Давлатимиз раҳбарининг “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги бу қарори ғоят кенг қамровли бўлиб, аввало, миллий мусиқа санъатимиз, маданиятимизни янада юксалтиришда чинакам дастуруламал бўлиб хизмат қилади. Зеро, унга қадар ҳам мана шундай ҳуқуқий мезонлар асосида Юнус Ражабий номидаги ўзбек миллий мусиқа санъати институти ташкил этилгани, Нукусда опера ва бахшичилик мактаби, республикамизнинг чекка ҳудудларида ҳам бахшичилик мактаблари, Болалар мусиқа ва санъат мактабларида фольклор синфларининг фаолият юритаётгани фикримизни исботлайди.
Шунингдек, “Инсон қадри учун” эзгу ғояси асосида театрларда саҳналаштириладиган камида 40 та янги спектаклга ҳар йили давлат буюртмаси берилиши биз, театр ходимларини янада руҳлантиради, янги-янги саҳна асарларининг яралишида муҳим омил бўлади. Энг яхши спектаклларнинг пул мукофотлари билан рағбатлантирилиши эса ижодкорларни ўз устида янада кўпроқ ишлашга, тинимсиз изланишга ундайди. Аҳолига маданий хизмат кўрсатиши учун мавжуд 37 та театрга автобусларнинг ажратилиши эса театр жамоаларига анча енгиллик яратади. Ҳудудларга гастрол сафарларини кўпроқ ташкиллаштиришимиз халқимизнинг театрга бўлган муҳаббати, қизиқишини оширишда ҳам юксак аҳамият касб этади. Зеро, кейинги пайтларда театрларга ташриф сезиларли даражада камайиб қолганди. Эндиликда концерт дастурлари, цирк томошалари, симфоник оркестрлар қатори театр томшалари ҳам “Маданият карвони” сафида халқимизга хизмат қилишидан бехад хурсандмиз.
Ўқувчилар ва талабалар ўртасида “таълим муассасаси – туман – вилоят – республика” кесимида маданият ва санъат соҳасидаги 11 та республика кўрик-танловларини ташкил этиш орқали соҳанинг қанча-қанча умидли вакиллари кашф этилиши аниқ. Маданият ва санъат соҳасидаги ижодкорларни ҳар йили бир маротаба тақдирлаш мақсадида маданият ва санъат миллий мукофоти таъсис этилаётгани эса соҳада профессионаллик, янгича ёндашувга интилишни кучайтиришга хизмат қилади.
Александр БЕКЖОНОВ,
Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри директори