Олий таълим тизимидаги туб ислоҳотлар, ўқитиш сифатини кўтаришга қаратилган ўзгаришлар, мамлакатда биринчи маротаба давлат ОТМларга молиявий ва академик мустақиллик берилгани, илм аҳли, хусусан, ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатдан озод этилгани, шаъни, қадр-қиммати Конституциямиз даражасида мустаҳкамлангани, бюрократик тўсиқлар олиб ташланиб, илм учун кенг ижодий муҳит яратилгани самара бермоқда. Бундай эътибор ва ғамхўрлик ёшларни астойдил ўқиш, ишлаш, янгиликлар қилиш, маррани баланд олиш, Ватанга садоқат билан хизмат қилишга ундаяпти.

Тизимда сифат ва самара учун мустаҳкам устун яратилди. Энг муҳими, ҳар бир оиланинг фарзанди олий маълумот олиши учун кенг имконият мавжуд. Ёшларни олий таълимга қамраб олиш даражаси кескин ошди. Натижада ҳар йилгидан кўра анча кўп ёшларнинг юрагидаги талаба бўлиш орзуси рўёбга чиқмоқда.  Биргина мисол: бундан олти йил аввал Фарғона давлат университети талабалари сони 10 мингга ҳам етмасди. Айни пайтга келиб, ОТМда 32 мингдан зиёд йигит-қиз таълим оляпти.

 ОТМлар фаолиятидаги ислоҳотлар натижаси Фарғона давлат университети фаолиятида ҳам яққол кўринади. Яқинда Испаниянинг Webometrik, Австралиянинг UniRank, Грузиянинг RUR каби нуфузли халқаро рейтинг ташкилотлари рўйхатида юқорилаётган университетимиз куни кеча Буюк Британиянинг машҳур ва нуфузли “THE” (Times Higher Education) агентлиги рейтингидан 14 индикатор бўйича юқори ўринга эга бўлди.

Мамлакатимиздаги қатор ОТМларга академик ва молиявий мустақиллик берилгани профессор-ўқитувчилар учун эркин илмий-ижодий муҳитнинг қарор топишида муҳим аҳамият касб этди. Бу орқали олийгоҳларда молиявий ва академик барқарорлик таъминланди. Мустақил равишда янгича, жаҳон стандартлари асосида ўқув режалар, инновацион дастурлар ишлаб чиқилди. Фан аҳлининг илмий ёндашувлари буткул янгилана бошлади. Тизимдаги барча йўналишлар мустаҳкам илмий ва моддий асосга эга бўлди. Зеро, илмнинг ўзи ҳам концептуал асосга кўчирилди. Натижада самарадорлик ортиб, олий таълимнинг инвестициявий жозибадорлиги кўрина бошлади ва илмнинг тижорийлашувига имкон яратилди.

Магистратура босқичида тўлов-контракт асосида таълим олаётган хотин-қизлар шартнома пулининг давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши қанчадан-қанча сингилларимизга катта ммоддий-маънавий ёрдам бўлди. Бу халқимиз орасида юрадиган бир ҳикматли гапга айнан мос тушди: “Агар ўғлингни ўқитсанг, ўзингга яхшилик қилган бўласан. Агар қизингни ўқитсанг, миллатга яхшилик қилган бўласан”. Демак, биргина шу ташаббус орқали миллатга, келажак эгаларига эзгулик улашилди.

Олийгоҳлар ўқув жараёнига халқаро янги метод — кредит-модуль тизими жорий этилди ва ҳар бир талаба учун ўзини-ўзи ижобий тарафга ўзгартириш, шахсий ривожлантиришга эришиш стратегияси амалга оширилмоқда. Яъни шахсни ўз изланиши билан фаоллаштириш орқали сифатли таълимга эришиш йўли белгиланди. Бу аниқ стратегияга асосланган тизим орқали кўплаб коррупцион ҳолатлар йўқ қилинди. Фаолиятимизга татбиқ этилган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси жамоамиз кучига куч қўшиб, салмоқли илмий изланишларга ундамоқда. Натижада ўтган йили университетда 85 та диссертация ёқланган бўлса, жорий йилда 100 тага етиши кутилмоқда. Қувонарлиси, тадқиқотчиларнинг аксарияти ёшлар. Демак, ислоҳотлар куч бериб, ёшларимиз илмга қайтди. Айниқса, иқтидорли йигит-қизлар билан ишлаш тизими, уларни тўғри селекциялаш, индивидуал тартибда ишлаш жонланди. Бунинг натижасида Фарғона давлат университетидан 18 нафар стипендиант етишиб чиқди.

Инклюзив таълимга қаратилган эътибор кўплаб ёшларнинг яккаланиб қолмаслиги, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида шаклланиши ва камол топиши учун муҳим кафолат бўлмоқда. Университетимизда Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, тўлиқ давлат таъминотидаги чин етимлар, “Темир дафтар”га киритилган оила фарзандлари қатори ногиронлиги бўлган йигит-қизлар ҳам таълим олиб, моддий рағбатлантирилмоқда.

Бугун Фарғона давлат университетининг сиртқи таълим шаклида ҳам ўқиб, ҳам ишлаб даромад топаётган талабалар сони 5 минг нафардан ошди. Улар олий таълим муассасамизда — ёнимизда ишламоқда. Аксарияти олийгоҳга ажратилган “Оқбилол”, “Дўстлик” ўқув-тажриба агроучасткаларида ишлаб, чорвачилик, асаларичилик, гулчилик, анорчилик, боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик ҳамда биогумус етиштиришни йўлга қўйган. Ҳудудий интеграция ишлари самарали давом этиб, маҳаллий корхона ва йирик агрокомпаниялар, вилоятдаги саноат марказлари, заводлар, фермер хўжаликлари, кластерларда ишлаб келаётган юзлаб талабалар ҳақиқий амалиётни кўряпти ва тажриба тўпламоқда.

Инсонпарвар қонун ва қарорлар талабаларни ҳар томонлама суяб, илм олишида кучли тиргак бўлаётир. Айнан шу имкониятлар асосида олийгоҳимизда 1,5 мингдан ортиқ ёшга мўлжалланган қўшимча шинам ва замонавий талабалар турар жойлари барпо этилди. Яна янги қурилиш ишлари жадал давом этмоқда.

Мамлакатимизнинг интеллектуал қиёфасини намоён этаётган ёшлар бугун олийгоҳни ўз уйи, ота-онасидек қадрлашни ўрганди, билимга астойдил меҳр қўйди. Бу ўзгаришлар таълимнинг қайси бўғинида содир бўлмасин, тизимдаги кўрсаткичлар ҳали Ўзбекистонда маърифат, илм-фан учун учун Ренессанс даврининг ибтидоси экани ва келгусида ёшларимизни бундан-да катта имкониятлар кутаётганини бугун ҳамма теран англаб етмоқда.

Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

Фарғона давлат университети ректори,

педагогика фанлари доктори, профессор