Мустақиллик ўзбек халқининг маънавий уйғониши учун тўла имконият яратди. Истиқлол шарофати билан юртимизнинг ҳақиқий тарихи, халқимизнинг азалий урф-одатлари, маънавий қадриятлари қайтариб берилди. Айниқса, янгиланаётган Ўзбекистонда сўнгги йилларда маърифий исломни ривожлантириш, буюк алломалар илмий-диний меросини оммалаштириш, зиёратгоҳларини обод қилишга қаратилаётган эътибор халқаро миқёсда тан олинмоқда.

Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича нуфузли халқаро ташкилот — ISESСO томонидан 2020 йилда Бухоро шаҳрининг Ислом олами маданияти пойтахти деб эълон қилингани ана шундай юксак эътирофнинг яна бир тасдиғидир.

Президентимизнинг 2017 йил 11 июлдаги “Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг 915 йиллиги ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишида юбилейларни халқаро миқёсда нишонлаш назарда тутилган эди.

Бухоролик тарихчилар Азалшоҳ Ҳамроев ва Мавлуда Раҳмонованинг “Абдулхолиқ Ғиждувоний мажмуаси: тарихи, бугунги куни ва истиқболлари” номли янги рисоласи нашр этилгани давлатимиз раҳбари кўрсатмаларини ҳаётга татбиқ этиш йўлидаги ишлардан биридир.

Ушбу рисола муаллифларнинг 25 йиллик меҳнатлари самарасидир. У  хожагон тариқатининг асосчиси, етти буюк пирнинг биринчиси — Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг табаррук зиёратгоҳлари ва бу ерда Мирзо Улуғбек томонидан бунёд этилган мадрасанинг тарихи, унинг яқин ўтмишдаги ва бугунги кундаги ҳолати ҳақидадир.

— Китобни ёзишда Мир Муҳаммад Амин Бухорий, Ҳофиз Таниш Бухорий, Фазлуллоҳ ибн Рузбеҳон, Абдураззоқ Самарқандий каби ўрта аср муаррихларининг Ғиждувоний, унинг таълимоти ва мақбараси ҳақидаги маълумотларидан фойдаландик, — дейди Бухоро давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори Азалшоҳ Ҳамроев. – Шу билан бирга, турли архив суратларидан ва ҳужжатларидан фойдаланиш ҳам ишимизга катта кўмак бўлди. Ўтган аср бошларида олинган суратлар, туман ҳокимлиги томонидан чиқарилган, мажмуани баъзан тузиш ва баъзида бузиш тўғрисидаги қарорлар мазмунини тарихий хронология асосида бердик.

Китобда ўтган асрнинг 30-50-йилларида олинган 20 га яқин оқ-қора ва 50 дан зиёд рангли фотосурат берилган. Ғиждувоний зиёратгоҳининг замонавий кўринишини истеъдодли фотосуратчи Мироншоҳ Ҳазратов турли ракурсларда суратга олиб, юртимиз усталари ва меъморлари маҳорати нақадар юксак эканини кўрсата билган. У зиёратгоҳдаги бунёдкорлик ишлари кўламини ўз суратларида тўла акс эттиришга муваффақ бўлган. Китобни ўқиган, ҳатто варақлаган ҳар бир инсон янгиланиш даврида Ғиждувон тумани ҳам ўзининг янги тарихий даврига қадам қўйганига ишонч ҳосил қилади.

Китобда Мовароуннаҳр ҳукмдори ­Мирзо Улуғбек томонидан қурдирилган учта мад­расанинг қурилиш тарихи, таъмирланган вақти, усталари, пештоқдаги ёзувлар таржимаси муаллифлар томонидан очиб ­берилган.

Илмни қадрлаган, ўзи ҳам зукко олим, фузало ва тасаввуф аҳли билан доимо суҳбатда бўлган Мирзо Улуғбек хожагон тариқати асосчиси Абдулҳолиқ Ғиждувоний таълимотини эъзозлаган. Шунинг учун ҳам халқ орасида “Хожаи Жаҳон” унвони билан машҳур бўлган бу зоти бузрукнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида унинг мақбараси ёнига мадраса (1433 й.) қуришни буюради.

Олий мадраса иккита номга эгадир. Унинг биринчи номи Мирзо Улуғбек мадрасаси бўлса, иккинчиси Файзия мадрасаси бўлган. Махдуми Аъзам Даҳбедийнинг “Рисолаи илмия” асаридан олинган бу каби фактлар, айниқса, мадрасанинг иккинчи номи китобхонлар учун янгиликдир.

— Хожагон-нақшбандия тариқатининг етти буюк пирининг илмий-маърифий мероси ва уларнинг тарихий хизматларини очиб берадиган асарларга эҳтиёж ошди. Бизнинг ушбу асаримиз ҳам ана шундай китоблар сирасига киради, — дейди ҳаммуаллиф ­Мавлуда Раҳмонова.

Етти пир зиёратлари Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний мажмуасидан бошланади. Шунга мувофиқ, бу зиёратгоҳларда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Жумладан, Абдулхолиқ Ғиждувоний мажмуасида янги масжид ва ёзги айвон, меҳмонхона қурилиб, атроф ободонлаштирилгани тарихий фактлар ва суратлар асосида кўрсатиб берилган.

“Абдулхолиқ Ғиждувоний мажмуаси: тарихи, бугунги куни ва истиқболлари” китоби ­Абдулхолиқ Ғиждувоний мажмуаси ва Улуғбек мадрасасини зиёрат қилиш учун дунёнинг турли чеккаларидан ташриф буюрган сайёҳлар учун нодир библиографик нашр, дейиш мумкин.