Уста-ҳунармандлар “Миллий тикланиш” демократик партияси электорати бўлиб, партиянинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида юксак эстетик қимматга эга бўлиб келган миллий ҳунармандчилик турларини қайта тиклаш ва ривожлантириш, қадимги бадиий-ҳунармандчилик мактаблари анъаналарини сақлаб қолиш, ҳунармандлар мақомини тадбиркорликдан ажратиш каби устувор вазифалар белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда партия мамлакатимизда ҳунармандчиликнинг барча турларини қўллаб-қувватлайди. Улардан бири эса ҳунарманд-тўқувчилар.
Ўзбек миллий матолари деганда кўзимиз ўнгида камалак рангларда товланувчи атласу адраслар намоён бўлади. Аслида узтазода тўқувчилар томонидан яратилган хонатласларнинг ёрқинлиги камалак рангларидан-да сержило. Бугунги кунда кўплаб ҳунармандларимиз томонидан қадимий намуналар асосида ишлаб чиқарилаётган “Ўзбекистон гўзали”, “Марғилон”, “Бибихоним”, “Бегойим”, “Келинчак атлас”, “Барги карам”, “Номозшомгул”, “Гулдаста”, “Наврўз”, “Қўчқоршох”, деб номланган ипак матолари дунё миқёсида эътирофга сазовор.
Хон атласу адраслар ҳақида сўз кетар экан, албатта, бу борада Марғилон мактабини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Хусусан, Марғилон матолари ранг-баранг кўриниши, жозибадор нақшлари билан ажралиб туради. Шу боисдан ҳам марғилонлик ҳунармандлар томонидан яратилган маҳсулотлар асрлар давомида эъзозланиб келинмоқда.
2017 йилда ўзбек ипак матоларининг тўқиш технологияси ЮНЕСКОнинг инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилгани миллий матоларимизнинг жаҳон миқёсидаги юксак ўрнини намоён этади. Бугунги кунда йўқолиб бораётган анъаналарни асраб-авайлаш, жумладан, тарихий матоларни қайта тиклаш тобора муҳим аҳамият касб этиб бораётир.
Хива хонлиги давридаги қадимий либосларнинг матоларини қайта тиклаш бўйича ЮНЕСКОнинг махсус топшириғига биноан қарийб ўн беш йилдан зиёд вақт мобайнида навқирон Хивада Оллақулихон мадрасасида марғилонлик уста ҳунармандлар фаолият кўрсатмоқдалар. Бу ерда махсус ўқув маркази ташкил қилинган. Шу бугунгача айни йўналишда кўплаб изланишлар олиб борилди. Жумладан, Хива хонлиги даврига хос “Хоразм алоча”, “Турма белбоғ” матоси ҳамда аёлларнинг ипакдан тўқилган гулли адрас, аврли беқасам матолари асл ҳолатида қайта тикланди.
Марғилонлик ҳунарманд Алишер Аҳмадалиевнинг таъкидлашича, Хива хонлари ва уларнинг оила аъзолари, ҳарамдагилар, амалдорлар ҳамда маҳаллий аҳоли учун тикилган кийимлар излаб топилиб, даставвал, матоларнинг эски ҳолати, яратилиш тарихи, ўзига хос хусусиятлари чуқур ўрганилди. Бир неча йиллик изланишлар натижасида матолар ўша давр кўринишига хос услубларда қайта тикланди. Хоразмнинг тарихий матолари, уларнинг бир қанча турлари янгидан яратилди. Бу ерда кўплаб ёшлар қадимий матоларни қайта тиклаш йўналишда билим ва тажриба орттириб, ноёб матолар турларини чуқур ўрганиб келмоқдалар.
– Кўп йиллик изланишларим самарасида шунга амин бўлдимки, Хоразмнинг тарихий адраслари асосан ипак ҳамда ипнинг ҳамоҳанглиги асосида юзага келади, - дейди ҳунарманд Алишер Аҳмадалиев. – Бу ўзига хос уйғунлашув ноёб гўзалликни, улуғворликни кашф этади. Эскидан сақланиб қолган адрасларни диққат билан кузатар экансиз, нақшинкор чизиқларда узилиш кўзга ташланмайди. Яъни бир текисликда ишланган давомий чизиқлар гулли безаклар орасида яққол намоён бўлади. Шунингдек, Хива тарихий чопонларининг қирраларидаги жияклар асосан қизил ва пушти рангларда бўлиб, алоҳида эмас, матонинг ўзига тўқилган. Бу каби бир қанча ноёб, бетакрор услублар мавжуд.
Ўзбек миллий матолари тарихи қадим даврларга бориб тақалади. Уста ҳунармандларнинг машаққатли меҳнати, қобилияти, ўткир маҳорати натижасида яралган атлас, адрас, беқасам каби бир-биридан бежирим матолар ниҳоятда қадрлидир. Азалий қадриятларимизни ўзида ифода этган ушбу гўзал матолар миллий бойлигимиз саналади. Унда халқимизнинг узоқ ҳамда шонли ўтмиши, қадимий анъаналари, эстетик дунёқараши, диди ва ўзига хос хусусиятлари мужассам.
Гулноза УМИРОВА,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик
партияси Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби