Тошкент вилояти адлия  бошқармасида ҳам фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан қилинган ҳар бир мурожаат жавобсиз қолдирилмай  мурожаатлар бўйича ўз вақтида жавоб бериб келинмоқда.

Хусусан,  фуқаро Бунёд Эшонқулов Оҳангарон тумани адлия бўлимига “Гидромонтаж” ДУК томонидан ойлик иш ҳақлари тўлаб берилмаётганлиги тўғрисида мурожаат келиб тушди. Фуқаронинг мурожаати қонунчиликда белгиланган тартибда ўрганилганда, корхода томонидан нафақат  Эшонқуловнинг балки, яна 50 нафар ходимнинг ойлик маошлари ўз вақтида тўлаб берилмаётганлиги ҳам аниқланди.

Қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 50 нафар ходимнинг оғзаки мурожаатлари бўлим иш юритувига қабул қилинди.

Ўрганиш жараёнида, “Гидромонтаж” ДУК томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 154-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 19 мартда эълон қилинган “Иш ҳақи ўз вақтида тўланишига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 88-сонли қарори талаблари бажарилмаганлиги маълум бўлди.

Ходимларнинг ойлик иш ҳақларини ундириш мақсадида адлия бўлими томонидан корхонага тақдимнома киритилди. Тақдимнома киритилиши натижасида 27 нафар фуқаронинг ойлик маошлари тўлаб берилди. Қолган
24 нафар фуқароларнинг иш ҳақлари ўртада низо бўлганлиги сабабли даъво тартибида Фуқаролик ишлари бўйича судда ундириб берилди.

Туман адлия бўлими томонидан 51 нафар фуқаронинг мурожаатлари қаноатлантирилиб, жами 252 миллион 814 минг 306 сўм пул маблағлари ундириб берилди.

Баҳриддин Жўраев,

Оҳангарон тумани адлия бўлими бошлиғи