Жумладан, янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизнинг XXII боби сайлов тизимига бағишланиб, унга фуқаролар конституциявий сайлов ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлаш бўйича умумэътироф этилган халқаро принциплар ва стандартларни ҳисобга олган ҳолда, муҳим янги нормалар киритилди.

Жорий йилнинг 9 июль санасида мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови халқ иродаси асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция ва сайловга оид халқаро стандартлар, халқаро экспертлар тавсиялари асосида такомиллаштирилган Сайлов кодекси асосида бўлиб ўтади.

Халқаро кузатувчилар – Президент сайлови жараёнининг фаол иштирокчиси

Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари нуфузли халқаро ташкилотлар диққат-эътиборида бўладиган масаладир. Ҳозирда сайлов ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга оид 20 дан зиёд халқаро-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд. Халқаро кузатувчиларнинг сайловларда иштироки шу мамлакатда демократик сайлов стандартларига қанчалик риоя этилаётганини кўрсатиб беради. Шу тариқа сайловлар ошкоралиги, очиқлиги ва шаффофлиги таъминланади, сайлов қонунчилигини халқаро стандартлар асосида изчил такомиллаштириб боришга асос яратилади. Ўз ўрнида, сайлов қонунчилиги ва амалиётини умумэътироф этилган халқаро демократик стандартларга уйғунлаштириш орқали фуқароларнинг сайловга оид ҳуқуқларини янада кенг ва тўла таъминлашга имкон бўлади. Шу боис, халқаро кузатувчилар билдирган таклиф ва тавсиялар миллий принципларимиздан келиб чиққан ҳолда сайлов қонунчилигимизда ўз аксини топмоқда.

Миллий сайлов қонунчилигини такомиллаштиришда халқаро кузатувчиларнинг ўрни

Мамлакатимизда бўлиб ўтган сайловлар жараёнини нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, ЕХҲТ Парламент ассамблеяси, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ШҲТ, МДҲ, ТДТ, ИҲТ миссиялари кузатиб боради.

Халқаро сайлов кузатувида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси алоҳида ўрин тутади. ЕХҲТ сайлов кузатуви мамлакатимизда бешта парламент сайлови ҳамда тўртта Президент сайловида ўз фаолиятини олиб борган.

Албатта, ҳар бир халқаро кузатув натижаларига кўра тавсиялар билдирилади. Ўзбекистонда ўтказилган парламент ва Президентлик сайловлари якунлари бўйича ЕХҲТ ДИИҲБ ўз ҳисоботида сайловга доир қонун ҳужжатларини уйғунлаштириш, жумладан, ягона сайлов кодексини ишлаб чиқиш, сайловчилар учун кенгроқ имконият яратиш каби бир қатор тавсияларини билдириб ўтган эди. Бу тавсиялар ва тўпланган тажрибадан келиб чиқиб, тарқоқ ҳолда амал қилган сайлов тўғрисидаги қонунлар ва қонуности ҳужжатларини тўғридан-тўғри ижро этиладиган қонун билан тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасининг “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлари сайлов қонунчилигини халқаро стандартларга мос ҳолда такомиллаштиришнинг ҳуқуқий омили бўлиб хизмат қилди.

ЕХҲТ ДИИҲБ тавсиялари асосида сайлов комиссияларидан номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Сайловолди ташвиқотини ташкил этиш ва ўтказиш бевосита сиёсий партияларнинг ихтиёрий иши бўлганлиги сабабли, сайлов комиссияларининг бу ишга аралашиши уларга хос бўлмаган вазифа ҳисобланади.

Сайловолди ташвиқоти даврида давлат хизматчиларига, агар улар ишончли вакил бўлмаса, шунингдек, ҳарбийларга, диний ташкилотлар хизматчиларига, судьяларга сайловолди ташвиқотини олиб бориш тақиқланди. Сайлов натижаларини эълон қилиш муддатлари асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят қилиш муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилди.

