Тошкент вилояти экология бошқармаси ижтимоий тармоқларда Янги Ангрен ИЭС билан боғлиқ акс этган мурожаат бўйича ўрганганини маълум қилди.
Таъкидланишича, текшириш давомида атмосфера ҳавосига ташланаётган зарарли моддалар белгиланган меъёрларга нисбатан юқори эканлиги аниқланди. Шу билан бирга, чанг газ тозалаш ускуналари (филтирлари) самарадорлиги 80 фоизга тушиб кетган.
Мазкур ҳолат бўйича атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантирганлиги учун 887 миллион, саноат чиқиндиларини белгиланмаган жойга жойлаштирганлиги учун 116 миллион, жами 1 миллиард 3 миллион сўм компенсация тўловлари ҳисобланди.
Бундан ташқари 11 нафар мансабдорга нисбатан тегишли чоралар кўриш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилинди. Шунингдек, атмосфера ҳавосини ифлосланишини олдини олиш бўйича чанг газ тозалаш ускуналарини ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.