Мамлакатимиз темир йўл транспорти тизимида янги йўналишлар бунёд этилиб, қўшимча қатновлар сонининг кўпайиши ўз-ўзидан йўловчи вагонларга бўлган талаб ва эҳтиёжни янада ортишига сабаб бўлмоқда. Қолаверса, юртимизда аҳоли сонининг ҳам тобора ортиб бораётгани йўловчи ташиш соҳасини янада ривожлантириш, қўшимча қатновларни йўлга қўйиш, сифатли ва янги хизмат кўрсатиш турини шакллантириш учун замонавий қулайликлар яратишни тақозо этади.
Жорий йил 19 сентябрь куни Президентимиз раислигида мамлакатимизнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Тошкент – Самарқанд” ва “Тошкент – Андижон” йўналишларида автомобилда йўловчи ташиш вақти ўртача 1-1,5 соатга кўпайгани, лекин, темир йўл ва авиақатновлар сони ва сифати талаб даражасида эмаслиги танқид қилинди. Вилоят марказларидан Тошкент, Нукус, Бухоро, Қарши, Термиз ва Урганч шаҳарларига авиа ва темир йўл қатновларини 2 баравар кўпайтириш, камида 500 та эски типдаги вагонларни келгуси икки йилда реконструкция қилиш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш борасида темир йўллар тизимида амалий ишларга киришилди. Хусусан, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқарув раиси вазифасини бажараувчи бошчилигидаги ишчи гуруҳ 26 сентябрь куни “Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводи” акциядорлик жамиятида бўлиб, корхона мутахассислари билан учрашув ўтказди. Шундан сўнг корхонага таъмирлаш учун олиб кирилган ҳамда таъмирдан чиқарилган йўловчи вагонлар кўздан кечирилди. Тез орада корхонага келтирилган йигирмага яқин плацкарт вагонлар қисқа муддатда сифатли ва замон талабларига мос ҳолда фойдаланишга йўлланади.
Корхонада ўтказилган учрашувда жамият раҳбарияти томонидан тегишли мутасадди ходимларга ишчи маркетинг гуруҳини ташкил қилиб, йўловчиларнинг талаб ва истакларини ўрганиш, поездларда хизмат турларини кўпайтириш, ресторан вагонларини улаш, санитария, гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда, турли хил таомлар тайёрлаб, йўловчиларга мақбул нархларда тақдим қилиш, вагон кузатувчиларининг фаолиятини кучайтириш, йўловчиларга хизмат кўрсатишни янада яхшилаш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Шу билан бирга, Фарғона водийси ва мамлакатимизнинг бошқа вилоятларини темир йўл транспорти билан узвий боғлаш, ички туризмни ривожлантириш учун қўшимча 651/652-сонли “Андижон — Хива — Андижон” йўловчи поезди қатнови 28 сентябрдан йўлга қўйилди. Эндиликда ҳафтанинг ҳар пайшанба куни Андижондан ҳаракатланаётган “Андижон — Бухоро” йўловчи поездининг ҳаракат йўналиши Хива вокзалигача узайтирилди.
—2022 йилда корхонамизда 300 та йўловчи вагонни таъмирланиши режалаштирилган бўлса, шу кунга қадар уларнинг 200 дан ортиғи бажарилди, — дейди "Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводи" акциядорлик жамиятининг истиқболли ривожланиш бўйича директори Озод Тўраев.—Йил якунига қадар яна 100 та вагон таъмирланади. Келгусида эса ушбу завод мамлакатимиз шаҳарларо йўналишлари учун ҳар ойда 20 та йўловчи вагонини таъмирдан чиқаради.
Бу ерда таъмирланаётган купе, плацкарт, ресторан ҳамда SV вагонларининг ҳар бири соатига 160 километр тезликда ҳаракатланишга мослаштирилмоқда. Қувонарлиси, ушбу вагонларнинг кўп эҳтиёт қисмлари ўзимизда, маҳаллийлаштириш дастури асосида тайёрланмоқда.
Бу вагонлар аввалгиларидан бироз фарқ қилади. Уларнинг плацкарт вагонларида ҳам иситиш ва совитиш тизими мавжуд, ҳаво айланиши янада яхшиланган, сув иситиш титанлари электр энергияда ҳам, кўмирда ҳам ишлашга мўлжалланган. Йўловчиларни тоза ва салқин ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида шаффоф сув қурилмаси, кам электр сарф қиладиган замонавий “led” ёритгичлари ҳамда телефон қувватини тўлдириш учун махсус мосламалар ўрнатилади. Вагон ойналари ҳам иссиқ ва совуқни, ортиқча шовқинни ўтказмайди. Уларга янги ва кўркам пардалар осилади. Юмшоқ ва қулай ўриндиқлар эса сифати ва чидамлийлиги билан ажралиб туради. Ҳар бир вагон ёнғин хавфсизлиги мосламалари билан тўлиқ таъминланди.
