Андижоннинг Асакасидаги Қайрағоч қишлоғида 92 ёшни қаршилаган Хосиятхон исмли онахон яшайди. Турмуш ўртоғи Раҳмонали ака билан етти қиз, бир ўғилни вояга етказган бу аёл “Онажонлар, ассалом” қўшиғини жуда яхши кўради. Тўғри, ҳамма оналар ҳам ўзларини мадҳ этгувчи қўшиқларни севиб тинглайди. Аммо онанинг фарзандидан бир оғиз яхши гап эшитиши уни осмон қадар юксалтиради. Айни шуни назарда тутган Санобар Раҳмонова нафақат ўз волидаси Хосият аяни, балки бутун дунё оналарини қўшиқларида улуғлагиси келаверади. 13 ёшидаёқ соҳир овози билан қалбларни ром этган Санобар исмли қизча халқимиз ёдида ҳамон ўша беғуборлигича қолган. Қўшиқларига ташналик миллионлаб қалбларни бугун ҳам тарк этмаган.
Санъаткор билан суҳбатимиз уни маълуму машҳур этган ўша “Куйла, Санобар!” фильмини ёдга олишдан бошланди.
— Сиз ҳақингизда олинган фильмни кўп кўрганмиз. Суҳбатимиз олдидан уни яна бир бор томоша қилдим. Нимаики камёб бўлса, ўша нарса қадр топганидек, санъатда ҳам жонлилик, самимийлик, беғуборликни соғинибмиз. Ўша ёшда бу қадар шон-шуҳратни тасаввур қилганмидингиз?
— Аввало, санъатимни қадрлаб, соғиниб йўқлаганингиз учун минг бор ташаккур. Табиийки, қўшиқ куйлаганим билан мен ҳақимда фильм олинади, бутун халққа таниламан, деб ўйламаганман. Умуман, шон-шуҳрат нималигини тушунмаганман. Отам чўпон, онам оддий уй бекаси эди. Топганлари биз — саккиз фарзанднинг уст-бошимизга, қорнимизга етарди, холос. Бугуннинг тили билан айтганда, кам таъминланган оила эдик...
Отам урушдан кейин қурилиш ишларига сафарбар қилинганида энг катта опам 40 кунлик чақалоқ бўлган экан. Етти ёшга тўлганида отам қурилиш ишларидан қайтган. Ҳамон урушнинг ваҳимаси кўнглига ғулғула солган Меҳринисо бувим (отамнинг онаси) ўғлим эсон-омон келармикан, деган ўй билан бутун дардини аллага солиб айтаверган. Овози жуда ёқимли бўлган экан. Бувим катта ашулаларни кўп тинглаган, отам ҳам Таваккал Қодиров, Маъмуржон Узоқовнинг қўшиқларига меҳри бўлакча, доим тинглаб юрарди. Мен ҳам қўйнинг орқасида юриб, уларнинг қўшиқларини хиргойи қилардим. Телевизорда “Санъат ғунчалари” деган кўрсатувни кўриб завқланардим. Мактабда дастлабки мусиқий сабоқларни биринчи ўқитувчим Носиржон Мирзараҳимов, кейин Ғуломжон Рўзибоевдан олганман.
1972 йилда давлат арбоби Шароф Рашидовнинг Асакага ташрифи ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборди. У киши мени кашф этди, десам ҳам бўлади. Пахтакорлар шарафига ўтказилган тадбирда қўшиқларимни эшитиб, “Э, бу қиз кимнинг, қандай оиланинг фарзанди, у ҳақида фильм олиб, халқимизга танитиш керак”, деган экан. Мана ўшандан буён фильм олинганига 50 йилга яқинлашса-да, катта ёшлилар ҳозир ҳам илиқлик билан эслайди. “Сизни онам яхши кўрган, дадам яхши кўрган, биз ҳам сизнинг қўшиқларингиз билан катта бўлганмиз”, дейишади. Унинг экран юзини кўришида ўша пайтдаги Андижон вилояти раҳбари Бектош Раҳимов, устозим Ғуломжон Рўзибоев, режиссёр Ҳожимурод Иброҳимов, Анвар Исроиловнинг хизматлари катта. Устозларим ота-она вазифасини ҳам ўтаган ўшанда. Чунки ҳар йили баҳорда оиламиз билан Олой тоғларига чиқиб кетиб, кузда қайтардик. Фильм олинадиган йили устозларим ота-онамдан рухсат сўраб, мени олиб қолган. Фақат отга миниб чопган жойларимгина ота-онамнинг олдида, тоғда олинган. Шунда ҳам улар бу фильм орқали бу қадар танилиб кетишимни тасаввур қилмаган.
