Тадбирнинг асосий мақсади мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш борасида 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар натижаларини кенг жамоатчиликка етказиш, шунингдек 2026 йил учун белгиланган устувор вазифалар ҳақида маълумот беришдан иборат бўлди.

Матбуот анжуманида соҳада фаолият юритаётган масъул ташкилотлар ва идоралар вакиллари, мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбир давомида мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва маҳаллалар иқтисодий фаоллигини ошириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Хусусан, 2025 йил давомида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 5,4 миллион нафар аҳолининг бандлиги таъминланди. Шундан 1,3 миллион нафари доимий ишга жойлаштирилди, 2,1 миллион нафар фуқаро эса тадбиркорлик фаолиятига жалб этилди.

Шунингдек, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида юз минглаб оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган манзилли чоралар амалга оширилди. Натижада 523 мингта кам таъминланган оиланинг даромадини оширишга эришилди.

Маҳаллаларда иқтисодий фаолликни кучайтириш мақсадида ҳоким ёрдамчилари ташаббуси билан 410 мингга яқин микролойиҳалар ишга туширилди. Ушбу лойиҳалар орқали 840 минг нафар фуқаронинг даромад манбаи кенгайди.

Матбуот анжуманида сўзга чиққан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари Марат Жўраев мамлакатимизда камбағалликни қисқартиришга қаратилган ишлар изчил давом этаётганини таъкидлади. 

— Сўнгги йилларда амалга оширилаётган комплекс ислоҳотлар аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва фуқароларнинг барқарор даромад манбаларини яратишга хизмат қилмоқда. Айниқса, маҳаллаларда амалга оширилаётган манзилли дастурлар ва иқтисодий ташаббуслар аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда, — деди Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари Марат Жўраев.

Унинг таъкидлашича, келгуси йилларда бу борадаги ишлар янада кенгайтирилади. Жумладан, 2026 йилда камбағаллик даражасини 2,8 фоизгача пасайтириш, 1 миллион нафар фуқарони доимий иш билан таъминлаш ҳамда 4 миллион аҳолининг даромадини ошириш режалаштирилган.

Шунингдек, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Аҳоли бандлиги департаменти бошлиғи Собир Хайтмуротов матбуот анжуманида “Osonish.uz” платформасининг фаолияти ва имкониятлари ҳақида маълумот берди. Унинг таъкидлашича, мазкур платформа иш берувчилар ҳамда иш қидирувчиларни ягона рақамли тизим орқали боғлашга хизмат қилади.

Унга кўра, платформа орқали иш берувчилар ўз корхоналаридаги бўш иш ўринлари ҳақида тўлиқ маълумот киритади ва вакансиялар умумий базага жойлаштирилади. Шу билан бирга, иш қидирувчилар ҳам тизимга кириб, ўз маълумотларини киритиш орқали электрон резюме шакллантириш имкониятига эга бўлади.

Киритилган маълумотлар дастлаб модерациядан ўтказилади. Шундан сўнг тизимнинг махсус саралаш модули орқали номзодлар ва мавжуд вакансиялар ўртасидаги мослик аниқланади. Саралаш жараёнида номзоднинг малакаси, кўникмалари, мутахассислиги, яшаш ҳудуди, кутилган маош миқдори ҳамда бошқа қўшимча омиллар ҳисобга олинади.

Мутахассиснинг қайд этишича, платформа иш берувчилар учун қатор қулайликларни тақдим этади. Хусусан, улар номзодлар рўйхатини реал вақт режимида кўриши, тизим орқали бевосита мулоқот қилиши, номзодларни тезкор саралаши ҳамда ишга қабул қилиш жараёнларини соддалаштириши мумкин.

Шунингдек, платформа иш қидирувчилар учун ҳам бир қатор имкониятларни яратади. Фойдаланувчилар ўз малакаларига мос вакансиялар билан танишиши, тизим орқали автоматик тарзда иш таклифларини қабул қилиши, турли иш ўринларининг маоши ва шартларини солиштириши ҳамда ўзига мақбул иш топиш имкониятига эга бўлади.

Қайд этилишича, платформа орқали вакансиялар ва иш қидирувчилар бўйича ягона маълумотлар базаси шаклланмоқда. Маълумотлар автоматик тарзда солиштирилиши натижасида иш берувчиларнинг вақт ва ресурслари тежалади. Шу билан бирга, иш қидирувчиларнинг ишга жойлашиш имкониятлари кенгайиб, ортиқча мурожаатлар сони камаяди. 

— Бугунги кунда меҳнат бозорида талаб ва таклифни тезкор боғлайдиган рақамли тизимларга эҳтиёж катта. “Osonish.uz” платформаси айнан шу вазифани бажаради. Ушбу тизим орқали иш берувчилар қисқа вақт ичида малакали кадрларни топиши, иш қидирувчилар эса ўзига мос иш ўрнини аниқлаши мумкин. Натижада бандлик даражаси ошиб, меҳнат бозорида янада шаффоф ва самарали тизим шаклланади, — деди Аҳоли бандлиги департаменти бошлиғи Собир Хайтмуротов.

Маълум қилинишича, 2026 йил 11 март ҳолатига кўра, платформада 81 мингдан ортиқ резюме, 7 мингдан зиёд корхона ҳамда 42 мингдан ортиқ бўш иш ўрни рўйхатдан ўтган.

Матбуот анжумани давомида тадбир жуда ҳам қизғин савол-жавобларга бой тарзда ўтди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги дастурлар ва келгуси режалар юзасидан бир қатор саволлар берилди. Масъуллар эса барча саволларга батафсил жавоб қайтариб, журналистларни қизиқтирган масалаларга аниқлик киритдилар.

Тадбир якунида таъкидланганидек, мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва маҳаллалар иқтисодий салоҳиятини оширишга қаратилган ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади. Бу эса аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Зулхумор АКБАРОВА