Яна бир янгилик, заводимизда йўлсозлар учун участка йўллларини таъмирлаш ва назорат қилишда зарур бўладиган 1 та махсус (автоматрица) дрезина вагони ишлаб чиқарилди. У синовдан муваффақиятли ўтиб, яхши натижа кўрсатса, келгусида худди шундай типдаги вагонларни тайёлашга ҳам киришамиз.
Эътиборлиси, заводда нафақат маҳаллий йўналишлар учун, балки экспортга ҳам янги вагонлар қурилиб, қўшни давлатларга сотилмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг шу кунига қадар Қозоғистонга учта вагон жўнатилган бўлса, айни пайтда яна 8 та вагон экспорт қилишга ҳозирланяпти. Улар 40 йил давомида эксплуатация қилиш учун мўлжалланган ва халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради, йўловчилар учун ҳар томонлама қулай, юқори сифат ва хавфсизликга эга.
Рақамларга кўра, 2021 йилда мамлакатимиз темир йўлларидан фойдаланган йўловчилар сони 22 миллионга яқинлашиб қолди. Бу йил эса бу рақам янада ортиши кутилмоқда. Шу боис Ўзбекистон темир йўллари тизимида йўловчи вагон паркларини сифатли ва замонавий вагонлар билан таъминлашга катта эҳтиёж бор.
Сифатли ва кўркам вагонларимизга монанд мамлакатимизнинг катта ва кичик шаҳарларидан ўтган темир йўл йўналишлари бўйлаб янги ва кўркам, кичик ва маҳобатли вокзаллар ҳам қурилмоқда.
— Кейинги пайтда 30 дан ортиқ ана шундай манзиллар янгича қиёфага эга бўлди, дейди "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамиятининг Капитал қурилиш дирекцияси ишлаб чиқариш бўлими муҳандис-технологи Шаҳзод Ҳайитжонов. — Улардаги кутиш заллари, она ва бола, тиббиёт, юкларни сақлаш хоналари, шинам меҳмонхоналар ҳамда чиптахоналар халқаро талаблар даражасига келтирилди. Йўловчилар хавфсизлиги тўлиқ таъминланди, чиптасиз йўловчиларнинг вагонларга чиқишига чек қўйилди. Электрон кўрсаткичлар, “Wi-fi” интернет хизматлари жорий қилинди. Вокзаллар ҳудудларида қайтадан ободонлаштирилди, чиройли фавворалар қурилди, манзарали дарахт ва гул кўчатлари экилди.
Маълумки, ўн миллиондан зиёд аҳоли яшаётган Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларининг аҳолиси мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига замонавий тезюрар поездда бориш имконияти яратилди. Ҳозирда мазкур йўналиш орқали Тошкент – Андижон – Тошкент, Андижон – Бухоро – Андижон, Андижон – Хива – Андижон йўловчи поездлари ҳаракатланмоқда.
Давлатимиз раҳбари яқинда халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши сессиясида Бекобод, Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Янгийўл ва Оҳангарон шаҳарларига замонавий электропоезд қатновини йўлга қўйиш вақти келганини таъкидлаб, транспорт вазирига тегишли қарор лойиҳасини киритиш юзасидан кўрсатма берган эди.
Президентимиз топшириғига асосан, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида 2022 йил 24 сентябрдан бошлаб Тошкент – Чирчиқ –Ҳожикент йўналиши бўйлаб шаҳарлараро тезюрар электропоездлар қатнови йўлга қўйилди. Бу, ўз навбатида, Чирчиқ шаҳрига саёҳат вақтини 45 дақиқагача қисқартирди.
Айни пайтда тезюрар поездлар ҳар шанба ва якшанба кунлари қатнайди. Яқин келажакда янги ва замонавий электропоездлар сотиб олинганидан сўнг, қатновлар сони кўпаяди ва иш кунлари ҳам йўлвчиларга хизмат кўрсатади.
Жорий йилнинг 20-23 сентябрь кунлари Берлин шаҳрида бўлиб ўтган “InnoTrans 202” транспорт технологиялари, воситалари ва тизимлари халқаро савдо ярмаркасида иштирок этган “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти делегациянинг асосий мақсади ҳам мамлакатимиз темир йўл транспортида йўловчиларга сифатли ва халқаро талаблар даражасида хизмат кўрсатадиган электрорпоезд ва вагонларга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Бу борада Франция, Австрия, Чехия, Германия, Испания, Швецариянинг йирик нуфузли компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Бундан ташқари, бу каби темир йўл техникаларни бизнинг мамлакатимизда ҳам ҳамкорликда ишлаб чиқаришни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Мухтасар айтганда, темир йўл тизимининг йўловчи ташиш соҳасида олиб бораётган бунёдкорлик ишлари, жорий этаётган янгиликлари йўловчилар ва саёҳатчиларнинг узоғини яқин қилиш, уларга сифатли ва замонавий хизмат кўрсатишга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир.
Рустам ҲАЙДАРОВ,
журналист