Шукроналик ҳисси, мана беш йилдирки, ҳеч биримизни тарк этгани йўқ. Кўзлаган мақсадларимиз улкан эди. Аввалбошданоқ Президентимиз раҳбарлигида маррани баланд олиб, халқимиз ҳаётини яхшилашни олдимизга олий мақсад қилиб қўйган эдик. Бу ниятларга ортиғи билан эришдик, дейишга бугун тўлақонли асосларимиз бор.
Бугун эса янги тараққиёт даври остонасида турибмиз. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг қабул қилиниши том маънода тарихий воқеа бўлди.
Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми бўлган ушбу тарихий ҳужжатда яқин ва ўрта истиқболда Ўзбекистоннинг тараққиёт тенденциялари, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларини комплекс ривожлантириш йўналишлари аниқ белгилаб берилган.
Тараққиёт стратегиясининг аҳамияти шундаки, унинг ишлаб чиқилишида мавжуд муаммолар эътиборга олинди, ечимини кутаётган долзарб вазифалар акс эттирилди. Энг муҳими, ҳужжатнинг ишлаб чиқилишида халқимиз фаол иштирок этди. Том маънода, халқимиз ҳаммуаллифлигида ишлаб чиқилди, дейиш мумкин.
Ҳужжатда “Инсон қадри учун” деган тамойилни ҳаётда тўла рўёбга чиқариш вазифаси яққол акс этган. Айтиш керакки, бу қадрият баландпарвоз гаплардан холи тушунча бўлиб, унинг замирида ҳар бир инсоннинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечириши, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этиш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришдек устувор мақсад ва вазифалар мужассам.
Шу жиҳатлар эътиборга олиниб, Тараққиёт стратегиясида еттита устувор йўналиш бўйича “Инсон қадри учун — 100 та мақсад” белгилаб олинган. Жумладан:
— инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;
— мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;
— миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш;
— адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш;
— маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш;
— миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш;
— мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш.
Ушбу мақсадларга эришиш учун жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард долларлик 398 та чора-тадбирни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Стратегиянинг биринчи йўналишида 12 та мақсад, 42 та топшириқ бўлиб, уларнинг ҳар бири инсон қадрини улуғлашга хизмат қилувчи халқчил давлат барпо этиш, аҳоли учун фаровон турмуш шароити яратишда ғоят муҳим саналади.
Биринчи йўналишдаги илк мақсад маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш вазифаси бўлиб, айнан ушбу вазифанинг устувор мақсад сифатида белгилангани бежиз эмас. Зеро, маҳалла аҳолига, оилаларга энг яқин бўғин саналади. Шу жиҳатдан сўнгги йилларда маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш, маҳаллабай ишлаш тизимини жорий этиш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Жорий йилдан маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш мақсадида ҳоким ёрдамчиси институти жорий этилди. Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, молиявий мустақиллиги, бандликни таъминлаш, фуқаролар билан мулоқот қилиш бўйича манзилли ишлар амалга оширилмоқда. Эндиликда бу борадаги ишлар янгича йўналишда давом эттирилади. Бу борада, аввало, маҳалланинг фаол модели яратилади.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларини ҳудудларда мавжуд муаммоларни ҳал қилишдаги асосий бўғинга айлантириш вазифаси биринчи йўналишнинг иккинчи мақсади сифатида белгиланган.
Айтиш керакки, сўнгги йилларда маҳаллий Кенгашлар ижро органларидан сўровлар ўтказиш, қарорлар бўйича фикрлар билдириш, бюджетни шакллантириш ва назорат қилиш каби масалаларда фаол иштирок этмоқда.
Эндиликда жойларда Тараққиёт стратегиясининг ҳудудий дастурлари ишлаб чиқилади. Олти миллиондан ортиқ иш ўринлари яратиш бўйича тармоқ ва ҳудудлар дастурлари бўйича ҳисобот эшитиш тизими йўлга қўйилади. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, маҳаллий бюджетларни шакллантириш ва назорат қилиш юзасидан Кенгашларни асосий бўғинга айлантириш бўйича ишлар ташкил этилади. Сенат қўмиталари билан маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари фаолияти мувофиқлаштирилади. Бу чора-тадбирлар парламент назоратини кучайтириш орқали давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашга хизмат қилади.
Учинчи мақсад — маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг институционал асосларини замон талабларига мослаштиришни ҳам даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Тараққиёт стратегиясида бу борада жойлардаги масалаларни самарали ҳал этишда маҳаллий ҳокимликларнинг молиявий имкониятларини кенгайтириш, жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини ошириш, ҳокимлар сайловининг ҳуқуқий асосларини яратиш, ҳудудларда ижро органлари штат бирлиги ва тузилмаларини белгилаш амалиётини кенгайтириш, “ваколатлар реестри”ни шакллантириш, ахборот технологияларини кенг жорий қилиш, 40 дан ортиқ геопортални ишга тушириш билан боғлиқ муҳим чора-тадбирлар ўз ифодасини топган.
Маълумки, мажозий қилиб айтганда, яқин-яқингача давлат идоралари ва халқ ўртасида катта жарлик бор эди. Давлат идоралари одамларнинг ҳаётий муаммолари билан деярли қизиқмас, юқоридан айтилган буйруқларни бажариш билан банд эди. Қолаверса, давлат хизматлари кўрсатишда коррупция авж олганди.
