Тошкент шаҳридаги Халқаро медиа холлда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Ўзбекистон Президенти сайлови кампаниясида иштирокига бағишланган брифинг ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, партия депутатлари ва фаоллар, кузатувчилар, жамоат ташкилотлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Брифингда маълум қилинишича, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Ўзбекистон тарихидаги барча парламент ва Президентлик сайловида иштирок этган ягона сиёсий партиядир. Бу жараёнлар партиянинг сиёсий тажрибасини оширди, мафкуравий, ташкилий ва услубий жиҳатдан мустаҳкамлади. Президент сайловига тайёргарлик кўриш доирасида партия Сайловолди дастурини кўриб чиқиш бўйича ишчи эксперт гуруҳ шакллантирилди ва мазкур гуруҳ томонидан партиянинг Сайловолди дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди. Партиянинг сайловда фаол иштирок этишини таъминлаш мақсадида асосий тадбирлар календарь режаси ишлаб чиқилди. Шунингдек, мазкур жараённинг барча босқичларини самарали ташкил этиш ҳамда фаолиятни тизимли мувофиқлаштириб бориш бўйича партия марказий сайлов штаби ташкил этилиб, асосий вазифалар белгилаб олинди.

Сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам бериш, жойларда тарғибот ишларини олиб бориш бўйича номзоднинг 15 нафар ишончли вакили танлаб олинди ва МСК томонидан рўйхатга олиниб, гувоҳномалар берилди. Сайловолди ташвиқотида маҳалла, корхона ва ташкилотларда, ишлаб чиқариш объектларида номзод ва унинг ишончли вакиллари томонидан сайловчилар билан учрашувлар ташкил этилди. Бунда номзод вилоят марказларида, ишончли вакиллар эса маҳаллалар кесимда сайловчилар билан учрашувлар ўтказилди. Бугунги кунгача номзод ва унинг ишончли вакиллари, партия фаоллари томонидан жойларда 250 дан ортиқ учрашувлар ўтказилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ахборот маконидаги ўрнини мустаҳкамлаш борасидаги устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича 6 та йўналишдан иборат партиянинг медиа дастури ва PR-стратегияси ишлаб чиқилди. Партиянинг www.xdp.uz веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида фуқаролар билан алоқа қилиш тизимининг замон талабига мослаштириш мақсадида бир қатор интерактив алоқа хизматлари очилди ва сайт имкониятлари янада кенгайтирилди, партиянинг марказий ва ҳудудий кенгашлари қошида ахборот майдони бўйича ишловчи гуруҳлар шакллантирилди.

Партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши биносида энг замонавий ахборот технологиялар ва рақамли ускуналар билан жиҳозланган Мультимедиа маркази ташкил этилди.

Брифингда партиянинг Президент сайлови кампаниясида иштироки юзасидан амалга оширилаётган тадбирлар хусусида атрофлича маълумот берилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Баҳор Хидирова, «Янги Ўзбекистон» мухбири