Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида ўтган вақт давомида Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, вилоятнинг 6 та ҳудудида Давлат хизматлари марказларининг филиаллари фаолияти йўлга қўйилди. Уларда марказ ходимлари ҳафтада икки кун фуқароларга давлат хизматлари кўрсатиб келмоқда.

Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги олдидан Пайариқ туманидаги Хўжа Исмоил МФЙ биносида ҳам марказнинг янги филиали ишга туширилди. Унда фуқароларга сифатли хизмат кўрсатиш учун барча шарт-шароит мавжуд.

Таъкидлаш керакки, ушбу маҳалла фуқаролар йиғини туман марказидан 30 км. узоқликда жойлашган. Ҳудудда 5 та маҳалла, 15 та қишлоқ мавжуд бўлиб, уларда қарийб 21 минг аҳоли истиқомат қилади. Бу эндиликда улар ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб туман марказига бормасдан, 150 дан ортиқ давлат хизматларидан ўз яшаш жойларидан чиқмаган ҳолда фойдаланиш имконига эга деганидир.

— Жорий йилнинг бошидан бугунга қадар 500 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди, — дейди ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси масъул ходими Хуршид Мухторов. — Шу жумладан, кўрсатилган хизматларнинг 5 мингдан ортиғи вилоятдаги филиаллар ҳиссасига тўғри келади. Шундан Пайариқ туман ДХМ томонидан 23 953 та давлат хизматлари кўрсатилган. Яъни туманда давлат хизматларига бўлган талаб юқорилаб бормоқда. Агар туманда қарийб 70, 80 километрлаб олисда жойлашган қишлоқлар мавжудлигини инобатга олсак, филиалларга бўлган талаб ҳам юқорилигини кўрамиз. Ушбу очилган филиал эса ана шу талабнинг маълум қисмини таъминлашга хизмат қилади, деган умиддамиз.

Филиал очилишида сўзга чиққанлар ҳам мустақиллик берган бундай имкониятлар, хусусан, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш соҳасидаги ютуқлар, фуқароларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, уларни бугуни ва эртасидан рози қилиш йўлида амалиётга татбиқ этилаётган бу каби ислоҳотлар бесамар кетмаслигини таъкидлаб, шу ишларга бош қўшаётганларга миннатдорчилик билдиришди.

Пресс-тур давомида журналистлар ва тадбир иштирокчилар филиалда яратилган шарт-шароитлар билан таништирилиб, ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан фуқароларга сифатли ва шаффоф давлат хизматлари кўрсатиш борасида қўл урилаётган янгиликлар, қилинаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.