Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги вилоят делегациясининг Хитой Халқ Республикасига амалий ташрифи давомида Ченду шаҳрида Фарғона вилояти ва Сичуан провинцияси инвестициялар, саноат ва савдо ҳамкорлиги Форуми бўлиб ўтди.
100 нафарга яқин хитойлик ишбилармонлар, инвесторлар ҳамда Фарғона вилояти расмийлари, вилоятдаги йирик компаниялар раҳбарлари иштирокида ўтказилган Форумда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Ўзбекистон – Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини, бугунги кунда Хитой юртимизнинг энг йирик савдо шеригига айланганини таъкидлади.
Ҳозирда Фарғона вилоятида Хитой капитали иштирокида жами 138 та корхона фаолият олиб бораётганини, 2022 йилда 375,1 миллион доллар Хитой сармояси жалб этилганини, бугунги кунда Хитой билан ҳамкорликда 25 та лойиҳа доирасида қиймати 1 миллиард 224 миллион долларлик инвестиция киритиш бўйича амалий ишлар олиб борилаётганини қайд этган вилоят ҳокими, бўлиб ўтаётган Форумнинг янги ҳамкорлик кўлами йўналишларини белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этишига эътибор қаратди.
Форумда Ўзбекистоннинг Хитойдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фарҳод Арзиев ҳамда Сичуан провинцияси савдони ривожлантириш кенгаши раиси Хуан Ли ҳам чиқиш қилдилар.
Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари – вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Иқболжон Эргашев томонидан вилоят иқтисодиётида амалга оширилаётган ишлар, ўсиш суръатлари ва вилоятнинг инвестицион, экспорт салоҳияти ҳақида тақдимот амалга оширилди.
Форум давомида B2B ва G2B форматида музокаралар ўтказилиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўйича эришилган келишувлар доирасидаги савдо-инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича иш ташкил этиш белгилаб олинди, деб хабар беради Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.