Нўъмон жигарида ҳеч қачон муаммо сезмаган. Аммо дард огоҳлантириб келмаскан. 2013 йили навбатдаги кўрик чоғида қонида В гепатити вируси аниқланди. У бунга унчалик аҳамият бермади. Ёғли, ҳазми оғир таомларга ружу қўйиш, боз устига, бир жойда ўтириб ишлаш, ҳаракатсизлик, спорт билан ҳам деярли шуғулланмаслик ўз таъсирини кўрсатди. Борган сари касаллиги оғирлашди.
2020 йили пандемия бошланган паллада коронавирусга чалинди. Уйда даволанди. Дард бир келса, кетиши қийин экан, ўша йили охирида пневмонияга йўлиқиб, оғир аҳволда шифохонага ётқизилди. Охирги бетоблик жигарига қаттиқ зарба бўлди. Бутунлай тўшакка михланиб қолди. Таҳлил натижалари жигар саломатлиги қайта тикланмас босқичга ўтганини кўрсатди. Омон қолишнинг бирдан-бир йўли жигар кўчириб ўтказиш амалиёти эди.
Нўъмон дунёнинг қайси бурчагида бундай амалиёт ўтказилиши билан қизиқди. Эҳе, нархлар отнинг калласи-ку! Бундай амалиётлар Ҳиндистонда 15-20, Туркияда 25-30, Исроилда 100 минг, Германия ва Европанинг бошқа давлатларида 120-150 минг, АҚШда ҳатто 200 минг доллар эвазига бажариларкан. Бу биргина жарроҳлик амалиёти учун талаб этиладиган маблағ. Операциядан кейинги муолажалар, албатта, донор ва ҳамроҳ бўлиб борган бошқа яқинининг яшаш харажати қўшиладиган бўлса, бу маблағ 2-3 карра кўпайиши табиий эди. Бунча пул қаёқда дейсиз? Чорасизлик қаршисида ожиз, ҳаётга умиди тобора сўниб борар, аммо кўз олдидан оиласи, фарзанди кетмас, ўзидан кейин уларнинг ҳоли нима кечиши ҳақида ўйласа, ўртаниб кетарди.
Турмуш ўртоғининг далдаси билан қаерда бўлмасин, жарроҳлик амалиётини ўтказишга қарор қилди. Қўлидаги бор-будини сотди, қариндош-уруғ, дўст-ёр ҳам қараб турмади. Амал-тақал қилиб, турмуш ўртоғи Зумрадхон ҳамроҳлигида Ҳиндистонга йўл олди.
— Аёлим жигарининг бир бўлагини беришга рози бўлди, — дейди Нўъмон Отабоев. — 2021 йил мартида операция қилдиришга муваффақ бўлдик. Операцияга тайёрлаш жараёни, амалиёт ва ундан кейинги жараён учун 80 кунча вақт кетди. Яшаш харажати қиммат, қўлимиздаги маблағ ҳаминқадарлигидан эзилардик. Ўзга юрт ҳавоси, тилни яхши билмаслигимиз, нарх-наво анча толиқтирди. Аҳволим бир оз ўнглангач, минг қийинчилик билан уйга қайтдик.
Ўзи каби шифо истаб борганлар орасида жарроҳлик амалиёти муваффақиятсиз кечгани туфайли вафот этган, уни Ватанга олиб кетиш қариндошлари учун жуда катта муаммо бўлган ҳолатларни кўриш азобли эди. Операцияни ўтказиб, уйга қайтганидан сўнг хориждаги шифокорлар билан доимий мулоқотда бўлиб туриш, консультацияга бориш, тўсатдан тоби қочиб қолса, нима қилишини билмаслик Нўъмонга анча ноқулайлик туғдирди.
Шу йил 7 ноябрдан академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг консультатив поликлиникасида юртимиз ҳамда чет элда жигар трансплантацияси бажарилган беморлар бепул тиббий кўрикдан ўтказилиши ҳақида акция эълон қилинди. Нўъмон ва аёли мазкур маслаҳат ва текширувлар хирургия маркази ҳамда Россиянинг академик В.И.Шумаков номидаги Миллий трансплантология ва сунъий органлар тиббий тадқиқот марказининг етакчи мутахассислари билан биргаликда амалга оширилиши ҳақида эшитиб, тезда муассаса сари йўл олди.
