Жорий йил 17 февраль куни Хитойнинг Циндао шаҳрида (Шаньдун провинцияси) “Хитой – ШҲТ намунавий зонаси марвариди” халқаро ЭКСПО маркази ҳудудида Ўзбекистон савдо уйининг очилиш маросими бўлиб ўтди. 

Мазкур мажмуада Ўзбекистон билан бир қаторда ШҲТга аъзо бўлган бошқа давлатларнинг савдо павильонлари ҳам жой олган.

Очилиш маросимида Шаньдун провинцияси ва Циндао шаҳри маъмурияти, ишбилармон доиралари вакиллари, Хитой Тижорат вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси, Марказий Осиё мамлакатларининг Хитойдаги элчихоналари ва ОАВ вакиллари қатнашдилар.

Ўзбекистон савдо кўргазмаси пештахталаридан мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган экспортбоп маҳсулотлар жой олган.

Хусусан, мева шарбатлари, табиий асал, қуритилган мевалар, қандолат маҳсулотлари, маъданли сувлар, заъфарон, тўқимачилик ва чарм-саноат маҳсулотлари, кабел-ўтказгичлар, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари шулар жумласига киради.