ChatGPT боти Хитойда тақиқланган, шундай бўлса-да Интернет фойдаланувчилари унга кириш учун VPNдан фойдаланишлари мумкин. Хабар қилинишича, гумонланувчи ChatGPTдан поезднинг рельсдан чиқиб кетгани ҳақида сохта хабар яратиш учун фойдаланган, кейин уни фойда олиш мақсадида интернетга жойлаган. Мақола 15 000 мартага яқин кўрилди.
Хитойда 2011 йилдан буён поезд ҳалокатлари долзарб мавзу бўлиб келган, ўшанда аҳоли Вэньчжоу шаҳрида 40 кишининг ҳалок бўлишига сабаб бўлган тезюрар поездининг тўқнашуви ҳақида давлат оммавий ахборот воситалари нега ўз вақтида маълумот бермаганига норозилик билдирган.
Ганьсу маъмуриятининг маълум қилишича, Хун исмли гумондор 5 май куни жанубий Гуандун вилоятидаги Дунгуань шаҳрида сўроқ қилинган.
“Хун сўнгги технологиялардан фойдаланиб, ёлғон маълумотни интернетда тарқатган ва шу орқали у кенг тарқалиб кетган, — дейилади Ганьсу полицияси баёнотида. “У муаммо келтириб чиқармоқчи бўлган”.
Бу Хитойда январь ойида дипфейкдан фойдаланишни чекловчи янги қоидаларни қабул қилганидан бери фуқаронинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ илк ҳолат, деб хабар беради ixbt.com.