Яна бир муҳим янгилик сифатида айтиш мумкинки, сиёсий партиялар сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида, улар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек, Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилди.

Сайлов соҳасидаги оғриқли масалалардан бири, бу – хориждаги сайлов участкалари бўйича сайловчилар рўйхатлари мазкур муассасалар раҳбарлари томонидан консуллик рўйхати асосида тақдим этиладиган маълумотлар асосида тузилиши эди. Натижада, хориждаги фуқароларимизнинг сайлов ҳуқуқлари муайян даражада чекланиб келарди. Шу боис, Сайлов кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар билан хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойда кўчма қутиларда овоз беришининг ҳуқуқий асослари яратилди.

Конституцияда сайлов ҳуқуқлари кафолатлари

Таъкидлаш жоизки, муомалага лаёқатсиз фуқароларнинг сайлаш ҳуқуқини бутунлай чеклаш халқаро ҳуқуқ нормаларига тўғри келмайди. Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг 2010 йилдаги қарорида суднинг индивидуал баҳоси бўлмай туриб, фақатгина руҳий муомалага лаёқатсизликка асосан тўлиқ овоз бериш ҳуқуқи бекор қилинишини қонуний, деб ҳисоблаб бўлмаслиги кўрсатилган.

Умуман олганда, шахсни муомалага лаёқатсиз, деб топиб, уни сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилишни суд алоҳида масала сифатида кўриб, муайян шахс овоз беришда ўз ҳаракатлари аҳамиятини тушунадими ёки уларни бошқара оладими, деган мезондан келиб чиқиб, индивидуал баҳолаш тартибининг амалиётга жорий этилиши инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга мос келади.

Мамлакатимизда 2019 йилгача суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда қатнашолмас эди. Сайлов қонунчилигини демократлаштириш мақсадида қонунчиликка киритилган ўзгаришларга асосан, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслардан ташқари, барча маҳкумлар сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.

Халқаро экспертлар фикрига кўра, оғир ва ўта оғир жиноят содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этиш ҳуқуқини чеклаш, уларнинг жамият ва давлат ишларини бошқариш ҳамда давлат органларини демократик тарзда шакллантиришда иштирок этиш ҳуқуқини чеклаш ҳисобланади.

Шахс ўзини жамиятнинг узвий бўлаги, деб ҳисоблаши учун муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнида тенг иштирок этиши зарур.

БМТ қабул қилган “Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро Пактнинг 25-моддасига мувофиқ ҳар бир фуқаро камситишларсиз ҳамда асоссиз чекловларсиз ҳам бевосита, ҳам эркин сайланган вакиллар орқали давлат ишларини бошқаришда қатнашиш, умумий ва тенг сайлов ҳуқуқи асосида, яширин овоз бериш орқали ўтказиладиган ва сайловчиларнинг эркин ҳолдаги хоҳиш-иродасини таъминловчи чинакам даврий сайловларда овоз бериш ва сайланиш, ўз мамлакатида умумий шартларда давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эга бўлиши лозим.

Янгиланган Конституциянинг 128-моддасига биноан, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкинлиги умумий сайлов ҳуқуқи принципи янада кенгроқ таъминланганидан, халқаро стандартлар талаблари имплементация қилинганидан далолат беради.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, миллий сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлаштириш доимий ҳамда тизимли равишда давом этадиган жараёндир. Энг муҳими, янги Ўзбекистон шароитида изчиллик билан олиб борилаётган демократик жараёнлар ортга қайтмас тус олган. Бунинг натижасида фуқаролар сайлов ҳуқуқларини кенгайтиришга хизмат қилувчи сайлов қонунчилиги халқаро стандартлар ва халқимизнинг миллий анъаналари ҳамда ўзига хос маданий қадриятларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштирилиб борилади.

Ихтиёр БЕКОВ

юридик фанлари доктори, профессор