Аҳолиси 96 минг нафарни ташкил этувчи Ховос тумани Сирдарё вилоятининг қадимий ва бой тарихга эга. Тарихий манбалар ва археологик тадқиқотлар Ховос 2 500 йиллик тарихга эга эканлигидан далолат беради. Бугунги келиб эса замонавий ва кўркам қиёфа касб этган Ховос тумани вилоят маркази Гулистон шаҳридан 30 километр узоқликда жойлашган. Туман ҳудуди Тожикистон Республикаси, Тошкент ва Жиззах вилоятлари билан чегарадош. Туманда мавжуд 27 та маҳаллаларда ўндан зиёд миллат вакиллари аҳил-иноқликда яшаб келишмоқда.
Ана шундай аҳил-иноқликда умргузаронлик қилаётган халқимизга давлат хизматларини сифатли, тезкор ва шаффоф тарзда кўрсатишга бел боғлаган марказ ходимлари энди янги ва кўркам бинода фаолият олиб боради.
«Мега лидер» МЧЖ қурувчи-бунёдкорлари томонидан қурилган янги бинонинг умумий майдони 1 200 квадрат метрни ташкил этади. Замонавий архитектура ечимларини ўзида мужассам этган бино энг замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган. Марказга ташриф буюрувчиларга кенг ва ёруғ, шинам хизмат залида қулай шароитларда хизмат кўрсатилади. Электрон навбат тизими 2 та мониторда акс этиб туради, 8 та қабул ойнасида кўрсатиладиган хизматларда шаффофлик асосий мезон саналади.
Ховос тумани Давлат хизматлари маркази бир кунда ўртача 50-100 нафар фуқарога давлат хизматлари кўрсатиш қувватига эга. 2020 йилнинг ўтган даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 15 мингдан зиёд давлат хизматлари кўрсатилди.
Бинода тадбиркорлар учун бош вазир қабулхонаси, Халқ қабулхонаси, туман адлия бўлими, секторлар учун алоҳида хоналар ажратилган. Шунингдек, марказда банк кассаси ҳам ташкил этилган. Кутиш залида эса китоб жавони мавжуд бўлиб, фуқаролар бу ерда бадиий китобларни мутолаа қилиш имкониятига эга бўлади. Бу ерга фарзандлари билан ташриф буюрган ота-оналар учун ёрқин рангларда жиҳозланган болалар майдончаси кичкинтойларнинг вақтларини мазмунли ўтказишга ёрдам беради.
Марказда электрон навбат тизими жорий этилган бўлиб, ташриф буюрувчиларнинг навбати мониторларда кўриниб туради. Мавжуд мониторлар орқали эса давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги янгиликлар, давлат хизматлари олиш тартиблари тўғрисидаги роликлар мунтазам намойиш этиб борилади.
Дилфуза Жарбекова,
Давлат хизматлари агентлиги
Сирдарё вилоят бошқармаси
Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар
шўъбаси ходими.