— Ўтган йили Вена шаҳрида бўлган Парламентлараро Иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарлари саммитида мазкур форматдаги навбатдаги 14-саммитни Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисида қарор қилинган эди. Юқори нуфузга эга бўлган ушбу анжуманнинг МДҲ ҳудудида илк бор Ўзбекистонда ўтказилаётгани мамлакатимизда парламентаризмни ривожлантириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳамда жамиятни демократлаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижалари жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланаётганига яна бир ёрқин мисолдир, — деди Т.Норбоева.
Тошкент саммитида дунёда юзага келган бугунги вазиятдан келиб чиқиб, COVID-19 пандемияси ва у келтириб чиқарган инқирозлар жараёнида гендер тенгликни кафолатлаш, барқарор ривожланиш ва фаровонликни таъминлаш, иқтисодиётни тиклашда хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш борасида парламентлар учун устувор бўлган вазифалар ҳамда аниқ саъй-ҳаракатлар йўналишлари белгилаб олинади.
Саммитда БМТ, Парламентлараро Иттифоқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси каби халқаро ташкилотлар раҳбарлари, 22 давлатдан 140 дан ортиқ парламент вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Сенат раиси “Нима учун мазкур халқаро саммитга мезбонлик қилиш Ўзбекистонга берилди?” деган саволга қуйидагича жавоб берган:
“Аввало, юртимизда жадал олиб борилаётган туб ислоҳотлар, уларнинг ҳаётдаги амалий натижалари халқаро ҳамжамият томонидан қизиқиш билан қабул қилинмоқда, қисқа муддатда тўпланган тажрибалар ўрганишга муносиб, деб топилмоқда. Жумладан, гендер тенгликни таъминлаш, жамиятда хотин-қизлар қадрини, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жабҳалардаги фаоллигини ошириш бўйича мисли кўрилмаган ишлар бажарилди.
...Айниқса, пандемия кутилмаган инқирозни келтириб чиқарган, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга путур етказаётган ҳамда бутун дунёда камбағаллик, тенгсизлик ва ночорликни кучайтираётган бир пайтда бундай чоралар ниҳоятда зарур. Қолаверса, пандемиядан сўнг жаҳон иқтисодиётининг тикланиш жараёни ҳали-ҳануз беқарорлигича қолмоқда, бунга дунёда рўй бераётган турли низолар, урушлар ҳам жиддий тўсқинлик қилмоқда. Прогнозларга кўра, келгуси йилларда кўпчилик мамлакатлар катта бюджет тақчиллигига ҳам дуч келишлари мумкин.
...Мана шундай хулосалардан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда гендер тенгликка эришиш, хотин-қизлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётидаги ролини кучайтиришга ҳам катта эътибор берилмоқда. Бу Ўзбекистоннинг хотин-қизларни ҳар қандай камситишдан ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий ҳимоя қилишни таъминлайдиган асосий халқаро ҳужжатларга қўшилганида ва бошқа кўплаб эзгу саъй-ҳаракатлар мисолида ҳам яққол кўриниб турибди.
...Ишонамизки, Парламентлараро Иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг Тошкент саммити ҳам бизнинг мана шу йўналишларда олиб бораётган ишларимизни янада кенг кўламда давом эттириш, бу борадаги илғор тажрибалар билан ўртоқлашиш ҳамда мамлакатларимиз барқарор тараққиёти, халқларимиз фаровонлигини таъминлашга аёлларни янада кенгроқ сафарбар этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни самарали амалга оширишга хизмат қилади”.