1974 йил 1 январь куни “Куйла, Санобар!” телевидение орқали берилди. Ўшанда ҳеч қандай мусиқий билимим бўлмаса-да, катта санъаткорлар Берта Давидова, Коммуна Исмоилова, Муҳаббат Шамаеванинг “Бу қиз туғма истеъдод экан”, деганидан ғурурланаман. Болаликда бу гапнинг маъносини тушуниб етмаганман. Ўзим билмаган ҳолда қўшиқни шу даражада берилиб айтардимки, ич-ичига кириб кетардим. Одамлар қарсак чалаётганини кўриб, куйлаб бўлганимни ҳис қилардим. “Қизлар давраси”, “Куйланг, ёш хонандалар” каби танловларнинг биронтасидан қолмасдим. 5-синфдан танловларда қатнаша бошлаган бўлсам, отам йўл ва сафар харажатларимдан ҳеч қачон оғринмаган. Оддий чўпон бўлишига қарамай, “Қизим, агар космонавт бўламан десанг ҳам рухсат бераман, фақат юзимни ёруғ қилсанг, уялтириб қўймасанг бўлди, сен учун ҳамма йўллар очиқ”, деган. Афсуски, узоқ йиллик танаффусдан сўнг саҳнага қайтганимни кўрмади раҳматли...
— “Машҳурларга осон эмас, машҳурларга”, деган эди бир шоир. Эшитишимизча, фильмдан сўнг режиссёр Ҳожимурод Иброҳимовга мактублар оқиб келган. Одамлар сиз билан учрашувлар ўтказишни сўраган. Айни ўсмирлик палласидаги, ҳали болалик беғуборликлари кетмаган қиз учун бунча эътибор, талаб, таклифлар анча қийинчилик туғдирган бўлса керак...
— Тўғри, фильмдан сўнг совчилар кўпайиб кетган. Энг қизиғи, улар уйимизга эмас, устозим Ғуломжон Рўзибоевнинг олдига келар эди. Устозим эса “Санобар ҳали ёш, қолаверса, мен унга таълим бераман, холос, шахсий ҳаётини ота-онаси ҳал қилади”, деган. Ота-онам эса олисда. Назар деган нарса чиндан ҳам борми, билмайман, фильмдан кейин қаттиқ оғриб қолганман. Устига устак Жиззахда бир ёш қизча тўйларда менинг қўшиқларимни айтиб, 5 минг сўм йиққани учун “Санобар 5000 сўмга тўйма-тўй юрибди экан”, деган гап тарқалган. У пайтда бу пулга битта енгил машина олиш мумкин эди-да, ахир.
