Унда вилоятда коррупцияга қарши курашиш борасидаги ҳолат танқидий муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, 2025 йилда Хоразм вилоятида 2024 йилга нисбатан коррупциявий жиноятлар сони 34 фоизга камайган. Шунга қарамай, коррупциявий хавф-хатарлар юқори бўлган айрим соҳаларда ушбу иллатнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ижроси етарли даражада таъминланмагани қайд этилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхановнинг маълум қилишича, 2025 йилда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйгани ҳамда давлат хизматида тадбиркорлик билан шуғулланишга оид чекловларга риоя этмагани учун 12 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.
Шу билан бирга, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларида ўтказилган ўрганишлар натижасида 60 га яқин бошқарув ходимларининг тадбиркорлик субъектларида таъсисчи ёки раҳбар сифатидаги фаолияти сақланиб қолаётгани аниқланди.
Мажлисда коррупцияга қарши курашишга оид вазифалар ижросида тизимли камчиликларга йўл қўйган 10 нафардан ортиқ масъул раҳбарга нисбатан қатъий чоралар кўриш бўйича Миллий кенгашга таклиф киритилгани маълум қилинди. Шунингдек, соҳаларга масъул раҳбарларнинг тушунтиришлари тингланди.
Йиғилишда Ҳазорасп туманини «Коррупциядан холи ҳудуд»га айлантиришга қаратилган алоҳида амалий чора-тадбирлар белгилаб олинди. Муҳокама якунида масъулларга тегишли вазифалар юкланиб, уларнинг ижроси устидан қатъий назорат ўрнатилиши таъкидланди.