Ташриф кун тартибига мувофиқ, Транспорт вазирлигида халқаро автомобил ташувлари бўйича Ўзбекистон – Беларусь қўшма комиссияси мажлиси ўз ишини бошлади

Мажлисда томонлар транспорт логистика соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама этмоқда. Хусусан, автомобил транспортида халқаро юк ташувлари жараёнида миллий ташувчиларга қўшимча қулайликлар яратиш, хорижий рухсатнома бланкаларини ўзаро алмашиш квотасини кўпайтириш билан боғлиқ жиҳатлар кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, томонлар “Беларусь – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” янги мултимодал транспорт коридорини шакллантириш (яратиш) билан боғлиқ масалаларни муҳокама этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, кеча транспорт вазири Илхом Маҳкамов “China Energy Engineering Corporation” компанияси бошқарув раиси Сун Хайлян бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув ўтказиб, ҳамкорликда транспорт инфратузилмаси лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама этилган эди.

Сун Хайлян мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо бериб, компания ўзининг илғор тажрибасидан келиб чиққан ҳолда юртимизда ушбу соҳаларда давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган лойиҳаларда иштирок этиш ниятида эканлигини маълум қилганди.

Учрашув давомида хорижий меҳмонларга транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар ҳақида батафсил маълумотлар берилиб, тақдимотлар ўтказилди.