Мажлисда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Аҳолини ичимлик суви билан таъминлашдаги муаммолар юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан берилган қўшимча ахборот муҳокама қилинди. Унда айтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 804-сон қарорида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан жорий йил бошидан бугунги кунгача сув таъминоти корхоналари томонидан хорижий кредитлар бўйича 139,3 миллиард сўмлик мажбуриятлар бажарилган. Жами 1 729 та объектларда қурилиш ишлари олиб борилиб, 20 363,6 километр ичимлик ва оқова сув тармоқлари қурилган ҳамда реконструкция қилинган.

Ичимлик суви таъминоти объектларини қуриш ва реконструкция қилишни назоратга олиш мақсадида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан «Smart qurilish» электрон платформаси орқали «онлайн» режимда назорат ишлари олиб борилмоқда ҳамда соҳада коррупциянинг олдини олиш ва тендер савдолари жараёнида шаффофликни таъминлаш мақсадида комплаенс тизими жорий этилган.

2021 йил январь-май ойларида 97,6 минг абонент (ёки 258,2 минг нафар аҳоли) ва 342 та юридик корхоналар билан икки томонлама шартномалар тузилган бўлиб, улар «Watercontrol» биллинг дастурига киритилган.

Жорий йилнинг январь-май ойларида ҳудудий сув таъминоти корхоналари томонидан ичимлик сув тармоқларига 367 та ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланиб, жами 1,4 миллиард сўмлик зарар ундирилган.

Маълумотлар шаффофлигини таъминлаш мақсадида истеъмолчилар шахсий кабинети (cabinet.uzst.uz) саҳифаси яратилган.

Шунингдек, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.

Қонунда истеъмолчи ва сотувчи (ишлаб чиқарувчи, иш ва хизмат кўрсатувчи) ўртасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг янгича механизмлари, шартномавий муносабатларда истеъмолчига ўзининг қонунчиликда белгиланган талабларини қаноатлантиришда устувор ҳуқуқ берилиши, ишлаб чиқарувчи ҳақидаги, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари ва умуман, товар тўғрисидаги ахборотни истеъмолчиларга давлат тилида етказилиши ва шартномага истеъмолчининг қонунчиликда назарда тутилган ҳуқуқларини камситадиган шартларни киритишга йўл қўйилмаслиги каби янги талаблар киритилгани тўғрисида маълумот берилди.

Кўрилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати.