Аҳолини уй-жой билан таъминлаш юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Бинобарин, мана шундай эзгу ташаббус ва бунёдкорлик туфайли мамлакатимиз бўйлаб юзлаб турар жойлар қад ростламоқда. Одамларнинг йиллар давомида ушалмаган орзулари рўёбга чиқмоқда.
Янги Наманган туманида жойлашган Мустақилликнинг беш йиллиги маҳалласи ҳудудида ҳам 2 та 5 қаватли 120 хонадонга мўлжалланган уйлар барпо этилди.
Ҳомийлик маблағлари асосида қад ростлаган ушбу турар-жойлар бугун ўз эгалари топширилди. Аҳамиятлиси, мазкур замонавий турар жойлар эҳтиёжманд, ёлғиз ҳамда кўмакка муҳтож бўлган аёлларга берилди.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ҳамда вилоят ҳокими ўринбосарлари, шаҳар, Давлатобод ва Янги Наманган тумани ҳокимлари, корхона ва ташкилот мутасаддилари, пойтахтдан ташриф буюрган маданият ходимлари, санъаткорлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Бу каби бунёдкорлик ишлари натижасида одамларнинг ҳаёти яхшиланиб, келажакка умид ҳисси янада кучаймоқда.