Шу гап билан республикадан турли тадбирларда қатнашиш учун таклифномалар келса ҳам, “тўйга боргансиз,” деб, мени икки йил юборишмади. Бу орада “Санобарнинг онаси ўгай экан, сирка ичириб ўлдирибди”, деган гаплар ҳам тарқалган. Шунда Ҳожимурод Иброҳимов асакалик Дилором опанинг ёрдами билан Тошкентдаги “Билимлар уйи”да 3 кунлик учрашув ташкил этган. Жуда кўп савол-жавоблар бўлган. Ижоддан тўхтамаганимни исботлашим учун Анвар Исроилов 2 та қўшиқ ёзиб қўйган экан. Устозим Муҳаммаджон Мирзаевдан иккала қўшиқни бир кунда ўрганиб олганман. Янги қўшиқлар билан чиққанимни андижонликлар ҳам кўриб, бу қиз Тошкентга қандай кетди, деб ҳайрон бўлган. Гўё тўйма-тўй юрганим ҳақидаги миш-мишлар тўғри бўлиб чиққандек. Аслида мен Асакадаги маданият уйидан тўғри пойтахтга кетгандим. Ёлғиз бормасин, деб Илҳом ака Жўраевни ҳамроҳ қилиб беришган. Бир яхшининг бир ёмони бўлар экан-да. Ўша гаплардан сўнг Шароф Рашидов топшириғи билан бизга берилган уй, пианинони ҳам олиб қўйишди. Бўйнимизга 27 минг сўм қарз илинган. У пайтлар бир оиланинг йиллик маблағи 1000 сўм бўлса, яхши даромад қилибди, дейиларди. Чунки бу пулга тўй қилиш мумкин эди. Йиғлаб ҳали у идора, ҳали бу идорага борардим. Ҳеч ким гапимни тингламас, ёрдам бермасди. Бир инсофли ҳисобчининг яхшилиги билан соғин сигиримизнинг ҳар йилги боласини сотиб, қарзимизни узоқ муддатда тўлаганмиз. Биттагина акамни уйлантирамиз деганимизда ҳам уйнинг бошланғич бадали — 3000 сўмни талаб қилаверишган. Ўша пулни топгунимизча ноябрь ҳам ўрталаб, қиш келиб қолган. Бир томондан пахта сиёсати қаттиқ, чолу кампирлар ҳам пахта тергани чиқарди.
Мактабни битирдик. Ҳамма аттестатини олди. Фақат менга “Вилоят маорифидан оласиз”, дейишди. Маориф бошлиғи “Агар Тошкентга ўқишга бормайман, Анжонда қоламан, десангиз, ҳужжатингизни берамиз”, деб тилхатга қўл қўйдириб олди. Ёш бошимга тушган шунча кўргуликлардан юрак олдириб бўлгандим, “Ҳеч қаерга ўқишга бормайман, Андижонда қоламан”, дедим.
— Ўшанда санъат олийгоҳими, консерваториягами кирган бўлганингизда, яна қанча-қанча қўшиқлар яралган бўларди, тўғрими, шу нарса армон бўлиб қолмадими юрагингизда?
— Баъзан лоақал педагогика, психология йўналишларида ўқимаган эканман, деб ўйланиб қоламан. Турмуш ўртоғим Илҳом ака иккаламиз ҳам агрономликка ўқиганмиз. У киши билан бир маҳаллада яшаб, бир мактабда ўқиганмиз. Битта институтда таҳсил олдик. Институтнинг “Оқ олтин” ансамблида, кейин филармонияда ишладик. Қайси вилоят, қайси тумандаги бригадалар пахта режасини бажарса, ўша ерга борардик.
2017 йили 3 августда Президентимиз мамлакатимиз ижодкор зиёлилари билан учрашувида менинг номимни тилга олди, ўша куни қайта туғилгандек бўлдим. Юрагимнинг туб-тубига тугиб қўйган орзуларим чўғланиб кетди. Шу йили мустақиллигимизнинг 26 йиллигига бағишланган тадбирда иштирок этдим. Энг қувонарлиси, “Дўстлик” ордени соҳибаси бўлдим. Кичкинагина меҳнатим эвазига бу катта мукофот эди мен учун.
Бахтим шуки, санъаткорлар оиласига келин бўлганман. Турмуш ўртоғим, қайнона-қайнотам санъатимни қадрлаган, уни давом эттиришимга кенг йўл берган. Қолаверса, фарзандимиз Ихлосбекдан умидимиз катта. У ҳам санъат йўлидан бориб, Асакадаги маданият уйида ишлаяпти. Насиб қилса, мен айта олмаган қўшиқларни у куйлаб, забт эта олмаган марраларни забт этсин. Ҳаётимдан розиман. Қаерга борсам, мен сизни ғойибона устоз, деб биламан, деган гапларни эшитиб, хурсанд бўлиб кетаман.
— Қўшиқ айтсанг, меҳрингни қўшиб айт, дейишади. Бугун аксарият қўшиқлар юракдан чиқмаяптими, тингловчилар қалбига етиб бормаяпти. Бундай қўшиқларнинг кўпайиб бораётгани эса қўшиқчиликни қадрсизлантириши аниқ. Қўшиққа меҳрини қўшиб айтиш учун ёш санъаткорлар нималарга эътибор бериши керак сизнингча?
