Сув — бебаҳо неъмат. Бугун бутун дунёда унга талаб ва эҳтиёж кучаймоқда. Иқлим ўзгариши, глобал исишнинг таъсири, саноатнинг жадаллашуви ва бошқа омиллар туфайли Марказий Осиё минтақасида ҳам сув ресурсларининг шаклланиш жараёни ўзгариб, обиҳаёт тақчиллиги сезиларли даражада ортиб боряпти.

Ана шундай глобал шароитда Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси, сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини тараққий эттиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегияси ишлаб чиқилгани, уларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда тизимли ишлар олиб борилаётгани ўз самарасини бермоқда.

 

Бахтиёр КАМОЛОВ,

Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш маркази директори

— Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 6 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш маркази ташкил этилди.

Марказга халқаро молия институтларининг инвестиция ва техник кўмак маблағларини жалб қилиш орқали соҳада ирригация тизимлари ҳамда сув ҳавзаларини реконструкция ва модернизация қилиш, сув таъминотини ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, фойдаланишдан чиқиб кетган қишлоқ хўжалиги ерларини қайта фойдаланишга киритиш, ресурс тежамкор технологияларни кенг татбиқ этиш каби вазифалар юклатилган.

Ҳозирги кунда марказ томонидан Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа Иттифоқи, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Саудия тараққиёт жамғармаси каби йирик халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан ҳамкорликда кредит, грант ҳамда техник кўмак маблағлари мақсадли ўзлаштирилмоқда.

Ўтган 2021 йилни мисол келтирадиган бўлсак, 5 та хорижий инвестиция лойиҳаси доирасида 140,1 миллион доллар ўзлаштирилди. Бунинг натижасида 555 километр канал ва улардаги 353 та гидротехник иншоот реконструкция қилинди, 92 та вертикал суғориш қудуғи бурғиланди. Лойиҳалар амалга оширилган ҳудудларда 800 миллион сўм эксплуатация маблағлари иқтисод қилинишига, ирригация тизими каналларининг фойдали иш коэффициентини 15 фоизга оширишга, 80 миллион куб метр сувни тежашга эришилди.

Хусусан, Ислом тараққиёт банки иштирокидаги умумий қиймати 145,5 миллион долларга тенг бўлган “Хоразм вилояти Тошсоқа тизимидаги магистрал суғориш каналларини қайта тиклаш” лойиҳаси бўйича таъмирланган объектлар 2021 йилда тўлиқ фойдаланишга топширилди. Натижада Урганч, Боғот, Қўшкўпир, Хонқа, Шовот, Хива ва Ҳазорасп туманларида 191,3 минг гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти ҳамда 100 минг гектар ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди.

Жаҳон банки иштирокида “Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш. 2-босқич” лойиҳаси доирасида Наманган вилоятининг Янгиқўрғон ва Чортоқ туманларида 61,9 километр узунликдаги магистрал ва хўжаликлараро суғориш каналлари, уларнинг иншоотларини таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилди. Бунинг натижасида
11,9 минг гектар майдон кафолатланган сув билан таъминланди ҳамда 200 гектар майдон қайта фойдаланишга киритилди. Шу билан бирга, юқоридаги туманларда 105 дона янги тик суғориш қудуқлари қурилди ва 1000 гектардан зиёд майдонларнинг сув таъминоти яхшиланди.

“Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳаси доирасида 480 километр узунликдаги суғориш каналларива 200 дан ортиқ гидротехник ишноотлар реконструкция қилинди, 31километр узунликдаги “Ўнг қирғоқ” канали қисқа муддатларда лойқадан тозаланиб, эксплуатация ташкилотига фойдаланишга топширилди.

2022-2024 йилларда Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида 95 та насос станцияcини модернизация қилиш бўйича умумий қиймати 146 миллион еврога тенг бўлган кредит маблағлари ҳисобидан 355 минг гектар экин майдонларини кафолатли сув билан таъминлаш, 40 минг гектар ерни қайта фойдаланишга киритиш, 95 та насос станцияларидаги 455 та агрегат, электр ва ёрдамчи қурилмаларни янгилаш ва автоматлаштирилган SCADA бошқарув тизимини жорий қилиш кўзда тутилган. Бунинг натижасида модернизация қилинган агрегатларнинг фойдали иш коэффициенти 10-15 фоизга кўтарилади, йилига 40 миллион кВт электр энергияси иқтисод қилинади, эксплуатация ва электр энергиядан
30 миллиард сўм маблағлар тежалади.

