Қизилтепада туман марказидан анча йироқда бўлган “Тошработ” ҳудудида “Тошработ”, қўшни Бухоро вилояти билан чегара бўлган манзилдаги “Арабон” маҳалла фуқаролари йиғинида Давлат хизматлари марказининг “Консурун” филиаллари иш бошлади. Хизмат моҳиятининг ўзи аҳолини бир ҳужжатни деб овора қилмаслик, фуқароларга қулайлик яратишдан иборат. Мақсад халқ рози ризолигини олиш.

Қизилтепа тумани Давлат хизматлари маркази “Консурун” филиалининг биринчи мижози “Арабон” қишлоғилик Наргиза Эргашева бўлди. Фарзандлари ёш бўлгани учун марказга бориб давлат хизмати олишга имкони бўлмаган фуқаро ҳовлисида газ ўрнатишга рухсат олиш учун филлиалга мурожаат қилди. Мурожаати қабул қилинганидан хурсанд бўлган фуқаро ўзи сингари ҳудуддаги 18 минг аҳолининг давлат хизматига бўлган эҳтиёжи ҳеч қандай оворагарчиликсиз қишлоқнинг ўзида ҳал бўлишини таъкидлади. 

Тошработлик отахон Баҳодир Исмоиловнинг таъкидлашича, марказ филиаллари туфайли энди одамлар узоқ йўлда маблағ йўқотмайдилар, ортиқча вақт сарфламайдилар. Чунки  “Тошработ” массивида 8 та маҳаллада 35 минг аҳоли яшайди.  8 та мактаб ва 6 та қишлоқ врачлик пункти мавжуд.

Маҳалла фаолларининг фикрича, аввал бир ҳужжатни олиш учун кунни кеч қилишга тўғри келган. Энди тошработликлар туман марказига бориш учун 40 километрлик йўлни босишмайди.

Давлат хизматлари агентлиги Навоий вилояти ахборот хизмати