— Яхши қўшиқ яралиши учун ,аввало, яхши сўз бўлиши керак. Ўзингиз ўйланг, китобни нима учун ўқиймиз, кинони нима учун кўрамиз? Маънавий озуқа олиш учун, тўғрими? Дардли, мунгли мақомларни тингласангиз, албатта, улардан нимадир оласиз-ку. Сўзга монанд мусиқа ҳам бўлиши керак. Шунингдек, ижроси ҳам яхши бўлса, қўшиқ ўз тингловчисини ўзи топаверади. Хафа бўлишмасин-у, бугун баъзи қўшиқчилар айрим сўзларнинг ҳарфларини ташлаб айтяпти. Буни қайта-қайта эшитавергач, шундай қўшиқ айтса ҳам бўлаверар экан, деган тушунча ёшларнинг онгига ўрнашиб қоляпти. Саёзроқ сўзлар, ўзлаштирилган қўшиқларнинг умри қисқа бўлади, деб ўйлайман. Тўртта қўшиғи билан мен машҳурман, деб юлдузлик касалига чалинганлар ҳам бор. Шукрки, талантли ёшлар кўп. Уларни ўзим ҳам қизиқиб, мароқ билан тинглайман.
— Пўлат Мўмин шеъри билан айтилган “Устозлар” қўшиғингиз ўқитувчиларни мадҳ этгувчи мадҳияга айланган, дейиш мумкин. Устозларингизга бир умр таъзимда эканингиз, улардан миннатдорлик ҳисси қўшиқни тинглаган қалбларга ҳам шундоққина кўчади. Устозларга нисбатан ёшларнинг муносабати, бугун уларга бўлаётган эътибор ҳақида нима дейсиз?
— Энди ўйласам, аслида ўша пайт бу қўшиқнинг моҳиятини у қадар англамай куйлаган эканман. Чунки устознинг сўзидан чиқмас эдик. Ўзим фарзандли, неварали бўлгач, бола тарбиясининг қанчалар масъулиятли эканини чуқур англаб етдим. Президентимиз бугун ўқитувчиларга бежиз жиддий эътибор бермаяпти. Бежиз уларни турли юмушлардан озод этмади. Яқинда телевизорда кўрдим, фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчиларнинг устозлари ҳам тақдирланди. Шогирдининг ютуғи устоз учун катта бахт аслида.
— Саҳна одамлари маданиятда, маънавиятда томошабинга ибрат бўлиши керак. Ҳозирги ёш санъаткорларнинг аксарияти маънавият, саҳна маданиятини ҳис қилмайди. Айниқса, уларнинг ижтимоий тармоқларда бир-бирини обрўсизлантираётгани кишини ўйлантиради. Бу бутун миллатни, санъатимизни обрўсизлантириш эмасмикан...
— Аслида қадрияти улуғ халқмиз. Кўплаб урф-одатларимизга дунё ҳавас қилади. Чунки биздаги қадриятлар ҳеч қайси юртда йўқ. Мустақил бўлганимиздан сўнг хайриятки, уларнинг ҳаммаси қайтиб келяпти. Бир пайтлар сумалакларни яшириб қилганмиз. Қўлимизга хина қўйсак, ғишт билан ўчиртиришган. Рўза тутсак, очиб юбормагунимизча қўйишмаган. Бугун бемалол эътиқод қиламиз. Миллийлигимизни ҳар қанча тарғиб қилишга, кўз-кўз этишга шароиту имконият бор. Бу борада, айниқса, санъаткорлар халқимизга ўрнак бўлиши керак.
Санъаткор айни пайтда маданият ходими ҳам. Саҳна маданияти деган тушунча бор. Оддий футболка, жинси шим билан чиқиб бақирадиган жой эмас саҳна.
Бир-бирини ҳамманинг гувоҳлигида беҳурмат қилаётганлар, менинг назаримда, саҳнадек муқаддас даргоҳга осонлик билан эришган. Техникани, интернетни ҳам айблаб бўлмайди. Хабарлашиш, маълумот олиш учун иқтидорли инсонлар томонидан ўйлаб топилган кашфиётлар бу техник воситалар. Фақат ундан тўғри мақсадда фойдаланиш керак.
