Йиғилишда Ассоцияциянинг ижро қўмитасига аъзоларни сайлаш ва йўналишлар бўйича гуруҳларни шакллантириш бўйича мунозаралар ўтказилди.
Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Халқаро пахта тадқиқотчилари ассоциацияси маслаҳатчиси этиб сайланди ва доимий аъзоси сифатида овоз бериш жараёнларида иштирок этди.
Шу кунга қадар, Иброҳим Абдураҳмонов Ассоциациянинг Ижрочи қўмитаси йиғилишларида аъзо сифатида иштирок этган бўлса, бу йилги тадбирда у маслаҳатчи сифатида қатнашди.
Шунингдек, Халқаро пахта тадқиқотчилари ассоциациясининг навбатдаги 8-Жаҳон пахта тадқиқотлари конференциясини ўтказиш учун талабгор давлатлар сифатида Ўзбекистон, Ҳиндистон ҳамда Покистоннинг имкониятлари ўрганиб чиқилди ҳамда ушбу нуфузли тадбир 2024 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши белгиланди.
Қайд этиш жоизки, Жаҳон пахта тадқиқотлари конференцияси (World Cotton Research Conference – WCRC) пахта етиштирувчи мамлакатлардан бирида ҳар тўрт йилда бир маротаба ўтказилади. Ушбу конференция шу пайтгача Австралия (1994), Греция (1998), Жанубий Африка (2003), АҚШ (2007), Ҳиндистон (2011), Бразилияда (2016) ва жорий йилда Мисрда ўтказилди.
Мазкур анжуман пахтачилик бўйича тадқиқотлар олиб борувчи бутун дунёдаги олимлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга, тадқиқотлар бўйича маълумотлар алмашинишига, ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга хизмат қилади. Бунда пахта етиштириш бўйича мавжуд ва юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг ечимлари изланади, пахта саноати барқарор ривожланишига қаратилган тадқиқотларнинг синергияси таъминланади.