Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Робот технологиялари — замонавий тиббиётнинг келажаги. Шу боис, Президентимиз ўтган йили соҳа ходимлари билан бўлган учрашувда ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари олдига ушбу илғор рақамли ечимларни амалиётга кенг татбиқ этиш вазифасини қўйган эди.
Эътиборлиси, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази давлатимиз раҳбарининг ана шу топшириғи асосида биринчилардан бўлиб робот-ассистентли хирургик тизимни йўлга қўйди.
Бу эса Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими тарихида муҳим воқеа бўлди. Шу тариқа мазкур марказ бундай замонавий технологияни амалиётга жорий этган навбатдаги давлат даволаш муассасасига айланди.
Бугун ушбу муҳим воқеага бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Бобоев иштирок этди.
Шунингдек, тақдимотда барча вилоят кўп тармоқли шифохоналари хирургия бўлимлари ходимлари видеоконференц-алоқа орқали қатнашди.