Ҳар қандай жамият ва давлатнинг нечоғли инсонпарвар ҳамда адолатли экани хотин-қизларга бўлган муносабат ва ғамхўрлик билан белгиланади. Бу эзгу қадриятни теран англаган аждодларимиз азал-азалдан аёлни оила кўрки, жамият гултожи сифатида эъзозлаган, она сиймосини тенгсиз мўъжиза, деб ардоқлаган.

Бу анъаналар бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хотин-қизларнинг чинакам бахтли яшаши, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, интеллектуал ва маънавий юксалиши, касбий ҳамда оилавий мажбуриятларни ҳамоҳанг тарзда бажариши учун кенг имкониятлар яратиляпти. Натижада хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштироки, мавқеи тобора ортиб бормоқда.

Сўнгги йилларда соҳага оид қонунчилик такомиллаштирилиб, 2 қонун, Президентнинг 14 фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 25 қарори қабул қилинди. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила институтини ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида энг қуйи бўғин – маҳалла ва хонадонгача кириб борадиган вертикал тизим яратилди. Маҳаллаларда оилалар билан ишлаш, ҳар бир аёл ва унинг оила аъзоларига индивидуал ёндашувни ташкил қилиш мақсадида хотин-қизлар фаоли лавозими жорий этилди ва унга давлат хизматчиси мақоми берилди.

2022–2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича миллий дастур, 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди. Сайлов кодексига мувофиқ аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида 30 фоизини ташкил этиши белгиланди.

Барча давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг камида бир нафар ўринбосарини хотин-қизлар орасидан тайинлаш тизими жорий этилди. Натижада раҳбар аёллар сони 2017 йилда 27 фоизни ташкил этган бўлса, 2023 йилга келиб 33 фоизга етди. Аёлларнинг улуши тадбиркорлик соҳасида 37 фоиз, сиёсий партияларда 47 фоиз, иқтисодиёт ва саноат тармоқларида 46 фоиз, тиббиётда 77 фоизни ташкил этмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 33 фоизи, Сенат аъзоларининг 24 фоизи, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатларининг 25 фоизи аёллардан иборат. Вазир ва вазирга тенглаштирилган лавозимларда хотин-қизлар улуши 2018 йилда 2,9 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунда қарийб икки баробар ошди ва 5,7 фоизга етди. Каттақўрғон шаҳар, Бўстон, Олот ва Боёвут туманларини аёл ҳокимлар бошқармоқда. Суд тизимида фаолият кўрсатаётган 181 аёл судьянинг 26 нафари раҳбарлик лавозимида меҳнат қилиб келмоқда.

Давлат бошқаруви академиясида раҳбар хотин-қизларни тайёрлаш бўйича “Раҳбар аёллар мактаби” ўқув курслари ташкил этилди ва ҳар йили захирага олинган хотин-қизларнинг 100 нафарини ўқитиш йўлга қўйилди.

Ватанимиз ва халқимиз олдидаги муносиб хизматлари учун 17 аёл энг олий мукофот – “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланди. Илм-фан нуфузини янада оширишга катта ҳисса қўшган, янги илмий мактаблар яратган 12 олима академик илмий унвонига эга бўлди. Охирги уч йилнинг ўзида 463 хотин-қиз фан доктори (DSc), 2816 нафари фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлди. Жамият ва давлат ҳаётида фаол, ташаббус кўрсатган аёллар билан бир қаторда фарзандларини баркамол инсонлар этиб вояга етказган уй бекаларига ҳам бериладиган “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилди ва шу кунга қадар 1451 аёл тақдирланди.

Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳаларда ўз қобилият ва имкониятини рўёбга чиқариши учун шароит яратиш ва рағбатлантириш мақсадида Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилиб, шу кунга қадар 424 иқтидорли қиз ушбу мукофот билан тақдирланди.

Ижтимоий қийин вазиятдаги хотин-қизларнинг олий таълим олишга интилиши давлат томонидан қўллаб-қувватланди. Қўмита тавсияномаси асосида 5 мингга яқин хотин-қиз олий таълимга имтиёз асосида қабул қилинди. Магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари қоплаб берилмоқда. ОТМ, техникум ва коллежларда, сиртқи ва кечки таълимда ўқиётган хотин-қизлар контрактларини тўлаш учун 7 йилга фоизсиз кредит бериш тизими жорий этилди.

2021 йилдан бошлаб ҳар ўқув йилида ёлғиз аёллар ва боқувчисини йўқотган қизларнинг олий таълимдаги контракт-тўловларини қоплаб бериш тизими жорий этилди.

Хотин-қизларнинг муаммоларини “фуқаробай” ҳал этиш ва уларни рози қилишга қаратилган “Аёллар дафтари” тизими яратилди. Хусусан, бу тизимнинг дастлабки уч босқичида 1 миллион 500 мингдан зиёд хотин-қизга амалий ёрдам кўрсатилди ва ушбу ишларга 3,2 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди. Бугунги кунда 4-босқичда 1 миллион 680 эҳтиёжманд хотин-қизнинг 719 минг 697 нафарига амалий ёрдам берилди.

Ўтган йиллар мобайнида 26 минг 300 боқувчисини йўқотган оила, ёрдамга муҳтож хотин-қизлар уй-жой билан таъминланди. 17 минг 461 нафарига ижара компенсацияси тўлаб берилди, 12 минг 861 нафарининг уй-жойи таъмирланди.

Мураккаб жарроҳлик операцияларига муҳтож 3,5 мингга яқин хотин-қизга 57,9 миллиард, ногиронлиги бор оғир вазиятдаги 33 мингдан ортиқ хотин-қиз ва болаларга реабилитация воситалари учун 32,6 миллиард сўм ажратилди.

“Фаровон оила — жамият равнақининг асоси” деган концептуал ғояни ижтимоий ҳаётга изчил татбиқ этиш, оила институтини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси қабул қилинди. Ҳар бир маҳаллада “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси” самарали фаолият кўрсатмоқда. Туман ва шаҳарларда “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари” ташкил этилди.

Давлат ташкилотларида узоқ йил фаолият олиб борган, ташаббускор, бой ҳаётий тажрибага эга бўлган 150 мингга яқин фаол ва фидойи аёлларни ўзига жамлаган “Оқила аёллар” ҳаракати ташкил этилди. Оилавий низолар ечимига медиация усуллари билан ёндашув кучайтирилди.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга берилган даъволар юзасидан давлат божи тўлашдан озод қилинди. Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда оилани мустаҳкамлаш борасидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш белгиланди. Хотин-қизларни кафиллик асосида муддатидан олдин жазодан озод этиш тизими яратилди.

“Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши натижасида халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистон оиладаги зўравонликни қонунга алоҳида жиноят сифатида киритган давлатлардан бирига айлангани эътироф этилди.

Охирги 2,5 йил мобайнида тижорат банклари ва Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан 496 мингдан зиёд хотин-қизга оилавий тадбиркорликни ривожлантириши учун 9,7 триллион сўм кредит ажратилди. 108 мингдан зиёд хотин-қизга асбоб-ускуналар харид қилиш учун субсидия ажратилди. 14 та ҳудудий Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ташкил этилди.

Ўз меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун касб-ҳунар ва тадбиркорликни ўрганиш иштиёқида бўлган 523 мингдан зиёд хотин-қиз “Ишга марҳамат” мономарказларида, касб-ҳунар мактабларида, ҳудудий хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида меҳнат бозори талаб этаётган касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Хотин-қизларга ўзи яшаётган маҳалласида касб-ҳунар ўрганиш, ҳунармандчилик ва касаначиликка жалб этиш мақсадида 605 маҳаллада хотин-қизлар бандлигини ошириш ва саломатлик марказлари ташкил этилди. Жорий йилда жами 1595 маҳаллада шундай марказлар барпо этилиши режалаштирилган.

Қисқа муддатда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоялаш, фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган бундай ишлар ва эришилаётган натижалар халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотаётгани шубҳасиз.

Жорий йил 5–6 июль кунлари “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро форум бундан далолатдир. Тадбирда Швейцария, Сингапур, Миср, Қозоғистон, Россия, Италия, Туркия, Қирғизистон ва бошқа мамлакатлардан нуфузли меҳмонлар, Ўзбекистондаги халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари, маҳаллий раҳбар аёллар ва фаол хотин-қизлар иштирок этади.

Форумдан бир қатор муҳим натижалар кутилмоқда. Жумладан, иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида хотин-қизлар фаоллигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади ва бу борадаги саъй-ҳаракатлар, имкониятлар умумлаштирилади. Хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳаларида халқаро стандартлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти янада такомиллаштирилади. Гендер сиёсатининг турли соҳалари бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболли йўналишлари белгиланади. Хотин-қизларнинг жамият ҳаётида муҳим қарорлар қабул қилишдаги иштирокини янада ошириш, улар иқтисодий имкониятлари ва тадбиркорлигини ривожлантириш учун ҳамкорлик режалари тасдиқланади. Шу билан бир қаторда, форум доирасида ҳамкорликка оид бир қатор ҳужжатларни имзолаш кўзда тутилган.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, оилаларни мустаҳкамлаш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда. Зеро, аёл қадри, инсон қадри улуғланган юртда тинчлик ва фаровонлик, аҳиллик ва барака барқарор бўлади.

Озода ПАРПИБОЕВА,

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси