Маҳалла фаоллари ва ота-оналар иштирок этган тадбирда туман ҳокими Шерали Саломов барчани ана шундай замонавий иншоот билан табриклаб, болалар учун яратилган шарт-шароит хусусида тўхталди ва хусусий тадбиркор Ферузбек Самадовнинг кейинги фаолиятига омад тилади.
100 нафар бола тарбияланадиган нодавлат хусусий боғчани қуриш ва жиҳозлаш мақсадида тижорат банкининг қўллаб-қувватлаши билан 2 миллиард сўм маблағ сарфланиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари “Тимурбек-Строй сервис” МЧЖ бунёдкорлари томонидан амалга оширилди. Кичкинтойларнинг болалик завқу-шавқини суришлари, маълум билим ва кўникмаларга эга бўлишлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилди.
Натижада иншоотда фаолият юритадиган 4 та ёш гуруҳидаги болалар учун машғулот ва ўйин хоналари, ошхона, мусиқа зали, услубхона, руҳшунос, жисмоний тарбия йўриқчиси хоналари алоҳида жиҳозланди. Шунингдек, ушбу таълим муасасасида 22 нафар педагог ходим фаолият юритмоқда. Кундалик машғулотлардан ташқари рус, инглиз тили, шахмат, шашка, расм чизиш, бадиий гимнастика тўгараклари ҳам фаолият кўрсатмоқда.
-Тарбияланувчиларга белгиланган стандартларга мувофиқ, сифатли дарс машғулотлари, тўйимли ҳамда фойдали таом ва егуликлар тайёрлаб берилмоқда. Энг муҳими, бу ердаги шароитлар — болаларнинг ўйин майдончалари, овқатланиш, ювиниш, дам олиш хоналари ота-оналаримизнинг талабларига мос. Бу фарзандларимизнинг сифатли бошланғич билим олишлари, ҳар томонлама соғлом ўсиб-улғайишига хизмат қилади – , дейди туман Мактабгача таълим бўлими мудири ўринбосари Гўзал Тангриева.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 5 апрелдаги “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган имтиёзлар мазкур соҳада тадбиркорлик фаолиятини юритишни мақсад қилган ишбилармонлар сафи кенгайишини таъминламоқда. Натижада соҳада соғлом рақобат муҳити шаклланиб, таълим-тарбия сифати ошишига замин яратилмоқда.
Маълумот ўрнига шуни айтиш жоизки, Қоракўл туманида 31 та давлат, 9 та давлат хусусий-шерикчилиги ва 55 та оилавий шаклдаги мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритмоқда. Туманда 3-7 ёшдаги болалар 13 201 нафар бўлса, бугунги кунда уларнинг 5676 нафари мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган.
Раббонқул МУХТОРОВ,
Қоракўл тумани ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари