Шу кунларда ҳудудларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини ўз вақтида якунига етказиш бўйича кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Нурафшон шаҳри марказида жойлашган “Амфитеатр” биносини қайта таъмирлаш ва атрофини яшил майдонга айлантириш борасидаги ишлар қизғин босқичга кирди. Мазкур жараёнларни кенг жамоатчилик, ҳудудга келиб кетувчилар кузатиб бораяпти.
Бугун Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев бошчилигидаги вилоят сектор раҳбарлари ва тегишли масъуллар бу манзилда олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш жараёнларини яна бир бор кўздан кечиришди.
Зойир Мирзаев бу ерда юзага қалқиб чиқаётган камчиликлар юзасидан масъулларга топшириқ ва кўрсатмалар берди.
— Аслида бу ерда амалга оширилиши режалаштирилган ишларни қисқа муддатда тугатиш керак эди. Афсуски, жараёнлар билан қайта танишиб, шунга амин бўлдимки, оддий нарсаларда ҳам камчиликлар кузатилаяпти. Одамларнинг диди, уларнинг талаби аввалгидан анча ўзгарган. Арча экиш билан иш битмайди. Йўлак бўйлаб каштан, берёза, лола дарахтлиларини экишимиз керак. Айниқса, лола дарахтининг атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашда, одамларнинг баҳру дилини очиб, саломатлигини мустаҳкамлашда фойдали томонлари жуда кўп, — деди жумладан Зойир Мирзаев.
Вилоят раҳбари бу ерда олиб борилаётган ишлар Янги йил шукуҳи ва завқига ҳамоҳанг бўлиши лозимлигини ҳам алоҳида қайд этди ва “Амфитеатр” атрофида ташкил этилган боғда манзарали дарахт кўчатларини экиш жараёнида ҳам иштирок этди.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
"Янги Ўзбекистон" мухбири