“Яхши қонунлар урф-одатлардан туғилади”

Машхур француз ёзувчиси Жозеф Жубер яхши қонунлар урф-одатлардан туғилади, деб таъкидлаган ўз даврида. Дарҳақиқат, Соҳибқирон Амир Темур ҳам ҳукмронлиги даврида урф-одатларга риоя қилишни каттиқ талаб қилган. Уни бузган ёки унга бўйсунмаган кишиларни беаёв жазолаган. Ҳатто урф-одатларни идора этиб турувчи махсус қозиси ҳам бўлган. Бу вазифани бажарувчи ахдас қозиси деб аталиб, урф-одатларни назорат қилиб, бировни нохақ хафа қилган, тошу тарозидан урган, шароб ичган, зино ишлар қилганларни қаттиқ жазолаган. Шу аснода адолат ўрнатилган, десак ҳам муболаға бўлмас.

Ўтмишда Наврўзнинг илк кунларида қишлоқ жойларида болалар тўп-тўп бўлиб хонадонлар эшиги олдида қўшиқлар ҳиргойи қилишган. Хонадон эгаси уларни совға-салом ва егуликлар билан сийлаган. Болалар егуликларнинг бир қисмини қишлокдаги бева-бечораларга улашишган. Бу удум ҳозир ҳам Самарканд ва Жиззах вилоятларининг айрим қишлоқларида сақланган.

Шарқона янги йил урф-одатларидан яна бири бу қарсак деб аталиб, ўтмишда ўзбек ва тожик халқлари орасида кенг тарқалган қўшиқ жанри, эркаклар ва аёллар давра ўйин-қўшиғи саналади. Енгил, жозибали, ўйин ва рақс ҳаракатлари ҳамоҳанг, якка ёки гуруҳ тарзида, доира жўрлигида (қўшиқ куйланишида қарсак ҳам жўр бўлади) ижро этилади. Қарсак ҳамда қийқириқ овозлар ёрдамида ўйин усули ҳосил қилинади. Бу удум Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида айниқса машҳур.

Наврўзнинг биз билган ва билмаган шифои комили

Сумалак албатта, баҳорий таомларнинг гултожи. У кўк сомсаю, чучваралар қатори кўкламнинг кўрки ҳисобланади.

– Мен 35 йилдан буён сумалак тайёрлайман. Шу йиллар мобайнида унинг шифобахш жиҳатларини жуда кўп кузатганман. – дейди Замирахон Нурмаматова (Фарғона шаҳар). – Масалан, буғдой шарбатини ёш аёл-қизлар юзга озиқлантириш, тиниқлаштириш мақсадида, қуруқ юз эгалари эса зайтун мойига қўшиб суртади. Бундан ташқари, ичаклардан шикояти борлар учун ҳам сумалакнинг биринчи қайнаб чиққандаги, шунингдек, қон босими кўтарилганда яхшилаб қайнагандаги шарбат кони фойда.

Миллий таомлар ҳақида сўз борганда воҳанинг, айниқса, Хоразмнинг кўк барак, илдирма, шивит оши каби кўклам таомлари ҳақида ҳам сўз айтиш жоиз. Шифокорларнинг таъкидлашича, бу таомлар тўйимлилиги билан бирга, юрак мушакларига қувват бағишлайди, буйрак ва жигар йўлларини тозалайди, асабни тинчлантиради, қон босимини нормаллаштиради, шунингдек, уйқуси бузилган кишиларга-да кони фойда. Маҳаллий ошпазларнинг айтишича эса, тетиклик бағш этувчи ёринжа (кўк) барак тухумбарак каби сувда қайнатиб пиширилади ва бу таом бошқа ҳудуларда ҳам турли усулда тайёрланади. Масалан, Қорақалпоқ ҳудудларида.

Биламизки, қардош Қорақалпоқ эли нафақат миллий либослари, тили, анъаналари ила, балки миллий таомлари билан ҳам тубдан фарқ қилади бошқа масканлардан. Ушбу ўлканинг наврўзлиқ гўже, жўхори гуртик, балиқ қарма, бийдай гуртик каби ўзига хос овқатлари билан бирга, кўк бараги ҳам эътиборингизни тортади.

— Бизда кўклам келганида асосан балиқли таомлар пиширилади. Аммо етти хил дондан тайёрланадиган наврўзлиқ гўже овқати ҳам ҳар йили анъанавий тарзда дастурхонга тортиқ қилинади. Бу таом етти хил дондан: мош, ловия, гуруч, макка, жўхори кабилар бир маромда камида 4-5 соат қайнатилган ҳолда тайёрланади ва у инсонга қувват бағишлайди, уни еган одам кун бўйи овқат емай ёки сув ичмаса ҳам бардам юради. – дейли Айжамал Жолдасбаева, шоира. – Шунингдек, кўк барак ҳам тўйимли, калорияли баҳорий таомлардан. Унинг хоразмча баракдан фарқи, улар баракни сувда қайнатиб оладилар, бизда эса шўрвали шаклда тайёрланади, яъни тайёр пишган шўрвага кўк бараклар солиб пиширилади.

Бир сўз билан айтганда, кўкламнинг биз билган ва билмаган сир-асрори кўп. Деҳқонларнинг ерга экин қадашидан тортиб, тўю маросимларгача борлиқ ҳодисалари билан боғлиқлиги, ҳам тўйимли, ҳам шифобахш миллий маҳаллий таомлари жаҳон аҳлининг эътиборини тортиб келаётир. Энг муҳими эса табиат инжиқлигига қарамай Наврўз тақдим этажак файзу барокат ҳамда элни бир мақсад остида бирлаштирадиган баҳорий ҳашар. Зеро, Наврўз меҳнат байрами ҳамдир. Шундай эмасми?

Юлдуз Ўрмонова