тизимларини кўздан кечиришди. Шундан сўнг пахта тозалаш заводи, трикотаж мато тўқиш ва бўяш цехлари, шунингдек, “Global Textile Infinity” тўқимачилик мажмуасини бориб кўрдилар.
Делегация вакиллари кластернинг инновацион технологик ечимларини юқори баҳолашди. Шунингдек, «Better Work» дастурининг замонавий ёндашувлари, хусусан, ходимлар меҳнат шароитларини яхшилаш ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш тамойилларини муҳокама қилинди.