Жорий йилда хорижий инвестициялар ҳисобидан амалга оширилаётган 6 та лойиҳа доирасида 160 миллион доллар ўзлаштирилади,
787 дона гидротехник иншоот ва 263 км каналлар қайта тикланади, 171 та кўприк қурилади ва янги 35 та тик қудуқ бурғиланади.

Марказ томонидан Осиё тараққиёт банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан олиб борилган музокаралар натижасида 2022 йилда жами 350 миллион доллар қийматида битимлар имзоланиши кўзда тутилган. Бунинг натижасида Сурхондарё вилоятининг “Боботоғ” ва Бухоро вилоятининг “Жондор” суғориш каналлари қайта реконструкция қилинади. Натижада “Жондор” каналининг ирригация тизими самарадорлиги 88 фоизга, Боботоғ каналида эса бу кўрсаткич
90 фоизга оширилади. Жондор туманида 7 минг 980 гектар, Боботоғ ҳудудида эса 1 минг 546 гектар ер майдонлари қайта фойдаланишга киритилади.

Шу билан бирга, Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларида 118 та насос станцияси модернизация қилиниб, жами 88 минг 590 гектар суғориладиган ерларга кафолатланган сув етказиб берилиши таъминланади ҳамда қишлоқ хўжалигида 19 000 нафардан зиёд қўшимча янги иш ўринлари яратилади. Йилига 117,3 миллион кВт электр энергияси иқтисод қилинишига эришилади.

 

Аҳмад АБДУЛҲАМИД,

Жаҳон банкининг лойиҳа раҳбари

— Бугунги кунда Ўзбекистонда сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалардан нафақат ушбу мамлакат, балки Жаҳон банки ҳам бевосита манфаатдор эканлигини мамнуният билан қайд этиш жоиз. Хорижий инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси Жаҳон банки учун ўзига хос ташриф қоғози, жараёнлар учун эса акцелератор вазифасини бажариб келмоқда.

Яъни, молиялаштирувчи ташкилотлар мазкур концепция орқали Ўзбекистоннинг ушбу соҳа бўйича келгуси режа ва мақсадлари тўғрисида яққол тасаввурга, шу билан бирга, таҳлилга, прогнозга эга бўлиб, бу ўз навбатида кредит хатарларини камайтиришда сезиларли омил бўлиб хизмат қилаяпти.

Мен Ўзбекистон билан Жаҳон банки ўртасидаги ҳамкорлик стратегиясига 1 миллиард доллардан зиёд лойиҳалар киритилишини қўллаб-қувватлайман. Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш орқали концепцияда белгиланган йўналишлар бўйича олиб бориладиган ишлар Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўринларига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

 

Ясмин СИДДИҚИЙ,

Осиё тараққиёт банкинингМарказий Осиё ва Кавказ бўйича департаменти бошлиғи

— Дунёда содир бўлаётган глобал исиш ва унинг натижасида кузатилаётган иқлим ўзгаришлари Ўзбекистон ҳаётининг барча жабҳаларига, хусусан, ижтимоий, иқтисодий ва экологик жараёнларга бевосита таъсир қилмоқда. Яқин келажакда ўртача ҳароратнинг кўтарилиши туфайли жиддий салбий экологик оқибатларнинг янада кучайиши эҳтимоли бор.

Ана шундай салбий таъсирларни юмшатиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларнинг ўз муддатларида бажарилиши муҳим ўрин тутади, деб ҳисоблайман.

Иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини юмшатиш мақсадида Осиё тараққиёт банки иштирокида “Орол денгизи ҳавзасида иқлим ўзгаришига мослашишни ҳисобга олган ҳолда сув ресурсларини бошқариш” лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, томонлар мазкур лойиҳани ишга тушириш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқмоқда.

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ҳамда иқлим ўзгаришларини инобатга олган ҳолда, истиқболли лойиҳаларни янада кўпроқ йўналтиришга тайёр.

 

Матильда ДИМОВСКИ,

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколтхонаси раҳбари

— БМТ Тараққиёт дастури Ўзбекистонда бир нечта лойиҳаларни амалга оширмоқда. Хусусан, Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш лойиҳаси асосида 2016-2020 йилларда Фарғона, Сирдарё, Қашқадарё, Самарқанд, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида сув хўжалиги соҳасини ривожлантириш учун 5,5 миллион АҚШ доллари қийматида инвестициялар ўзлаштирилди.

Мазкур лойиҳа доирасида экскаваторлар сотиб олинди, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетининг ўқув хўжалигида тажриба майдончаси барпо қилинди, жумладан, сув тежовчи технологияларнинг афзалликларини намойиш этиш мақсадида 10 гектар майдонда ёмғирлатиб суғоришнинг автоматлашган тизими ўрнатилди. Мазкур таълим даргоҳи ҳамда вазирлик ҳузуридаги Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти лабораториялари сув сарфи ва оқим тезлиги, очиқ сув оқими ўзанининг морфологиясини, сувнинг сифати ва ҳароратини ўлчаш учун замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Сув ўлчаш ишларини олиб бориш учун 24 дона электрон нивелир ҳамда 9 та “SonTek S5” русумли доплер ускуналари сотиб олинди ва сув хўжалиги ташкилотларига тақдим этилди.

Олдимизда турган вазифа сув хўжалиги тизимидаги инфратузилма объектларини таъмирлаш-тиклаш, уларнинг фойдали иш коэффициентини ошириш, ва албатта, сув тақчиллигининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни оммавий ахборот воситаларида янада кенг тарғиб қилиш, аҳолининг сувдан фойдаланиш маданиятини оширишга ҳисса қўшишдир.

 

Каролина МИЛОВА,

Германиянинг “Яшил Марказий Осиё” минтақавий лойиҳаси раҳбари

— Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатларида, шу жумладан, Ўзбекистонда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уни қадрлаш, асраш ва соҳада кадрлар малакасини ошириш борасида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Айниқса, охирги 4 йилда Европа Иттифоқи лойиҳаси доирасида ҳуқуқий-қонуний базани такомиллаштириш, сув соҳасига оид ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, сув тежовчи технологиялардан фойдаланишни янада кенгайтириш масалаларида кенг кўламли ишлар бажарилди.

Шуни таъкидлаб ўтишим керакки, GIZ томонидан бугунги кунда Ўзбекистонда сув ресурсларини прогнозлаш ва ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш, маълумотлар сифатини яхшилаш ҳамда сув кадастрини ташкил этиш ишлари қўллаб-қувватланмоқда.

2016-2020 йилларда қиймати 13,3 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 36 дона техника пилот ҳудуд сифатида танланган Фарғона, Андижон, Наманган, Сирдарё, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги сув хўжалиги ташкилотларига етказиб берилди.

Шунингдек, Фарғона, Андижон, Қашқадарё вилоятларида 800 та кичик ўлчамли гидропост қурилди ҳамда сув истеъмолчилари уюшмалари (СИУ)да сув ҳисоби мониторингини олиб бориш ва маълумотларни узатиш учун ўлчаш ускуналари ўрнатилди. 6 та тажриба участкасида умумий майдони 53,2 гектар бўлган автоматлашган тизимдан фойдаланган ҳолда, томчилатиб суғоришнинг тажриба майдонлари, вазирликда сув кадастри маълумотларини бошқариш тизими яратилди, 4 та сервер ва 120 дан ортиқ компьютерлар тақдим этилди. Сув кадастрини юритиш учун ArcGIS лицензияланган дастурига эга бўлган 47 та махсус компьютер ва сув сарфини ўлчаш махсус ускуналари етказиб берилди.

Ўзбекистон Республикасидаги гидротехника иншоотларининг техник ҳолати ва хавфсизлиги мониторингини такомиллаштириш лойиҳаси асосида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти тамонидан 2018-2019 йиллар давомида 178,8 минг АҚШ доллари қийматига тенг лойиҳа ҳисобидан “Давсувхўжаликназорат” давлат инспекцияси бир қатор зарур қурилма ва асбоб-ускуналар билан таъминланди.

GIZ айни кунда Ўзбекистоннинг сув хўжалигини ривожлантириш бўйича концепция ва стратегияда белгиланган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда, 2022-2023 йилларга мўлжалланган лойиҳалар устида иш олиб бормоқда.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири