Энди эса замонавий технологиялар, хусусан сунъий интеллект ёрдамида иш топиш анча осонлашмоқда. Айниқса, олий таълим муассасаларини тамомлаган ёшлар кўпинча “Энди ишни қаердан топаман?” деган саволга дуч келади. Эндиликда бу саволга ҳам замонавий ечим бор.
Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Аҳоли бандлиги департаменти бошлиғи Собир Хайтмуротов билан суҳбатлашдик.
Унинг таъкидлашича, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан иш қидирувчилар учун махсус рақамли платформа яратилган.
У орқали фуқаролар ўз маълумотларини киритиб, мамлакатдаги мавжуд бўш иш ўринлари билан тез ва қулай тарзда танишиши мумкин.
Мазкур дастур орқали фуқаролар ягона меҳнат бозори иштирокчисига айланади. Яъни иш қидирувчи шахс ўз резюмесини платформага жойлаштиради. Шундан сўнг сунъий интеллект тизими унинг маълумотларини мамлакатдаги мавжуд вакансиялар билан солиштириб, энг мос иш ўринларини таклиф қилади.
Бу тизимнинг яна бир афзаллиги – иш қидирувчиларнинг вақтини тежайди. Фуқаролар бирор ташкилотга бориб сарсон бўлиб юришларига ҳожат йўқ. Барча жараёнларни ахборот коммуникация технологиялари орқали амалга ошириш мумкин.
Маълумки, Ўзбекистон аҳолиси ёш мамлакатлардан бири ҳисобланади. Ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингдан ортиқ таълим муассасалари битирувчилари кириб келади. Уларнинг 200 мингдан зиёди олий таълим муассасалари, қарийб 150 минг нафари эса профессионал таълим муассасалари битирувчилари ҳисобланади. Шу сабабли меҳнат бозорида иш излаш жараёнини енгиллаштириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Яратилган платформа Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Чунки меҳнат бозорига кириб келаётган асосий қатлам — бу таълим муассасалари битирувчилари ҳисобланади.
Платформанинг яна бир қулай жиҳати шундаки, агар талаба ёки иш қидирувчи ўз резюмесини тўлдириб жойлаштирса, кўпи билан ярим соат ёки бир соат ичида унга мос бўш иш ўринлари ҳақидаги таклифлар кела бошлайди. Бунда иш берувчининг талаблари ва иш қидирувчининг имкониятлари автоматик равишда солиштирилади.
Масалан, иш қидирувчининг мутахассислиги, яшаш жойи, малакаси, кутилган ойлик маоши, хорижий тилларни билиши ёки муайян дастурларда ишлай олиши каби маълумотлар инобатга олинади. Шу асосда сунъий интеллект энг мос вакансияларни тавсия қилади.
Фуқаро ўзига маъқул бўлган иш ўрнига платформа орқали тўғридан-тўғри мурожаат ҳам юбориши мумкин. Бунинг учун платформадаги махсус тугмани босишнинг ўзи кифоя.
Мазкур платформа OSONISH.UZ деб номланади. Унда икки томон — иш берувчилар ва иш қидирувчилар маълумот киритиш имкониятига эга. Иш берувчилар ўз корхонасидаги бўш иш ўринлари, лавозим талаблари, иш ҳақи ва бошқа шартлар ҳақида маълумот жойлаштиради. Иш қидирувчилар эса ўз маълумоти, малакаси, иш тажрибаси ва хоҳишларини киритади.
Тизим “Ягона миллий меҳнат тизими” билан ҳам интеграция қилинган. Агар фуқаро ҳақидаги маълумотлар ушбу базада мавжуд бўлса, улар автоматик равишда платформага юкланади. Шунингдек, тил сертификатлари ёки касбий малакани тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам платформага юклаш мумкин.
Платформа мутлақо бепул ва шаффоф тарзда ишлайди. У Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан техник жиҳатдан қўллаб-қувватланади. Бироқ иш берувчи ва иш қидирувчи ўртасидаги маълумотлар фақат уларнинг ўзигагина кўринади.
Иш берувчилар учун ҳам, иш қидирувчилар учун ҳам ҳеч қандай мажбурият юкланмаган. Яъни вакансия эълон қилингани билан албатта кимнидир ишга қабул қилиш шарт эмас. Ишга қабул қилиш бўйича қарорлар қабул қилиш томонларнинг ихтиёрида қолади.
Инсон омили эса фақат охирги босқичда — ишга қабул қилиш ёки таклифни қабул қилиш жараёнида иштирок этади.
Зулхумор АКБАРОВА