Бу ҳақда Транспорт вазирлиги маълум қилди.
Айни вақтда Яқин Шарқ минтақасида юзага келган ҳарбий ҳаракатлар туфайли Баҳрайн, Қувайт, Сурия, Ироқ, Эрон, Қатар ва Исроил давлатларининг ҳаво ҳудуди парвозлар учун ёпиқлигича қолмоқда.
Қайд этилишича, 28 февралдан 7 март соат 10:00 ҳолатига кўра, Мадина ва Жидда аэропортларидан 63 та авиақатнов амалга оширилиб, 13 543 нафар Ўзбекистон фуқароси Ватанга олиб келинди. Шунингдек, Дубай аэропортидан 9 та парвоз орқали яна 1 401 нафар фуқаро олиб келинди.
Хорижий авиакомпаниялар ҳам эвакуация ишларида иштирок этмоқда. Хусусан, Fly Nas авиакомпанияси томонидан Жидда – Тошкент ва Жидда – Наманган йўналишларида 5 та, Fly Dubai авиакомпанияси томонидан Дубай – Тошкент йўналишида 3 та рейс амалга оширилиб, жами 1 365 нафар йўловчи ташилди. Улардан 990 нафари Ўзбекистон фуқароларидир.
Маълум қилинишича, Яқин Шарқ мамлакатларида бўлиб турган фуқароларимизнинг қарийб 95 фоизи ушбу давлатларга турпакетлар асосида борган.
Шу билан бирга, айрим туроператорлар ва агентлар форс-мажор вазиятида ўз мижозлари билан алоқани узиб қўяётгани, йўловчиларни зарур маълумотлар билан таъминламаётгани танқид қилинмоқда. Ваҳоланки, турпакетлар таркибига меҳмонхона, авиақатнов, трансфер ва суғурта полислари киради.
Транспорт вазирлиги туроператорлар ва агентларни форс-мажор ҳолатларида ҳам истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш, мижозлар билан мунтазам алоқа ўрнатиш ва авиакомпаниялар билан ҳамкорликда уларни хавфсиз ҳудудларга олиб чиқиш чораларини кўришга чақирди.
Ҳозирда Қатар ҳудудида қолган фуқароларни Саудия Арабистонининг Ар-Риёд аэропорти орқали олиб чиқиш бўйича ташкилий ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, Саудия Арабистонининг Даммам ва Ар-Риёд аэропортларидан барча халқаро йўналишларда мунтазам авиақатновлар чекловларсиз амалга оширилмоқда.
Айни пайтда авиақатновларни ташкил этиш ишлари тизимли равишда давом этмоқда. Фуқаролардан эҳтиросларга берилмаслик ва ўз туроператорлари билан доимий алоқада бўлиш сўралди.
Алоқа учун (24/7): «Ўзавиация» штаби: 781200072; 712000765. ТИВ Call-маркази: 971365151.