Гарчи чет элда операция қилдириб келган бўлса-да, кейинги ҳаёти қандай кечаётгани билан қизиқиш, беморлар ҳолидан хабар олиш, малакали шифокорларнинг бепул кўриги ва маслаҳати Нўъмон ва Зумрадхон каби юзлаб фуқароларга далда бўлди. Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг қадри фақат қоғозларда, ҳисоботда эмас, амалда ўз ифодасини топаётгани, буни ҳар бир фуқаро ўз ҳаёти мисолида кўриб, ҳис қилиб турганини миннатдорлик сўзларию розилик балқиб турган нигоҳларда кўриш қийин эмас.
Ҳуқуқий асос
Бундан беш-олти йил олдин тиббиётнинг энг мураккаб, ўта масъулиятли ва айни пайтда эҳтиёж ортиб бораётган йўналишларидан бири бўлган трансплантология, яъни инсон органлари ва тўқималари (ҳужайралари)ни кўчириш масаласи муҳокамали ва ўз ечимини кутаётган муаммолардан эди.
2017 йили 23 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Буйрак ва (ёки) жигар бўлаги ҳамда гематопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори имзоланди. Ўтган вақт давомида мамлакатимиздаги икки етакчи тиббиёт муассасасида органлар трансплантацияси йўлга қўйилди. Тошкент нефрология шифохонаси негизидаги Нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий- амалий маркази, шунингдек, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказида янги нефрология, гемодиализ ва буйрак трансплантологияси кафедраси очилди. Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистонда трансплантология ривожига туртки берди.
2017 йилдан буён 80 дан ортиқ мутахассис хорижга ўқишга юборилди. Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказида Нефрология, гемодиализ ва буйрак трансплантологияси кафедрасида юртимизнинг барча ҳудудидан 52 нафар мутахассис донор ва беморларни буйрак трансплантациясига тайёрлаш, амалиёт ўтказилганларни парваришлаш курсларида таҳсил олди. Бундан ташқари, мазкур кафедрада буйрак трансплантацияси мутахассислиги курси ва бир йиллик стажировка жорий этилди. 2017 йил октябрь ойидан жорий йил 1 ноябргача бўлган вақтда 1000 дан ортиқ буйрак ва 40 га яқин жигар бўлагини кўчириб ўтказиш операцияси амалга оширилди. Операция лар сони йилдан-йилга ортиб бораётган бўлса-да, трансплантацияга муҳтож беморлар сони юқорилигича қолаётган эди.
Президентимизнинг ўтган йил 4 октябр даги “Хирургия хизматини трансформация қилиш, ҳудудларда жарроҳлик амалиётлари сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида хирургия хизматини янада такомиллаштириш, тизимнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, юртимизда юқори технологик жарроҳлик амалиётларини йўлга қўйиш, ташхислаш, операция қилиш ва даволаш бўйича мутахассислар тайёрлаш, малакасини ошириш каби қатор вазифалар белгилаб берилди.
Шу йил 11 майда давлатимиз раҳбари “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги қонунни имзолади. Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ҳимоясига қаратилган давлат сиёсатини амалдаги қонунчилик асослари билан тўлдириш имконини берди.
— Юртимизда узоқ йиллар давомида мазкур йўналиш бўйича қонунчилик асослари яратилмагани трансплантологиянинг клиник фан сифатида тўхтаб қолишига ҳамда касалликка чалинган беморлар ҳаётини сақлаб қолиш имконияти йўқотилишига олиб келди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қизилгул Қосимова. — Ушбу вазиятда баъзи беморлар бу турдаги амалиётлар қимматлигига қарамай, хориждаги тиббиёт муассасаларида операция қилдиришга мажбур бўларди. Чет элларда даволаниш пайти турли машаққат ва катта миқдордаги харажатларга дуч келарди.
Фуқароларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш ва ўта оғир беморларнинг тўлақонли ҳаётга қайтишига имкон яратиш мақсадида ушбу қонун ишлаб чиқилди. Уни тайёрлашда Германия, Польша, Россия, Беларусь, Украина, Молдова ва АҚШ каби давлатларнинг трансплантация соҳасига оид қонунчилиги ўрганилди.
— Қонун қабул қилиниши билан донор бўладиган шахслар доираси кенгайтирилди ва қариндош донори йўқ шахсларга бу каби операцияларни бажаришга қонуний асосда имконият яратилди, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош трансплантологи Пўлат Султонов. — Шунингдек, инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари унинг мурдасидан трансплантацияга олинишига ҳам рухсат берилди. Шу боис, трансплантация амалиёти бажариладиган муассасалар рўйхати кенгайтирилди. 2017–2021 йилгача жами 2 та муассасада трансплантация амалиёти бажарилган бўлса, айни пайтда юртимизнинг деярли барча ҳудудида бу амалиёт йўлга қўйилди.
Қонун билан трансплантация қилинадиган инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг олди-сотдиси таъқиқланган.
Ҳозир юртимизда гемодиализ муолажаларини олаётган беморлар сони 4 минг 258 нафар. Шулардан 1703 нафари (40 фоизи) буйрак трансплантацияси амалиётига муҳтож.
— Трансплантация амалиётига муҳтож 1 минг 703 нафар беморга гемодиализ сеансларини ўтказиш учун бир йилда 12 миллион 262 минг АҚШ доллари сарфланади. Битта гемодиализ сеансига давлат ҳисобидан ўртача 50 АҚШ доллари талаб этилади. Агар юқоридаги 1 минг 703 нафар беморда буйрак трансплантацияси ўтказилса, операциядан кейинги қабул қилинадиган иммуносупрессор терапияси 2 миллион 44 минг АҚШ долларига тенг бўлади, — дейди Пўлат Султонов. — Буйрак трансплантациясига муҳтож 1 нафар беморда операция ўтказилса, операциядан кейинги давр (реабилитация)да 5 баробар маблағ иқтисод бўлиши тахмин қилинмоқда.
Буйраги касалланганлар шифохонага уч кунда бир бориб, гемодиализ олади. Бемор чеккароқ ҳудудда яшаётган бўлса, қайсидир марказий шифохонага бориши керак. Хаста жонга йўл азоби — гўр азоби. Кун ора 3-4 соат гемодиализ қабул қилган беморлар жуда қийналиб, чарчайди. Агар трансплантация амалга оширилса, бундай қийинчиликка барҳам берилади. Операциядан кейин бемор ўзини яхши ҳис қилади, кайфияти жойига тушади. Гемодиализ аёлларнинг фарзанд кўриш имкониятини камайтиради. Эркакларда ҳам жиддий асорат қолдиради. Аммо аъзо кўчирилиб ўтказилгандан кейин ҳам ота ёки она бўлишдек улуғ бахтга эришган беморлар кўплиги трансплантация амалиётининг умр давомийлиги, ҳаёт сифати ва мазмунини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор кўрсатади.
Орамиздаги одамлар
Жисман соғлом ва руҳан етук фуқаро ҳар қандай жамиятнинг бойлиги саналади. Шу боис, мамлакатимизда инсон саломатлигини муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устувор вазифасига айланди. Бу борада қабул қилинган қатор меъёрий ҳужжатларда халқаро андозалар даражасидаги тиббий хизмат кўрсатиш тизимини барпо этиш, халқимизни янада соғломлаштириш, эл розилигига эришишдек улуғ мақсад ўз ифодасини топди. Айниқса, трансплантология йўналишида сезиларли қадам ташланди. Зеро, буйрак, жигар етишмовчилиги ва бошқа оғир касалликлари бўлган беморларда трансплантация ўтказиш даволашнинг ягона радикал усулидир. Бу борада Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази етакчи клиника.
