Шифокор буюрган томчилатиб томирга юбориладиган уколни олиш учун бир соатга яқин ётиш керак бўлди. Гарчи қишлоқда интернет тизими мукаммал бўлмаса-да, вақтни ўтказиш учун қўл телефонимда ижтимоий тармоқларга кириб, хабар ва ахборотлар билан танишмоқчи бўлдим.
Қарангки, оилавий поликлиникада интернет тизими бенуқсон ва тезкор ишлар экан. Бу ажабланишимга шифокор қисқача изоҳ берди: ”Бизда интернет зўр! Интернетнинг бундай ишлаши тизимни бутунлай ўзгартириб юборди.
Ҳозир вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан туриб энг чекка ҳудудлардаги малакали тиббий ёрдамга муҳтож беморларни вилоят миқёсидаги тиббий марказларнинг шифокорлари кўрикдан ўтказишади, қандай даволаш бўйича маслаҳат ва тавсиялар беришади. Техника тараққиётига қарангки, энди бемор йўл босиб, вилоят марказига бориб ўтирмайди — шу ернинг ўзида керакли муолажани олади”.
Ёш шифокор яна ушбу тизим Соғлиқни сақлаш вазирлигининг корпоратив портали имкониятларидан ва бошқа бир қатор дастурий таъминотлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилаётганини ҳам эслатиб ўтди.
Шифокор тилга олган айрим ахборот атамаларига биз тенгиларнинг унчалик тили қовушмаса-да, ана шу сеҳрли сўз ва атамалар ортида оламшумул — атиги беш йил олдин, ҳатто хаёлимизга келмаган янгиликлар мавжудлиги сир эмас.
Дарҳақиқат, қисқа муддат ичида турмуш тарзимизга кўп янгиликлар — “масофавий таълим”, “масофавий даволаш” каби атама ва усуллар кириб келди ҳамда амал қилмоқда.
Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари бугунги кунда тиббиёт соҳасига ҳам кириб келди, ҳатто энг олис ҳудудлардаги шифо масканларини ҳам қамраб олмоқда. Бунга Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳуқуқий асос бўляпти.
Ушбу фармонда давлат тиббиёт муассасалари ва ташкилотларини кенг қамровли (томонлар келишувига мувофиқ, тезлиги йиллик ўсиши камида 10 Мб/с инобатга олган ҳолда) интернет тармоқларига вилоят миқёсида 2019 йил 1 мартга қадар, туман даражасида эса 2019 йил охиригача, барча давлат тиббиёт муассасаларини эса 2021 йил охиригача улаш белгиланган.
Республикамизнинг чекка ҳудудларидан бири — Хоразм вилоятида эса соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги барча муассасаларга оптик толали алоқа линияларини тортиш ишлари ўтган йилнинг охирги чорагида якунига етди.
Ҳозирга келиб бирламчи тизим ҳисобланмиш — оилавий поликлиника, қишлоқ врачлик пункти ва қишлоқ оилавий поликлиникаларининг 90 фоизида юқори тезликка эга интернет хизматларидан фойдаланиш йўлга қўйилган. Бу эса, ўз навбатида, тизимда самарадорликни таъминлаб, фуқароларга тезкор ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш даражасини кескин оширди.
Тизимдаги янгиликлар фақат шулардан иборат эмас. Президентимизнинг 2020 йил 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан вилоятнинг Хонқа ва Шовот туманлари намунавий ҳудуд сифатида танлаб олиниб, ушбу туманлардаги бирламчи тиббий масканларда “Ягона электрон карта”, “Электрон поликлиника”, “Электрон шифохона”, “Электрон рецепт” каби ахборот тизимлари жорий этилмоқда.
Бунинг учун мазкур икки тумандаги бирламчи тизим муассасаларини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш жараёни босқичма-босқич амалга ошириляпти.
Бу эса, ўз навбатида, масофавий тизим узлуксиз ишлаши, тиббиёт ходими фаолиятини тўғри ва самарали ташкил этиш ҳамда назорат қилиш, шифокор қабулига навбатни тартибга солиш, аҳолининг электрон амбулатор карталарга эга бўлиши, беморлар бўйича тезкор ва аниқ маълумотларни шакллантириш имкониятини беряпти. Пировардида талай қоғозбозлик ва оворагарчиликларга чек қўйиляпти.
Энг асосийси, тўсатдан оғриган бемор энди ўз қишлоғидаги тиббий муассасада даволанар экан, бир вақтнинг ўзида махсус шифохоналарнинг малакали шифокорлари назоратида ҳам бўлади. Бу эса унинг тез соғайиб кетишига имкон яратади.
Рўзимбой ҲАСАН,
“Янги Ўзбекистон” мухбири