Бу каби номақбул ҳолатларнинг кўпига “Устоз-шогирд” анъанасининг узилиб қолгани сабаб бўляпти, деб ўйлайман. Миллий қадриятларимизни ёшлар онгига сингдираверишимиз керак. Ҳеч бўлмаса, ўнтасидан биттаси қулоғига олади.
— Бугуннинг кечадан фарқини, умуман, янги Ўзбекистон қиёфасини нималарда кўряпсиз?
— Биласизми, аввало, одамларда эртанги кунга ишонч, умид уйғонди. 2016 йили халқимизга Яратган эгам меҳрибон, жонкуяр, халқпарвар давлат раҳбарини берди. Истаган соҳани олинг, қисқа вақтда қандай ўзгаришлар бўлди, давом этяпти. Санъат соҳасини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар жуда катта кўламда. Буларнинг барини қадрлаш, эътиборга яраша хизмат қилиш, яратилаётган имкониятлар, имтиёзлардан унумли фойдалана билиш керак.
Бугун янги Ўзбекистонда хотиржам яшаб туриб, ношукрлик қилаётган инсонларга ҳайрон бўламан. Шундай ривожланган техника асрида оммавий ахборот воситаларида , ижтимоий тармоқларда ўзга юртлардаги вазиятлардан бохабар бўлмаяптими? Яқинда кўрдим. Бир юртдан бир юртга кемада аёлларни олиб ўтяпти. Ярадорлар, оч қолганлар. Қаёққа сургун бўлса, ўша ёққа кетишга мажбур улар. Ҳаётидан розилик, тўкинлик, фаровонлик тугул, бир кунини қандай ўтказишни ўйлаяпти. Бутун дунёга пандемия чанг солган 2020 йилдан ҳам биз эсон-омон ўтдик-ку. Айниқса, Сардоба воқеасида Президентимизнинг уйма-уй юриб, халқнинг аҳволидан хабар олиб, қўллаб-қувватлаганини унутиб бўладими? Жабрланганлар учун тез фурсатда замонавий уйлар осонликча бунёд бўлгани йўқ.
Бугун бирор қарор қабул қилиняптими, ижросини дарров кўряпмиз. Қанча-қанча имконияти чекланган инсонлар бор. Уларга уй, бандлигини таъминлаш учун тикув машиналари бериляпти. Оғир дарди туфайли даволаниши керак бўлган, лекин шароити йўқлар бепул даволаняпти, ўқишга қурби етмаётганлар давлат ҳисобидан ўқитиляпти. Ношукрлик қилиб, одамлар қалбига раҳна солаётганлар ўзбекнинг энг оддий тўйидаги дастурхонини, келин келадиган уйини кўрсин.
Мана, яқинда Президентимиз вилоятимизга ташриф буюрганида паррандачилик билан шуғулланаётган тадбиркор аёлни қанча қўллаб-қувватлади. “Шуҳрат” медали билан тақдирлади. Роса ҳавас қилдим. Чунки юртимизнинг қаерида яшашидан қатъи назар, ҳалол меҳнат қилаётган киши юзага чиқяпти, муносиб рағбат топиш билан бирга бошқаларга ибрат қилиняпти. Чиндан ҳам бугун ишнинг кўзини билган, меҳнатдан қочмаган инсон тўкин яшаяпти.
Ҳар куни ахборот дастурларини кўраман. Вилоятларимизда заводлар, корхоналар қуриляпти, янги иш ўринлари яратиляпти. Пахтамиздан тикилган кийимларимизнинг экспорти кундан-кунга ошиб боряпти. Хуллас, ўзбекнинг карвони мўлжаллаган манзиллар нурли, мақсадлар эзгу. Мен шуларнинг барини қўшиққа солиб куйлагим, ўша тинчлик, фаровонликнинг қадрига етмаётганларга қарата баралла айтгим келади. “Санобархон сизга ёзувдим”, дея бир пайтлар шеъри, мусиқасини шундоқ тутқазган композитор, шоирлар янги Ўзбекистонни мадҳ этгувчи асарларини беришса, бажонидил ижро этаман. Зеро, халқимиз олдидаги қарзимни ҳар он ҳис қиламан.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Муножат МЎМИНОВА
суҳбатлашди.