Миллиардерларнинг кўпайиши фонд бозорининг ўсиши ва сунъий интеллектнинг ривожланиши билан боғлиқ.
Hurun Groupнинг 5 март куни эълон қилинган йиллик ҳисоботига кўра, Хитой дунё бўйлаб 4020 миллиардердан 1110 миллиардерга эга бўлди, бу бир йилда 287 нафарга кўп. Бу мамлакатнинг сўнгги уч йилдаги йўқотишларини қоплади ва 1000 миллиардерга эга бўлган АҚШ ва 308 миллиардери бор Ҳиндистонни ортда қолдириш имконини берди.
Технологияларнинг, хусусан, сунъий интеллектнинг ривожланиши янги бойлик манбаига айланди. Янги хитойлик миллиардерлар орасида 3,6 миллиард долларлик соф бойликка эга MiniMax компаниясидан Янь Цзюньцзе ва 1,2 миллиард долларлик Knowledge Atlas Technology JSC (Zhipu) компаниясидан Лю Дебин бор. Дунё бўйлаб жами 114 миллиардер сунъий интеллект билан боғлиқ компанияларда ишлайди, улардан 46 нафари биринчи марта рейтингга кирди.
Hurun Group рўйхатидаги Топ учликка Илон Маск (792 миллиард доллар), Жефф Безос (300 миллиард доллар) ва Ларри Пейж (281 миллиард доллар) ўрин олди. Маск соф бойлиги 700 миллиард доллардан ошган биринчи шахсга айланди.
Шаҳарлар орасида Нью-Йорк 146 киши билан миллиардерлар сони бўйича дунёда етакчи бўлиб қолмоқда. Ундан кейинги ўринда Шэньчжэнь (132), Шанхай, Пекин ва Лондон бормоқда. Дунё бўйлаб миллиардерларнинг ўртача ёши 65 ёшни ташкил этади, деб хабар берди inform.kz.