Жорий йил 17 августда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги раислигида видеоконференция шаклида ахборот алмашиш учун Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Ягона электрон платформасини яратиш бўйича Концепция лойиҳасини келишиш бўйича экспертлар гуруҳининг (1чи) йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбир МДҲ Ижроия қўмитаси томонидан ташкил этилган бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идоралари экспертлари билан бир қаторда Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Республикалари, Россия Федерацияси, шунингдек МДҲ Ижроия қўмитаси ва тармоқ ҳамкорлиги органларининг ваколатли вакиллари ва экспертлари иштирок этди.

Очиқ ва конструктив мулоқот руҳида ўтган йиғилиш чоғида томонлар Концепция лойиҳаси матни юзасидан фикр алмашиб, ўз таклифларини тақдим этди.

Умуман олганда томонлар Концепция лойиҳасини қўллаб-қувватлади ва ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасида электрон ҳужжатлар алмашинувини амалга ошириш имконини берадиган ҳуқуқий ахборот алмашиш учун МДҲ Ягона электрон платформаси ўз вақтида яратилаётгани ва мақсадга мувофиқлигига доир фикрда якдил.

Йиғилиш якунлари бўйича томонлар эксперт гуруҳининг кейинги йиғилишида Концепция лойиҳасини муҳокама қилиш борасидаги ишларни давом эттиришга келишиб олди, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 18 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев томонидан МДҲ Давлат раҳбарлари Саммити давомида ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасида координацияни кучайтириш ва ҳуқуқий ахборот алмашиш учун Ягона электрон платформани яратиш ташаббуси илгари сурилди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур ташаббусини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан алоқадор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ахборот алмашиш учун Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Ягона электрон платформасини яратиш бўйича Концепция лойиҳаси тайёрланиб, янада такомиллаштириш учун МДҲ Ижроия қўмитасига юборилди.