— Марказ ва Вирусология илмий- тадқиқот институти ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида диффуз жигар касаллиги билан касалланган беморлар сони таҳлил қилиб келинмоқда, — дейди хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Саидмурод Исмоилов. — Ўзбекистонда жигар циррози касаллигининг клиник кўринишлари йилига 5000 кишида кузатилади. Улардан 500 нафари ҳар йили жигар трансплантациясини талаб қилади. Беморларнинг аксарияти чет эл (асосан, Ҳиндистон, Туркия, Исроил, Германия)га ушбу турдаги амалиётларни ўтказиш учун боради. Кейинги йилларда бунга зарурат қолмаяпти. Энг мураккаб жарроҳлик амалиёти марказимизнинг ўзида, малакали мутахассислар кўмагида бажарилаётир.
Марказнинг гепатобилиар жарроҳлиги ва жигар трансплантацияси бўлимида ҳар ойда 2-3 та жигар трансплантацияси амалга оширилади. Шунингдек, 2023–2024 йилларда тиббиёт соҳасидаги энг илғор ҳудудларга ушбу турдаги амалиётларни жорий этиш имконини берадиган минтақавий мутахассислар ҳам тайёрланмоқда.
Бугун бундай амалиётларнинг юртимизда аҳоли саломатлигини асраш, халқимизнинг сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш борасидаги ҳуқуқини кафолатлашда муҳим аҳамият касб этяпти. Натижада соғлом муҳит ва фаровон турмуш қарор топиб, оилалар бутунлиги, ота-оналар ва болалар, мўътабар кексаларимизнинг миннатдорлик ҳамда шукроналик ҳисси билан умргузаронлик қилишига замин яратмоқда.
Яқинда марказда ўзбек хирургияси тарихида илк бор бир пайтнинг ўзида юрак ва буйракда ўтказилган ноёб операция яна бир юртдошимизни ҳаётга қайтариб, унга яшаш ҳуқуқини тақдим этди. Юрак ва буйрак инсон организмида ўта муҳим функцияларни бажаради. Улардан бирининг фаолияти бузилса, инсон ҳаёти жиддий хавф остида қолади. Бу икки аъзода бир вақтнинг ўзида жарроҳлик амалиёти ўтказилишини тасаввур қилиб кўринг-а!
Давронбек Ғойипов 47 ёшда. Тўрткўл туманида истиқомат қилади. Юқори қон босими, бош оғриғи, кўз хиралашиши ва доимий чарчоқ каби асоратлардан азият чекиб келган бемор ўзида сурункали буйрак етишмовчилиги борлигидан хабар топгач, гемодиализ муолажаларини ола бошлайди. Кўп йиллардан бери қандли диабет, гипертония касаллиги билан оғриб юргани аҳволини янада оғирлаштирди. Натижада жорий йил сентябрь ойида хирургия марказига буйрак кўчириб ўтказиш бўйича мурожаат қилди.
Беморга қизи Зебинисо Ғойипова донорлик қиладиган бўлди.
Буйрак трансплантацияси жуда узоқ вақт давом этиши сабабли беморнинг юраги бу мураккаб операцияга қанчалик дош бера олишини текшириш лозим эди. Кўрик чоғида эса бемор юрагининг уч жойида жиддий муаммо аниқланди. Операция давомида юрак танага қон етказиб бера олмасдан, инфаркт юзага келиши хавфи бор эди. Шунинг учун ҳам режалаштирилган амалиёт икки босқичда ўтиши белгиланди. Биринчи босқичда юракда коронар-шунтлаш амалиёти бажарилиб, унга параллел равишда буйрак кўчириб ўтказишга қарор қилинди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай мураккаб амалиёт дунё бўйича йилига атиги 5-10 та ўтказилади. Ўзбекистонда эса ҳали бундай операция бажарилмаган. Хирургия марказида ташкил этилган комиссия аъзолари рухсати билан бошланган ушбу юқори технологик ноёб муолажа муваффақиятли якунланди.
— Операцияга киришда жуда қўрққандим. Чунки бирйўла иккита амалиёт бажарилиши керак эди. Организмим кўтарармикин, тирик қолармикинман, дея кўп ўйладим. Минг шукр, операция яхши ўтди. Шифокорлар бор имкониятни ишга солди. Улардан миннатдорман, — дейди Даврон Ғойипов.
Инсон учун саломатликдан ортиқроқ неъмат йўқ. Аммо ҳаёт ҳар доим ҳам бир текис кечмайди. Баъзан инсонни бедаво дард қаршисида ожиз қолдиради. Шундай пайтда кимнингдир кўмаги, эътибори киши кўнглини кўтаради, ҳаётга умидини орттиради. Айниқса, даволаниш ва тузалиш учун имкон яратилса, бунинг қийматини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.
— 2013 йили жигаримда В, Д гепатити вируси аниқланган эди. Ўшандан бери даволаниб келаётгандим, — дейди Узун тумани Гулистон маҳалласида яшовчи Бобур Кенжаев. — 2018 йили қаттиқ тобим қочди. Шифокорлар жигар циррози бошланиши, дея ташхис қўйди. Шундан кейин ҳеч ўнгланмадим. Шу йил ёз ойларида ички қон кетиш бошланди. Пойтахтимиздаги Вирусология илмий-тадқиқот институти реанимация бўлимида 15 кун ётдим. Шифокорлар бор имкониятни ишга солди. Аҳволим бир оз ўнгланди. Чет элда операция қилдириш учун катта маблағ зарурлиги, бунча пулни топиш имкони йўқлигидан эзилардим. Чорасиз эдим. Юртимизда шундай операция йўлга қўйилганини эшитиб, роса қувондим. Ўз уйинг — ўлан тўшагинг, дейишади. Оқибат қандай бўлишини билмайман. Шу боис, нохуш ҳолат юз берган тақдирда ҳам ўз юртимда бўлганим афзал, дедим ва хирургия марказига келиб учрашдим. Шифокорлар ҳужжатларимни тайёрлашни, керакли таҳлилларни топшириб келишимни тайинлади.
Шу йил 21 октябрда Бобур операция қилинди. Турмуш ўртоғи донор бўлди. Операциядан бир ҳафта ўтиб, унга уйга кетишга рухсат берилди. Ҳозир маҳаллий шифокорлар назоратида. Саломатлиги яхши, жигари тикланиш босқичида. Ўрнидан туриб юради, овқатланади.
“Жигарим ишлай бошлади. Шифокорларга раҳмат. Жарроҳлик амалиёти ва муолажалар бепул амалга оширилди”, дейди Бобур.
Оғир хасталикдан ортиқча оворагарчилик ва сарф-харажатсиз оёққа тураётган юртдошларимиз кўзларидаги севинч ёшлари кишини бир қадар тўлқинлантиради. Зеро, инсон қадр-қиммати баланд тутилаётган, хаста кўнгилларда миннатдорлик, шукроналик ҳисси тўлаётганини кўриш ҳар қандай кишига эртанги кунга умид, рағбат бағишлайди.
Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 26 октябрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида барпо этилган янги хирургия мажмуаси имкониятлари билан танишди. Беш қаватли, 75 ўринга мўлжалланган мажмуада шошилинч тиббий ёрдамдаги энг ноёб соҳалар — кардиохирургия, нейроваскуляр хирургия ҳамда трансплантология қамраб олинган.
Бинода трансплантология учун ажратилган 25 ўринли бўлим энг сўнгги русумдаги тиббий анжомлар билан жиҳозланган. Бу ерда келгусида буйрак ва жигар бўлагини кўчириб ўтказиш бўйича йилига 300дан зиёд амалиёт бажарилиши учун шароит яратилган. Бу эса аъзо кўчириб ўтказилишига муҳтож шунча инсоннинг яшаш ҳуқуқини таъминлаш, уларга қайта ҳаёт бағишлаш, хаста дилларга умид, ишонч беради дегани. “Инсон қадри учун” эзгу тамойили бугун ҳар бир юртдошимиз ҳаётида ўз ифодасини топиши йўлидаги бу саъй-ҳаракатлар, албатта, бесамар кетмайди. Зеро, мамлакат келажаги ва тақдирини соғлом ва баркамол инсонлар белгилайди.
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири