Яъни, умумий наркоз остида хотира маълумотларни танлаб ишлайди: воқеаларни онгли равишда эслаб қолиш тўхтайди, аммо мия хотираларни шакллантирмасдан, товушлар ёки нутққа оид маълумотларни қайта ишлаш қобилиятига эга бўлади.

Умумий наркоз остида биз ҳеч нарсани ҳис қилмаймиз ва бизга нима бўлаётганини умуман англамаймиз ҳам. Аммо, бу – мия ташқаридан келадиган сигналларни умуман қабул қилмай қўяди дегани эмас. Мутахассисларга маълумки, наркоз ҳолатида ҳам товушларга дастлаб бош миянинг қайта ишловчи соҳалари жавоб қайтаради. Ёки бошқача айтганда, товушга жавобан уларнинг нейронларида ўзига хос фаоллик пайдо бўлади.

Яқинда “Nature” (“Табиат”) журналида умумий наркоз остида миянинг хотира ва нутқ таҳлили билан шуғулланадиган қисмлари ҳам фаоллик кўрсатиши ҳақида мақола чоп этилди. Бундай тажриба эпилепсия туфайли операция қилиниши керак бўлган етти нафар кўнгилли бемор билан ўтказилди: баъзи ҳолларда эпилепсия жарроҳлик йўли билан даволанади, мияни эпилептик ритмларни ишлаб чиқара бошлаган бузилган нейронлар тўпламидан халос қилади. Шу билан бирга, бундай беморлар (албатта, уларнинг розилиги билан) нейробиологик тадқиқотларда иштирок этишлари мумкин. Операция тирик инсон миясидаги ўзгаришларни текшириш имконини беради.

Операция қилинганлар пропофол (замонавий махсус дори воситаси) ёрдамида умумий наркозга солинди. Улардан учтасига бир хил тебраниш частотасига эга товушлар бошқача тебраниш кучига эга товушлар билан алмашиниб, такрорланувчи товушлар сериясини эшитиш имконини беришди. Тадқиқотчиларни хотиранинг асосий марказларидан бири бўлган гиппокамп бу товушларга қандай жавоб қайтариши қизиқтирди. Ўн дақиқа ичида гиппокамп турли товушларга турлича жавоб бера бошлади. У товушлар билан эмас, балки хотира билан шуғулланар экан, гўё гиппокамп бу товуш кетма-кетлигини ўрганиб олгандек кўринарди. Қолган тўрт нафар наркоз остида бўлган беморга ўн дақиқалик подкаст қўйилди. Уларда нутқ билан ишлайдиган мия қисмларидаги нейронлар кузатилган. Маълум бўлишича, бу нейронлар от туркумидаги сўзларни бошқа сўзлардан ажрата олиш қобилиятига эга ва кейинги сўз қандай жаранглашини тахмин қилишга ҳаракат қилишган (афтидан, энг эҳтимолий контекстга асосланиб).

Гиёҳвандлик (наркотик) моддалари миянинг турли қисмлари ўртасидаги мувофиқлаштирилган ахборот алмашинувини тўхтатади. Бундай ҳолатда ягона маълумотлар тармоғи бузилиши билан онг ҳам “ўчиб” қолади. Бироқ, айрим зоналар ишлашда давом этади ва ҳатто ташқаридан сигнал етказиб берувчилар билан алоқани сақлаб қолиши мумкин. Пропофол дори воситаси умумий наркоз учун ягона восита эмас ва эҳтимол, шунга ўхшаш тажрибани бошқа гиёҳванд моддалар билан ҳам ўтказиш керакдир. Эҳтимол, янги натижалар умумий наркоз остида нима содир бўлишини (чунки бу борада тўлиқ аниқлаш керак бўлган нарсалар кўп), комадан ҳеч бир йўл билан чиқолмаётганларни ҳушига қайтариш имкони бор-йўқлигини яхшироқ чуқурроқ тушунишга ёрдам бериши мумкин, деб ёзади nkj.ru.