Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати хабарига кўра, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари У.Бутаев билан давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 15 сентябрдаги қарорида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан учрашув ўтказилиб, жорий йилда вилоятда хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш кўламини кенгайтириш, хорижий давлатларнинг ваколатли ташкилотлари ҳамда иш берувчилари билан ҳамкорлик ўрнатиш, меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қайтиб келган меҳнат мигрантларининг бандлигини таъминлаш каби масалалар муҳокама қилинди.

Шу ернинг ўзида хорижга кетган фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларидан хабар олиш ва муаммоларини аниқлаш бўйича вилоят Ишчи гуруҳи аъзолари ҳамда намунали маҳаллалар раислари, инспекторлари билан учрашув бўлиб ўтди.

Қарши шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказининг қурилиш ишлари билан танишилиб, қурилиш-таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишлари бўйича топшириқлар берилди.

Бош вазир маслаҳатчиси М.Хайриддинов ҳамда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Муҳитдинов Шаҳрисабз шаҳри, Китоб ва Шаҳрисабз туманларига ташриф буюрди.

Дастлаб Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлигида масъуллар, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва профилактика инспекторлари билан учрашув ташкил этилди. Шаҳрисабз шаҳридаги касб-ҳунарга ўқитиш маркази (KOIСA) ўқув жараёни билан танишилиб, яратилган шароитлар кўздан кечирилди. Меҳнат миграцияси соҳасида яратилган имконият ва имтиёзлар юзасидан тарғибот ишларини олиб бориш ишлари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, Шаҳрисабз шаҳрининг “Хабарлик” МФЙда яшовчи хорижга кетган фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларидан хабар олиш, муаммоларини аниқлаш ва жойида ҳал қилиш мақсадида уйма-уй юрган ҳолда аҳоли билан суҳбат ўтказилди.

Шаҳрисабз шаҳридаги 1-сонли касб-ҳунар мактабида қурилиш соҳаси бўйича малакали мутахассисларни тайёрлаш марказининг қурилиш-таъмирлаш ишлари билан танишилиб, жиҳозлаш ишлари бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.