Қайд этилишича, ушбу ҳудуддаги лойиҳалар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.

Ташриф давомида лойиҳаларни ишга тушириш ва уларнинг тўлиқ қувватда ишлашига тўсқинлик қилаётган инфратузилмавий ҳамда молиявий масалалар жойида кўриб чиқилиб, тегишли топшириқлар берилди.

“Янги Авлод” махсус саноат зонасида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар — JAC автомобилларини ишлаб чиқариш, “DPW Tashkent” логистика терминали ва “Health Line” бир марталик тиббий буюмлар ишлаб чиқариш ташаббуслари ҳамда зонанинг умумий ривожланиш динамикаси ўрганилди. Ушбу зонага 835 миллион доллар сармоя киритилиши ва 9 мингта иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Асосий вазифалар сифатида ҳудуддан ўтган юқори босимли газ қувури ва 110 кВ электр тармоқларини кўчириш ишларини жадаллаштириш, шунингдек ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан боғлиқ муаммоларни тезкор ҳал этиш белгиланди.

Қиймати 135 миллион доллар бўлган “JAC Motors Tashkent” МЧЖ лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Йилига 30 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга мазкур корхонанинг биринчи босқичи 2026 йилда ишга туширилиши режалаштирилган. Кутилаётган экспорт ҳажми 5 миллион долларни ташкил этади.

Шунингдек, қиймати 288 миллион долларлик “DPW Tashkent” МЧЖ лойиҳаси доирасида мультимодал логистика терминали ва “А” тоифали автоматлаштирилган омбор тизими барпо этилиши кўзда тутилган. Лойиҳа йиллик 157 мингта контейнер айланмасини таъминлаш, 60 минг квадрат метр омбор майдонлари яратиш ва 345 та иш ўрни ташкил этишни назарда тутади.

Қиймати 50 миллион долларлик “Health Line” МЧЖ лойиҳаси доирасида эса бир марталик тиббий буюмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий корхона барпо этилиб, йилига 1,4 миллиард дона маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати яратилади. Ушбу лойиҳа 520 та янги иш ўрни яратиш имконини беради.

Бундан ташқари, комиссия қиймати 25 миллион доллар бўлган “Ogneupor” МЧЖнинг оловбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда “Янги Ҳаёт” индустриал технопаркида жойлашган “Accord Vision” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган “Comfi” қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини ҳам кўздан кечирди.

Газ ва электр таъминоти, кредит ажратиш ҳамда компенсация тўловларини босқичма-босқич тартибга солиш юзасидан мутасадди ташкилотларга аниқ топшириқлар берилди.