Шуниси қувонарлики, Президентимиз томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган муҳим тамойил ҳаётда ўз аксини топиши натижасида бугун бу борадаги вазият буткул ўзгарди. Давлат органлари фаолиятини халқ билан мулоқот қилиш, ҳар бир ишни халқ фикри, талаби ва хоҳиш-истагидан келиб чиқиб ташкил этишга қаратмоқда.
Тараққиёт стратегиясида белгиланган янгича тамойиллар эса бу борадаги ишларни янада такомиллаштиришга замин бўлади. Хусусан, тўртинчи мақсад — давлат бошқаруви органлари фаолиятини “фуқарога хизмат қилиш” тамойили асосида трансформация қилиш борасида давлат бошқаруви тизими қайта кўриб чиқилади, яъни ташкил этиш ва тугатиш тартиблари, мезонларини назарда тутувчи ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқилади. Шунингдек, давлат бошқаруви органларининг штатлар бирликларини оширишга чекловлар ўрнатиш ҳамда кадрлар ва моддий ресурслардан фойдаланиш мезонларини белгилаш назарда тутилган.
Вазирлик ва идораларга ўз ваколатига кирадиган масалаларни ҳал қилишда кўпроқ мустақиллик бериш, шу билан бирга, уларнинг ижро интизомини кучайтириш орқали 5 мақсад — ихчам, профессионал, адолатли, юқори натижадорликка хизмат қиладиган давлат бошқаруви тизимини жорий қилиш кўзда тутилган.
Давлат бошқаруви тизимида маъмурий аппаратни ихчамлаштириш ва иш жараёнларини мақбуллаштиришни назарда тутувчи олтинчи мақсад ҳам самарали бошқарув тизимини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Ушбу мақсадга эришиш борасида айрим давлат функцияларини хусусий секторга ўтказишни
3 баробарга ошириш, шунингдек, давлат бошқарувини номарказлаштириш ва очиқлигини таъминлаш кўзда тутилган.
Мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларни изчил давом эттиришда еттинчи мақсад — Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партияларнинг ролини янада ошириш Тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан биридир. Бу борада ички ва ташқи сиёсатга оид муҳим вазифаларни ҳал этишда ваколатларини кенгайтириш, қонунларнинг сўзсиз ижро этилишида парламент назорати институтидан фойдаланишни кучайтириш, қонун ижодкорлиги ва парламент назоратида кенг жамоатчилик билан бамаслаҳат иш олиб бориш белгиланган.
Шунингдек, давлат бюджети ташкилотларига аниқ стратегик вазифалар қўйиш, уларга сўров юбориш амалиёти жорий қилинади. Ҳудудлар билан тўғридан-тўғри, шу жумладан, масофавий ишлашни жорий қилиш, ҳудудларни ривожлантириш масалаларида жойлардаги депутат ва сенаторларнинг иштирокини кучайтириш белгиланган.
Бу борада белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишда электрон парламентни жорий этиш муҳим аҳамиятга эга. Бу йўналишда Сенатнинг маҳаллий Кенгашлар билан фаолияти тўлиқ электронлаштирилади.
Сенатор ва депутатлар қонунларни кўриб чиқишдан ташқари, улар асосий ишини жойларда ўзи сайланган округларда ташкил қилади. Бу борада норма ижодкорлиги жараёнини модернизация қилиш, қонунларнинг қатъий ижросини таъминлаш, деб белгиланган саккизинчи мақсад доирасида Ўзбекистон Республикаси Қонунчилигини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади.
Тўққизинчи — “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш, электрон давлат хизматларининг улушини 100 фоизга етказиш ҳамда бюрократияни бартараф этиш мақсади доирасида давлат хизматларини рақамлаштириш борасидаги ишлар янада жадаллаштирилади. Мобиль иловалар орқали хизмат кўрсатиш кенгайтирилади ҳамда уларнинг 20 фоизи хусусий секторга ўтказилади. Давлат хизматларини кўрсатишда шахсни идентификация қилишнинг Mobile ID тизими жорий қилинади, “Электрон ҳукумат” тизими орқали давлат органлари ҳамда хусусий ташкилотлар ўртасида маълумот алмашинуви йўлга қўйилади. Шунингдек, кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш соддалаштирилади, “Фуқароларнинг рақамли паспорти” лойиҳасини жорий қилиш орқали бошқа тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш амалиётидан воз кечилади.
Давлат фуқаролик хизмати тизимини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш, халқ билан мулоқотнинг самарали механизмларини ҳамда таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш каби мақсадлар ҳам Тараққиёт стратегиясининг асосий ўзаги — инсон қадрини улуғлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида мамлакатимизни янада тараққий эттириш, халқимиз муносиб ва фаровон ҳаёт кечириши, ўсиб келаётган ёшларимиз жамиятдан муносиб ўрин эгаллаши, эртамиз бугундан ҳам нурафшон бўлиши учун улуғвор мақсад ва вазифалар белгиланган. Халқимиз томонидан қизғин қўллаб-қувватланаётган бу стратегиядаги ҳар бир мақсад ва тадбирларни тўла рўёбга чиқаришда фаол ва ташаббускор бўлиш, хизмат вазифамизни сидқидилдан бажариш бурчимиздир.
Президентимиз давлат халққа хизмат қилиши шарт ғоясини илгари сурган. Агар биз мана шу Тараққиёт стратегиясида ва унга илова қилинаётган дастурни сўзсиз, сифатли бажарадиган бўлсак, 2026 йилга келиб биз БМТ томонидан эълон қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларини ҳам сўзсиз бажаришга эришамиз.
Танзила НОРБОЕВА,
Олий Мажлис Сенати раиси