Халқаро экспертларнинг фикрича, Хитой давлатига экспорт кўлами кенгайиб бораётганлигининг асосий омили – Хитой Халқ Республикаси ўртаҳол аҳолисининг сони (400 миллиондан ортиқ) жадал суръатлар билан ўсиб бораётган, ҳамда озиқ-овқат чакана бозорининг ҳажми бўйича дунёда биринчи ўринда турувчи энг йирик бозор ҳисобланади. Бугунги кунда Хитойда озиқ-овқат ва ичимликлар истеъмоли 1 триллион доллардан зиёдни ташкил этади. Бу кўрсаткич эса тобора ўсиб боряпти.
Шунингдек, Хитой бозорида соя, яшил мош, ловия, ясмиқ ва бошқа дуккакли ўсимликлар маҳсулотлари кенг тарқалган бўлиб, уларга талаб ҳам борган сари ортяпти. Хусусан, мош ҳар бир хитойликнинг овқатланиш рационига киритилган.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Экспортга кўмаклашиш бўлими маълумотларига кўра, шу кунларда Хитой Халқ Республикасига мош экспорт қилувчи тадбиркорлик субъектларининг сони 10 тага кўпайиб, эндиликда жами 65 та экспортёр корхоналар мазкур давлатга мош маҳсулотини экспорт қилишлари мумкин.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ва Хитой Халқ Республикаси Бош божхона бошқармаси ўртасида «Ўзбекистондан Хитойга мош экспорт қилиш бўйича фитосанитария талаблари тўғрисида»ги баённома имзоланган бўлиб, мазкур Баённоманинг имзоланиши ўзбекистонлик тадбиркорлар томонидан Хитойга мош экспортини янада оширишга янги имкониятлар эшикларини очиб берди.
Шу билан бирга, Ўзбекистондан Хитойга экспорт қилинаётган маҳсулотлар санитария-гигиена меъёрларига, фитосанитария қоидаларига ва Баённомада назарда тутилган талабларга тўлиқ жавоб бериши керак.
Маълумот учун: Хитой мамлакатга импорт қилинадиган барча маҳсулотлар устидан қатъий назорат ўрнатган ва барча импортёр-ишлаб чиқарувчиларга маҳсулотнинг сифатини текшириш юзасидан карантин ҳолати эълон қилинган. Текширув давомида Хитой ҳукумати маҳсулотда ўсимлик зараркунандаларининг мавжудлиги ва уларнинг тарқалиш хавфини олдини олишга жиддий эътибор беради.
Умуман олганда, сўнгги икки йилда амалга оширилган биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида ўзбек мош экспортининг ҳажми уч бараварга кўпайиб, 2019 йилдаги 28 минг тоннадан 2020 йилда 75 минг тоннагача оширилди. Шу билан бирга, Хитой импорт қиладиган ушбу маҳсулот умумий ҳажмида Ўзбекистоннинг улуши 26 фоиздан 36,5 фоизга ошди, деб хабар беради Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги матбуот хизмати.